СОКИН ҲАЁТ ЗАВҚИ

ёхуд шовқиндан сақланинг!

Инсон кўплаб касаллик келтириб чиқарувчи омиллардан онгли равишда ҳимоялана олади. Айтайлик, ёмон сувни ёки озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслиги, чанг, тоза бўлмаган ҳаводан нафас олмаслиги, ўзи ёқтирмаган киши билан муомалада бўлмаслиги, шунингдек, меҳнат қилиш, дам олиш каби фаолиятларида ҳам унинг зарарли томонларидан сақланиши мумкин. Салбий омиллар ичида шундайи борки, уни кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайди ва бахтга қарши ҳамиша ҳам ундан тўлақонли сақланиш қийин. Бу – шовқин.

У меъёрдан ошганда одам организмига салбий таъсир қилади. Одатда биз ҳар қандай турдаги меҳнатдан чарчаганимизда сокинликни ва жимликни хоҳлаймиз. Бир йилда ишдан таътилга чиққанда ҳам тинч жойларда дам олишга ҳаракат қиламиз. Табиатда ва жамиятда зарарли шовқинлар билан бир қаторда фойдали товушлар ҳам бор. Тонгда булбулнинг ноласи, майин чалинаётган мусиқа ёки классик кўшиқлар оғушида, шамолда япроқларнинг шитирлашлари, дарё ва денгизларнинг тўлқин товушлари инсонлар асаб тизимини тинчлантиради ва ҳатто ундан даво сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Айниқса, ўзимиз ёқтирган мусиқа товуши жонга роҳат бағишлайди, дилимизни равшанлаштиради, кайфиятни кўтаради, ишчанликни оширади. Маълумотларга кўра кўпгина касалликларни ҳам майин мусиқа садолари ёрдамида даволаш мумкин экан. Шу боисдан “Ғамгин бўлсанг, дарёга бор”, дейишади. Дарёнинг оқиши, унинг тўлқинларидан пайдо бўлаётган сокин товушлар инсон руҳиятини тинчлантиради ва соғлиғига ижобий таъсир қилади.

Товуш аслида маҳсулот, худди электр токига ўхшаган, ишлаб чиқарилган вақтнинг ўзида ундан фойдаланилади. Аммо, меъёридан ошиб кетса, у ҳам зарарли чиқиндига ўхшаб қолади. Қаттиқ “тақиллаб” ёки “ғийқиллаб” очилган эшик ҳам одамнинг асабини бузади. Тинчгина уйда ўтирганингизда бирданига эшик қаттиқ “тақилласа” тасодифий хавотирга тушасиз. Одамлар бир-бирлари билан секин, паст ва майин овозда гаплашсалар улар тез бир-бирларини тушунадилар. Аммо, суҳбатдошлардан бири овозини кўтарса, иккинчи суҳбатдошнинг энсаси қотиб, “Нимага овозингни кўтарасан”, деб норозилик билдиради ва асаббузарликка олиб келади.

Бугун шаҳар кўчаларида шовқиннинг даражаси айрим маълумотларга қараганда 80 ДБ (децибелл)дан 100 ДБ га етган ва йилига 1 ДБ дан ўсиб бориши қайд этилади. Шовқин организмга зарарли таъсир этади, дам олишга ва ишлашга халақит қилади.

Яна ўқинг:  БАКТЕРИЯЛАР кони

Кўп қаватли уйларда, кўчаларда, енгил машиналарда, жамоат транспортларида ҳаддан ташқари мусиқани баланд қўйиш ҳам одамларнинг асабига салбий таъсир қилади ва соғлиғини издан чиқариши мумкин. Олдинлари шовқиннинг фақат эшитиш аъзоларига салбий таъсири ўрганилган бўлса, бугун унинг сезги аъзоларига, юрак қон-томир, марказий асаб ҳамда овқат ҳазм қилиш тизимларига, вестибуляр аъзо ва ҳаракатлантирувчи анализаторларга салбий таъсир қилиши қайд этилмоқда.

Иш жойларида шовқин давомли тарзда доимо баланд даражада сақланиб турса, эшитиш қобилияти аста-секин пасаяди ва шовқинни пасайтириш чоралари кўрилмаса, одамда умуман эшитмай қолиш ҳолати юз бериши мумкин. Одатдаги товушдан 10 ДБ га ошганда, эшитиш аъзоларида сезиларли ўзгариш кузатилмайди. 20 ДБ бўлганда унча катта бўлмаган ўзгариш, аммо 20 ДБ дан ошганда катта ёшли кишиларга нисбатан унинг таъсир даражаси ошади. Натижада, одамларда асосан бош оғриғи, бош айланиши, хотиранинг, иш қобилиятининг пасайиши кузатилади. Уйқу бузилиши, уйқусизлик, иштаҳа пасйиши, юрак санчиши ва бошқа белгилар кузатилиши мумкин. Илмий хулосаларга қараганда иш жойларида шовқин 10 ДБ га ошса, касалликлар даражаси 20-30 фоизга ортиши қайд этилади. Гигиеник меьёрларига қараганда шовқиннинг йўл қўйиладиган энг юқори даражаси, юқори такрорланувчи шовқинлар учун 75-80 ДБ, паст такрорланувчи шовқинлар учун 90-100 ДБ қилиб белгиланган.

Англияда ўтказилган илмий тадқиқот натижаларига қараганда ишлаб чиқариш жараёнида шовқин меҳнат унумдорлигини 40-60 фоизга камайтирган. Тўқимачилик камбинатида шовқин 10 ДБ га камайтирилганда меҳнат унумдорлиги 12 фоизга ошган.

Шовқин овқат ҳазм қилиш тизимига ҳам салбий таъсир қилиб меъдада шира ишлаб чиқаришни издан чиқиши ва кўп ҳолларда гастрит касаллигини юзага келтириши мумкин. Шунингдек, шовқин ички секреция безлари қалқонсимон безига, гипофиз ва буйрак усти безларига ёмон таъсир қилиши мумкин. Австриялик олим Грифитнинг хулосасига қараганда катта шаҳарларда шовқин инсон умрини 8-10 йилга камайтириши мумкин экан.

Айниқса, катта шаҳарларда автомашиналардан, трамвай ва бошқа транспорт воситаларидан чиқадиган шовқинни камайтириш учун йўл ёнларини кўкаламзорлаштириш, айниқса, тўғри ва баланд ўсадиган дарахтларни кўпайтириш ҳисобига шовқинни 70 фоизгача камайтириш имкони бор.

Ёшларимизга ҳар хил турдаги қулоқчинлар орқали юқори даражадаги шовқинли мусиқаларни тинглашнинг зарари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш, унинг тиббий нуқтаи назардан мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш лозим бўлади. Доимий равишда узоқ муддатга бундай мосламаларда мусиқа тинглаш ҳам эшитиш қобилиятини пасайтириши мумкин.

Яна ўқинг:  Простатит: муаммо, ташхис ва муолажа

Ҳаётингиз давомида табиатда ва инсоннинг ақл маҳсули сифатида яратилган, ҳузурланиш ва лаззатланиш мумкин бўлган неъматлар жуда кўп. Табиатда япроқлар товушидан, булбулнинг сайроқи оҳангларидан, тоғ бағридан оқиб тушаётган булоқ сувларининг жимжимадор товушларидан, ҳатто эрталаб чумчуқларнинг чуғурлашларини ҳам эшитиб роҳатланамиз. Бу товушлар бизнинг ва атрофимиздагилар соғлиғига ижобий таъсир қилади, руҳиятимизни тинчлантиради ва кайфиятимизни кўтаради. Бугун бизнинг бу борадаги асосий вазифамиз фарзандларимизни юқорида қайд қилинган табиат ва санъат неъматларидан баҳраманд бўлишга одатлантириш ва ўз навбатида ҳар хил турдаги баланд овозли шовқинлар одам организмига ёмон таъсир қилиб, турли хил касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлишини тушунтиришдан иборат.

Ибодулла АБДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: