Гўзаллик яратаётган қўллар
Иқтидорли ёшлар ижодига эътибор кундан-кунга ортиб бораётган бугунги кунда юртимизда турли тадбирлар, кўргазмалар ўтказиш одат тусига кирган. Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейида очилган “Гўзаллик ва олам” номли кўргазма ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. “Соғлом бола йили”га бағишлаб ўтказилган мазкур кўргазмадан талабалар – Муроджон Темиров ҳамда Ҳасанбой Умаровларнинг ижод намуналари жой олди.
Муроджон асли андижонлик. Болалигидан санъатга меҳр қўйган ёш рассом, бугунги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли рангтасвир” бўлимининг магистратура босқичида ўқишини давом эттириб, устозлари Акмал Икромжонов ҳамда Абдумажид Сагатовлар қўл остида сабоқ олмоқда.
У асосан графика ва рангтасвир йўналишида ижод қилади. Шу кунга қадар “Баркамол авлод – юрт келажаги”, “Меҳринг билан яшайман, Ватан” танловларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Айни пайтда манзара, портрет ва натюрморт жанрларида ижод қилиб келмоқда. Унинг кўргазма дастуридан ўрин олган “Келинчак”, “Болалик ўйлари”, “Ёшлик”, “Умр йўллари”, “Хаёллар оғушида”, “Сукунат”, “Кузги натюрморт”, “Бухоро кўчалари” асарлари кўплаб санъат ихлосмандларига завқ бағишлади.
Ҳасанбой Умаров наманганлик ёш ижодкорлардан. У кулолчилик санъатига бўлган меҳри боис, Намангандаги 12-сонли нафис санъат лицейида таҳсил олди. Ёш ижодкор бу даргоҳда устозлари Ф. Исамов ва А. Абдумўминовлардан амалий санъат сирларини қунт билан ўрганди. Ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Амалий санъат факультети, “Бадиий кулолчилик” бўлимида таълим олмоқда.
Ёш кулол бугунга қадар “Энг улуғ, энг азиз”, “Очиқ осмон остида” ҳамда “Ҳиндистон – Ўзбекистон ёш рассомлар нигоҳида” номли кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган, диплом ва сертификатлар билан мукофотланган.
Бу галги кўргазмада унинг “Она дуоси”, “Оила, “Уч қудуқ”, “Декоратив ваза”, “Тасаввуримда Бобораҳим Машраб сиймоси” каби ўзига хос асарлари намойиш этилди.
Кўргазма жорий йилнинг 15 июлигача давом этади.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА