ҚИЗАЛОҚЛАР

Озор – гул каби нозик инсон қалби шу тўрт ҳарфдан иборат биргина сўз туфайли қанчалик қийналишини ҳамма ҳам бирдек тушунавермайди. Баъзан, чумолига ҳам озор берманг, – деган сўзларни бепарво эшитганлар ҳам йўқ эмас.

Киши таъбини хира қилувчи кўнгилсиз кечинмалардан йироқлаб кетгинг келаверади. Афсуски, дилингни кемирувчи дилозор сўзларни ўчириш қийин экан. Қанийди гулдек қалбимиз майин шаббодалар сингари дилга хуш ёқувчи ширин сўзларга, нафис ҳис-туйғуларга лиммо-лим тўлиб турса. Шунда мунаввар оламдан баҳра олиб, яшашга бўлган иштиёқимиз жўш уриб яна ҳам завқланган бўлар эдик.

НАВНИҲОЛ

– Ойижон, синфдошим Дилдора бугун мактабга йиғлаб келди. Ойиси урган эмиш. Унга бирам раҳмим келдики, қандай ёрдам беришни билмай бошим қотди. Сиз мени ҳечам урмагансиз-ку.

Эндигина ишдан қайтиб кечки овқатни шоша-пиша қозонга солаётганим учун, дастлаб қизимнинг гапларига унчалик эътибор бермасдан, қизлар ўзи аразчироқ бўлади-да, ойиси бироз койиган бўлса, йиғлагандирда, дея кўнглимдан ўтказиб қўйдим. Аммо Моҳинурнинг, биласизми ойижон дугонамнинг қўллари кўкариб қолибди. Ойиси ёмон экан, нимага укангни кийимларини жойига тахлаб қўймадинг, дарсингни баҳона қилиб менга гап қайтардинг, деб Дилдорани роса хафа қилибди, – дея гапини давом эттираётганидан зумда ҳушёр тортдим. Бир пас қизимга тикилиб қолдим, сўнгра унинг ёнига бориб бағримга босдимда сочларини силаб қўйдим. Унинг гавдаси шунчалик навниҳолки сал қаттиқроқ тегсанг эгилиб қолаётгандек.

Хаёлим олис болалик томон кетди.

Саккизинчи синфда ўқирдик шекилли, ўшанда Салима исмли дугонамиз ҳам худди шундай юзи кўкариб, кўзлари шишган кўйи дарсга келган эди. Ўқитувчимизнинг, қизим юзингга нима қилди,– деган саволига, билмасдан йиқилиб тушдим, дея жавоб берганди. Орадан йиллар ўтиб бувимнинг шу Салимани онаси кексайганда заҳарли тили туфайли хор бўлди-да, белида куч-қуввати борида нуқул болаларига дилозорлик қилиб хафа қиларди, тўнғичлари унга нисбатан меҳрсиз, маҳалла-кўйдаги ҳар хил гап-сўзлардан уялаган чоғи ҳартугул шу Салимагина онда-сонда ҳолидан хабар олиб туради. Бир куни уйига кирсам, ҳай-ҳайлашимга қарамасдан шу беозоргина қизини ҳам юзига тарсаки тортиб юборса бўладими. Қиз болани урса бахти кемтик бўлади, деган сўзларимга парво ҳам қилмади. Гап буёқда эканда-а, ўшанда дугонам бояқиш, йиқилиб тушдим, деб ёлғон гапирибди. Аслида эса …

Яна ўқинг:  Оромгоҳга жалб қилинмаган болалар нима билан машғул бўлади?

Афсус, дейман қизимдан эшитган сўзларимни ҳазм қилолмай. Ва ўз-ўзимча опажонимсан, сингилжонимсан, сирдош дугонажонимсан, навниҳолим, бўйи-бўйимга бўйлашаётган, ақли-ақлимга тенглашаётган қизим, ишқилиб Салима ёки Дилдоранинг ойиси каби тарбиянгда хато қилмайин дейман ёқамни ушлаб.

ЙИҒЛАМАГИН МУНИСА

Ойижон,ойи-и-и-и қаранг анаву Сабина мени йиқитиб кетди, эгни-боши чанг бўлган Муниса кўп қаватли уйнинг ўзи яшайдиган деразасига қараб, овозининг борича ҳўнграб йиғларди. Шу пайт шитоб билан очилган деразанинг бир палласидан чўчиб кетган мусичалар “ғу-ғу”лаб учиб кетишди. – Ним-а-а-а йиқитса қараб турдингми, йиғлама, бор сен ҳам уни итариб юбор, – деган аёл кишининг зардали овози янгради. Назаримда еру кўк силтаниб кетгандек бўлди.

– Вой, Муниса нимага йиғлаяпсан, йиғламагин, кел ўзимга, йиқилиб тушдингми?

– Йўқ, анаву Сабина мени йиқитиб юборди.

– Ҳечқиси йўқ, у сен эканлигингни билмаганда бўлмаса ҳечам йиқитмас эди, ҳозир кийимларингнинг чангини қоқиб қўяй, кейин уйимизга кириб, юз-қўлингни ҳам ювамиз, – қулоғимга эшитилган бу таниш овоз кимники экан, – деб деразадан яна бир бор қарашимга улгурмасимдан, эшик қўнғироғи жиринглади. Бир қўлида сумкаси бир қўлида эса қўшни қизалоқни қўлидан тутганича турган Моҳинурни эшик олдида кўриб, худди фариштани кўргандек бўлиб кетдим.

САБОҚ

– Нега бу ерга келаяпсан, бор уйингга жўна, сени ўйинга қўшмаймиз, – деди Азиза ўзлари томон югуриб келаётган Нилуфарга қўлини бигиз қилиб. Бу сўзларни эшитиб жойида таққа тўхтаб қолган қизалоқ кўзларини бекитиб йиғлаб юборди. – Йиғласанг йиғлайвер, – барибир биз билан ўйнамайсан, сенинг ойинг ёмон хотин экан, буни ойим айтди.

Бу сўзларни эшитиб нима қилишимни билмай, ҳангу манг бўлиб қолдим. Чунки, Азизанинг ойиси Нилуфарнинг ойисига овсин бўлишини билардим. Бироз сукут сақлаб турдим-да қадамимни тезлатганимча қизларнинг даврасига қўшилдим.

– Азиза қизим, ойингнинг сўзларини яхши тушунмабсан, ёмон аёл деб эртакдаги ялмоғиз кампирни айтган, Нилуфарнинг ойиси яхши аёл. Ахир кеннойинг боғчангда ишлайди-ку, ёмон бўлса ҳар куни пиширган мазали овқатларини мазза қилиб емас эдинг. Қизларим гапим тўғрими ёки нотўғрими? Атрофимдаги қизалоқлар нима дейишини билмасдан, бир зум ўйланиб қолишди. – Тўғри, Нилуфарнинг ойиси кеча бизга тайёрлаб берган чучварани мазза қилиб еганмиз,– ўртадаги жимликни бузиб сўзлай бошлади оқ-сариқдан келган қизалоқ. – Ҳа, гапинг тўғри Дурдона, шу овқатни боғча опам ҳам мақтаган эди, – дугонасининг гапини маъқуллайди сочлари ўрилган қиз.

Яна ўқинг:  OPPOQ QORGA BURKANAR OLAM

– Ўртоқларингнинг гапини эшитдингми, Азиза, – деганимча унинг ёнимизда йўқлигини кўриб у ёқ-бу ёққа алангладим. Қарасам, Азиза Нилуфарнинг қўлидан тутганича нималарнидир гапириб биз томонга илдам келар эди.

Бир зумда Нилуфарнинг кўзларидаги қувончдан менинг ҳам дилим равшан тортиб, йўлимда давом этдим.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: