Полвоним, орим, ғурурим

…Яҳё болалигиданоқ тенгдошлари билан кураш тушиб, ғолиб бўлиб, севинчи ичига сиғмай, югуриб келарди… Унинг завққа тўлиб хурсанд бўлишидан “Полвоним, орим, ғурурим”, деб эркалардим, – дея ёдга олади ўзида фахр ҳиссини туйган Яҳё Имомовнинг отаси Қурбонмурод полвон.

Қурбонмурод полвон Сурхон воҳасида донғи кетган курашчилардан. У ўғлини болалигидан турли мусобақаларга олиб борар, шу тариқа унда спортга меҳр уйғотишга интилар, курашчи сифатида етиша олмаган орзуларига эришишини истарди.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари финал баҳсининг кураш мусобақаларида Республика олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Яҳё Имомов ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритган эди. Мазкур ғалаба ёш полвоннинг келгуси фаолиятидаги улкан ғалабаларига пойдевор бўлди.

Дарҳақиқат, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий этилган уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари минглаб спортсевар ёшларимизга бир олам қувонч, ғалаба нашидасини, унутилмас лаҳзаларни ҳадя этадиган, уларнинг орзуларини рўёбга чиқарадиган, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган том маънода ёшлик, баркамоллик байрамига айланди.

Ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети 3-босқич талабаси Яҳё Имомов ана шу мусобақаларда тажриба ва маҳорат ошириб, бугун халқаро майдонларда Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён қилаётган спортчиларимиздан биридир.

У Республика олимпия захиралари коллежига қабул қилингач, устози – тажрибали мураббий Мурод Дўсимбетовдан кураш ва дзю-до сирларини қунт билан ўргана бошлади. Жисмоний ва техник машғулотларда тобланган полвон тез орада яхши натижаларга эришди. Кураш бўйича ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон биринчиликларида ғолиб бўлди. Дзю-до бўйича ҳам мамлакат чемпионатларида мунтазам иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

– Ҳар бир спортчи нуфузли мусобақаларда Ватани шарафини ҳимоя қилишни орзу қилади. “Баркамол авлод” ўйинларидаги ғалабам ана шу орзуларимнинг ушалишида алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Я.Имомов. – Негаки, ушбу спорт ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчи учун ўзига ишонч, юксак мақсадлар сари интилиш ҳиссини оширади, десам янглишмайман.

Яҳё Имомов 2008 йили Туркияда кураш бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон биринчилигида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Дзю-до бўйича тажрибали мураббий Андрей Штурбабин бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 2011-2012 йилларда Тошкентда ва Чехиянинг Прага шаҳрида ўтган жаҳон кубоги мусобақаларида бронза ва олтин медални қўлга киритди. Пойтахтимиз мезбонлик қилган Осиё чемпионати, Лондон Олимпиадаси унинг спортчи сифатида тобланишида ўзига хос мактаб вазифасини ўтади.

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК” ЛОЙИҲАЛАРИ

Ўтган йил ҳам Яҳё учун жуда омадли келди. У Францияда ўтган дзю-до бўйича “Катта дубулға” туркумидаги халқаро турнирда ғолиб бўлди. Бухорода ўтган талаба-ёшларнинг Универсиада спорт ўйинлари ва Россияда ташкил этилган XXVII Жаҳон универсиадасида шоҳсупага кўтарилди. Тошкент, Дубай шаҳарларида ўтказилган Гран-при туркумидаги халқаро мусобақаларда совриндор бўлди.

Моҳир полвоннинг юртимиз спорти ривожига қўшган ҳиссаси Президентимиз томонидан муносиб баҳоланди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 23 августдаги фармонига биноан Яҳё Имомов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.

Айни пайтда Я. Имомов дзю-до бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида нуфузли халқаро турнир ва чемпионатлар, шунингдек, жорий йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтадиган XVII Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўплаб спортчиларимиз қатори Яҳёнинг ҳам орзуларига мустаҳкам қанот бўлди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: