Скрининг текшируви она ва бола саломатлигининг асосидир

Оналик бахти арафасида турган аёл учун бўлажак фарзандининг тўрт мучаси соғлом ривожланаётганини билиш жуда муҳимдир. Бунда албатта тиббиёт ходимлари скрининг хизматидан фойдаланишни тавсия этадилар. Хўш, мамлакатимизда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда. Унинг афзалликлари нималарда намоён бўлади?

Айтиш жоиз, мамлакатимизда мустақиллик йилларида соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ирсий касалликлар ва болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсадида махсус тиббий хизматни ривожлантиришга доир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Маълумки, тиббий генетик хизматни такомиллаштирмасдан, ҳомилада ривожланиш нуқсонларини аниқлаш учун туғруққа қадар диагностикани ва чақалоқларда ирсий касалликларга скрининг текширувларини ўтказмасдан туриб болалар ўлим кўрсаткичини, болаликдан ногиронлик кўрсаткичларини камайтиришга эришиб бўлмайди. Скрининг – бу яширин туғма ва ирсий касалликларни аниқлаш учун аҳолининг катта қисмини текширувдан ўтказиш демакдир. Республика Скрининг маркази ва унинг жойлардаги худудий марказларининг асосий мақсади – ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатиш ва ҳомилани ривожланиш нуқсони ёки гўдакларнинг ногиронликrа олиб келувчи касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказишдан иборат.

Одатда ҳомиладорлик даврида аёллар камида уч марта илк бор ҳомиладорликнинг 11-13 ҳафтасида, кейин 18-21 ҳамда 30-32 ҳафталигида УТТ текширувидан ўтишлари лозим. Аммо ҳомиладор аёлни назорат қилаётган шифокор тавсиясига кўра УТТ текширувидан яна қўшимча равишда ўтиш мумкин бўлади.

Бир қатор мамлакатларда популяцион генетик скрининг хизматининг ташкил қилиниши аҳоли ўртасида туғма ва ирсий касалликларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келди. Ушбу муаммо нафақат тиббий, балки ижтимоий эканини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига биноан 1998 йилда болаларда ирсий касалликлар натижасида келиб чиқувчи ақлий заифликнинг олдини олиш ҳамда ҳомилани туғма ривожланиш нуқсони билан туғилиш хавфини аниқлаш мақсадида “Она ва бола скрининги” Давлат дастури қабул қилинди. Беш йилга мўлжалланган ушбу дастур ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказиш ҳамда қатор комплекс тадбирларни ўз ичига қамраб олди.

Скрининг марказлари замонавий юқори технологияли тиббий жиҳозлар ва малакали ходимларга эга бўлиб, қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб боради: пренатал (туғруққача бўлган) даврда ҳомилада ривожланиш нуқсонини аниқлаш, янги туғилган чақалоқларни туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликларига оммавий скрининг ўтказиш, ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга ва шундай фарзандлари бор оилаларга тиббий-генетик маслаҳат беришдан иборат.

Яна ўқинг:  OILA FENOMENI

Скрининг марказлари фаолиятида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва соғлом оилаларни шакллантириш, туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишни ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш, фертиль ёшидаги аёллар репродуктив саломатлигини яхшилаш бўйича маърифий ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмокда. Бу ишлар қишлоқ врачлик пунктлари, маҳаллалар, коллежларда аҳоли билан учрашиб видеороликлар намойиш қилиш ва буклетлар тарқатиш орқали амалга оширилмокда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ва 2013 йилнинг 12 мартида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2013-2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, скрининг марказлари фаолиятида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш, туғма ҳамда ирсий касалликлар билан туғилиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш, фертиль ёшидаги аёллар репродуктив саломатлигини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Шу билан бир қаторда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида, яъни барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида аёлларни ҳомиладорликнинг 10-14-ҳафтасида оммавий ультратовуш текширувидан ўтказиш кўзда тутилган.

Жорий йилда яна бир ҳудудий скрининг маркази (Тошкент вилоятида)ни ташкил этиш ва уни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, барча скрининг марказлари биокимёвий анализаторлар билан жиҳозланади. Бу эса ўз навбатида болаларда қатор моддалар алмашинуви бузилиши ирсий касалликларини ташхислаш имконини беради.

Дастур доирасида амалга оширилаётган тадбирлар мамлакатимизда болаликдан ирсий ва туғма касалликлар натижасида келиб чиқувчи ногиронликнинг камайишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: