Шукроналик сурури

Тошкент вилояти Зангиота туманининг Қосим Одилов кўчасида яшовчи Рихсивой Тошмуҳаммедовни маҳалла-кўйнинг ёшу қариси “бува”, деб аташади. Отахон 90 ёшни қаршилаганига қарамай, қишлоқнинг кайвониси бўлиб, маҳаллада, борингки, қишлоқда қандай тўй-маросим бўлмасин, ҳамиша у кишининг ҳурмат-эъзозда эканликларини кўрасиз. Бувага ҳазил оҳангда “Набира-ю, чевараларингиз жуда ҳам кўп-а? Ишқилиб уларнинг ҳисобини биласизми?”, десак у киши камтарлик билан “Шукур, шукур”, деб қўядилар.

Чиндан ҳам, отахон икки гапнинг бирида “шукур” сўзини кўп бора такрорлайдилар. Уларнинг энг яхши кўрган каломи ҳам шу сўздир. Шунда дадамдан бу сўз бувага одат бўлиб қолган бўлса керак, десам, улар: “Бундай бахтли кунларга Рихсивой бува осонлик билан эришмадилар. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, оғир ярадор бўлганлар”, – деб қўйдилар. Отахон урушнинг суронли кунларини кўп ҳам эслагилари келмайди. Бу қора кунларни ёдга олиб кўнгилларини хира этишни истамайди. Аммо биз каби набира-ю, чевараларга ўрнак сифатида баъзи бир воқеаларни айтиб берардилар. Уларнинг бошидан ўтган кечинмаларини тингларканман, юрагим қўрқувдан тўхтаб қолгандек бўларди. Шунда келажакдаги режаларини хотиржамгина тузиб, ўз мақсадлари сари дадил интилаётган фарзандларимни эслаб, юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик учун “шукур”, деб қўйдим.

Ҳаётнинг ўзи доно тарбиячи. Кимдир унинг қадр-қимматини бутун умри давомида ҳам ҳис этмаса, яна кимларгадир бу бахтни англаб етиши учун лаҳзаларнинг ўзи кифоя қилади. Умрнинг қадрини дилдан ҳис этиш ҳам бир бахт. Зеро, бу орқали тортиқ этилган инъом – шамолларга совурилмайди.

Турмуш ўртоғи Зулфия ая билан биргаликда 6 нафар фарзандни вояга етказиб, 24 нафар набираю, 21 нафар чеваранинг меҳрибон бобо-бувиси бўлиш бахтига эга бўлишнинг ҳам гашти ўзгача.

Рихсивой Тошмуҳаммедов билан суҳбатимиз чоғида отахоннинг кенжа чевараси Хожиакбар югуриб келиб, ўзини отани бағрига отди. Авлодининг давомчисини кўриш насиб этганидан мамнун бўлган ота, уни беозоргина қучиб, пешонасидан ўпиб қўйди. Уларни кузата туриб, отага: “Жанг майдонларидан шу гўдак учун омон қайтибсиз”, десак отахон яна ўша самимият ила камтаргина “Шукур” деб қўйдилар.

Отахонни кузата туриб, юракдан бир сўзлар такрорланаверди: Шу Ватаннинг, шу заминнинг чин фарзанди сифатида бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимизнинг қадрига етмаслик ва унга шукур демаслик мумкин эмас, мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Каноэчиларимиз муваффақияти

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: