Юксак ишонч марраларга элтади

Нафосат Зарифбоева пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Ёш бўлишига қарамай, у бир қанча республика ва халқаро анжуманларда фаол иштирок этган. Илм ўрганиб, фан соҳасида катта муваффақиятларга эришаётган Нафосат китоб ўқишни севади.

Жажжи юрагида мутолаага бўлган меҳрни, аввало, бувижони Бону Камолова уйғотган. Бугун 80 ёшдан ошган, хонадон фариштаси бўлган онахон қарийб 50 йил Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги 21-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берган. Нафосатга ҳам 5-6 ёшлигида у ҳали мактаб остонасига қадам қўймай туриб, илк бор ҳарф танитган ҳам бувиси бўлади. Қолаверса, ўқитувчилар сулоласидан бўлган онаси Лайло опа нафақат қизи Нафосатни, балки барча фарзандларини китобга ошно этишга ҳаракат қилади.

“Билим – куч, куч эса билимдадир!”, деган эди машҳур файласуфлардан бири. Бугунги ёшларга қараб ҳавасинг келади. Улар учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитларни кўриб, кўзинг қувнайди. Фарзандларимиз орасида илмга чанқоқ, иқтидорли ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол. Нафосат Зарифбоева ана шундай илм-фан чўққиларини забт этишга интилаётган салоҳиятли ёшлардан бири.

У Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида таҳсил олмоқда. У яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ихтирочи аёллари уюшмаси томонидан “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” I Республика танловининг якуний босқичида муносиб иштирок этди. Танловда “Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига хорижий (инглиз, рус) тилларни ўргатиш орқали миллий омилларни сингдириш” мавзуидаги лойиҳаси билан қатнашган Нафосат якунда ғолибликни қўлга киритди.

Шарқ файласуфи Конфуцийнинг “Айтсанг – унутаман, кўрсатсанг – эслаб қоламан, ўзим бажарсам – англаб етаман” деган фикрига асосланиб, Нафосат ўз лойиҳасида бошланғич синф ўқувчиларига янги методлар орқали хорижий тилларни ўргатишни мақсад қилиб олган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу лойиҳага давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони, ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори асос бўлди.

Шуниси эътиборлики, бу янги лойиҳа мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини юқори савияда ташкил этишга дастурламал бўла олади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчи болаларга хорижий тилларни ўрганишларида кўмак беради.

Яна ўқинг:  Ёшларнинг ўрни қандай

Қаҳрамонимиз 2017 йил Челябинск ва Остона шаҳарларида, Япония ва Хитойда ўтказилган халқаро танловларда иштирок этиб, фахрий ёрлиқ ва сертификатлар билан тақдирланди.

– Орзуларим жуда кўп. Уларга эса кўп ўқиб, ўрганиб, китоб билан дўстлашиб эришаман, – дейди Нафосат. Биз ҳам илм чўққиларини эгаллашга астойдил бел боғлаган ёш иқтидор эгасига юксак парвозлар тилаймиз.

 

Мадинабону ҲАМРОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: