Олтин топган эмас, элда эъзоз топган азиз

У вақтлар бугунгидек шарт-шароит қаерда? Таълим тизими қолоқ, соғлиқни сақлаш соҳаси бир аҳволда. Транспорт, алоқа коммуникацияси ибтидо босқичини бошидан ўтказаётган кезлар эди. Ачинарлиси, хотин-қизларга бўлган эътибор жуда суст, улар фақат рўзғор ва дала ишларига сафарбар этилганди.

Бир куни Тамаранинг ўқитувчиси ҳовли остонасида кўриниш берди. Бир боласининг устози келганидан шод, бир ичида “тинчликмикан”, деган саросимада муштипар она қизига маъноли боқдию, дарвозага йўналди. Қўлини кўксига қўйиб, меҳмонни қаршилади.

Одатий салом-аликдан сўнг ўқитувчи гап бошлади:

– Қизингизда ноёб истеъдод бор. Хулқи ҳам, билими ҳам зўр. Шунча ўқигани, қизиқишлари увол кетмасин. Тамара институтда таълимини давом эттириши керак, деган маслаҳат билан келдим.

– Жонкуярлигингиз учун рахмат, домла. Аммо отаси нима дер экан?! Қиз болани узоқ шаҳарга ўқиши қийинмасми-а?! Бўй қизни ўқитиб, ушлаб ўтириб бўлмайди. “Жойи чиқса, текин бер”, дейишган. Мактаби тугаши билан узатамиз. Даранга-дурунг тўй қиламиз, деган ниятимиз, бир дунё орзу-ҳавасимиз бор.

– Қизиқсиз-а, опа! Соддалигингизга борасиз. Ҳали қизингиз ёш, тўй қилиш орзу-ҳаваси қочмас, болани ўқитиш керак. Оқил фарзандга она бўлиш, унинг ортидан раҳмат эшитишдан ортиқ бахт борми?! Тамара дўхтирликка ҳужжатини топширсин. Қаранг, ҳали овози йўғонламай, суяги қотмай қанча болалар норасидалигича кетяпти. Қачон Московдан даволовчилар келаркин, деб ўтирамизми?! Ўзимизнинг ёшлардан истеъдодлар кўп, уларни иқтидорига қараб ҳар соҳага йўналтириш керак. Хўп, денг! Отасига ҳам маслаҳат солайлик…

1964 йилнинг ёзи. Гулистон шаҳридан юртимизнинг жаннатмонанд гўшаси – водийга қараб йўл оларкан, Тамара бора-бориш онаси ва устози ўртасидаги суҳбатни эслади. Ўқитувчисининг, ота-онасининг ишончини оқлашга ўзида масъулият ва куч топа олди. Омади чопиб, Андижон Тиббиёт институти имтиҳонларидан аъло натижалар билан ўтиб, қунт билан сабоқ олди ва 1972 йилдан жонажон маскани Гулистонга қайтиб, болалар шифокори сифатида иш бошлади. Тез фурсатда танилиб, оддийгина қиз педиатр Тамара Саидмуродовага айланди.

* * *

– Ферузахон, қизим, ташқарида дадажонингиз кутиб қолди, бўлақолинг, – деди Тамара Саидмуродова. – Ишга ўз вақтида боришга одатланинг. У ерда тўлғоғи тутиб, йўлингизга кўз тикиб турганлар қанча?!

– Ҳозир ойижон, идиш-товоқларни саранжомлаб олай, чиқаман. Ўғлингиз ҳам саҳармардондан чиқиб кетувдилар, болаларни ҳам мактабига ташлаб ўтиш керак.

Яна ўқинг:  Катарактадан ҳоли олам янада равшан

– Улгурамиз, қизим, улгурамиз. Фақат чаққонроқ ҳаракат қилинг. Сизни илинж билан кутиб турган одамларнинг ишончини сўндирманг. Дардманднинг оғриғи қўш бўлади. Овсинингизга ҳам айтинг, илдамласин-а! Тиббиёт коллежининг ўқитувчиси интизомли, ўта масъулиятли бўлиши керак.

Ўқишини тамомлаб қайтган Тамара касбига касби яқин бўлган санитария-эпидимиология йўналишида мутахассис бўлиб қайтган Умаржон билан оила қурди. Икки фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Аммо уларнинг қизиқиши ота-она майлидан устун келиб, ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олишни лозим топди.

Болаларимнинг бири минг, рўзғори тинч, баракали бўлсин, деган ниятда тамара Саидмуродова икки фарзандига ҳам келинни ўзи танлаб қўя қолди. Ҳозир эса келинларидан мамнун. “Барибир, оиламизда шифокорлар кўп. Бизнинг оила шифокорлар оиласи”, дейишдан толмайди. Тўғри-да, бутун “жамоа” бўлиб, хаста жонларнинг дардига қарши курашадию, фахрланмайдими?!

* * *

Тамара опа фаолиятининг илк кезларини яхши хотирлайди. Кечки соат ўн бирларда бир машина дарвозаси олдида тўхтади.

– Бемаҳалда келган ким бўлди экан”, – деганча Умар ака ташқарилади ва бироз ўтиб қайтиб келди. Сенга касал олиб келишибди. “Шифохонага борсинлар” дейишяпти.

Тамара шарт ўрнидан турдию, кетмоққа ҳозирланди.

– Э, дўхтир опа, нимасини айтасиз. Биз олис қишлоқдан келдик, – дея гап бошлади шофёр. – Қўшнимнинг боласи оғир касал. Роса тинкаси қуриб, юзида ранг қолмабди. Уч кунча туман касалхонасида ётди. Ўзгариш бўлмагач, бировдан сиз ҳақингизда эшитиб қолибди. Бир танишининг фарзандини даволаган экансиз. “Фақат шу дўхтир боламни даволай олади”, деди. “Унда нимани кутиб турибсиз. Гулистонга кетдик”, дедим. Йўл узоқлик қилди. Узр, кеч қолдик, опа. Минг истиҳола билан остонангизни йўқлаб келдим.

– Яхши қилибсиз, даволаш бизнинг вазифамиз. Кечасими, кундузими фарқи йўқ. Бизга устозларимиз шундай ўргатишган.

– Дардига оро кирсангиз, бошимиз осмонга етарди. Қўшним ўзи уч боласидан айрилган. Бунисига чидолмайди. Жигари титилиб кетади.

– Ҳай, ҳай, яхши ният қилинг, шофир ака! Аввало, Яратганнинг инояти. Борайлик, кўрайлик. Худо хоҳласа, отдай бўлиб кетади.

– Айтганингиз келсин. Дўхтир опа, айтганингиз келсин. Умидимиз бир сиздан.

Йўл-йўлакай суҳбат билан шифохонага етиб келган Тамара шошганча ичкарига отланди. Ярим соатча вақт ўтиб, икки киши унинг ортидан мулозамат қилиб, қўли кўксида раҳмат айтганча чиқиб келди.

Яна ўқинг:  БАҒРИ БАҲОР НУРАФШОН ШАҲАР

Шофёрга қарата, “Қўшни, илтимос дўхтир опани уйига элтиб қўйинг”, деганча машинанинг орқа эшигини очди. Қайта-қайта раҳмат айтиб, хайрлашди.

– Ҳа, дўхтир опа, дарди оғирмасмикан?

– Йўқ, қонига инфекция тушибди. Ёш болага пахта даласида нима бор, ҳайронман?! Ғўзани дорилаш вақтида ота-онаси эҳтиётсизлик қилибди-да.

– Эҳ, дўхтир опа! Эҳтиётсизлик дейсизда, – деганча шофёр чуқур уҳ тортиб қўйди.

Шундан буён минглаб автомашиналар дард билан келиб, қувонч билан Тамара Саидмуродованинг эшигидан қайтди. Тажрибали педиатр эса камтарлик билан “Бурчимиз”, деб қўйишдан нарига ўтмайди. Ҳа, айтмоқчи, “Дарахт бир жойда кўкаради”, дейди доно халқимиз. Тамара Саидмуродова ҳам қирқ икки йилдирки, ҳозирги Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият юритиб келмоқда. У ҳамон оилаларга қувонч улашишдан, болаларнинг дардига оро кириб, бахтиёр ҳаётга қайтаришдан толгани йўқ. Изланувчан ва фидойилиги учун бугун уни эл қадрламоқда. У севинадики, айни пайтда катта келини Феруза Саидмуродовани ҳам йўқлаб, умид билан келаётганларнинг сони ортиб бормоқда.

Касбига ихлос қўйган одам доим элнинг эъзозида бўлади. Бир киши учун бундан ортиқ бойлик, бундан ортиқ саодат борми?! “Шундай дўхтирни тарбиялаган ота-онасига раҳмат”, деб дуога қўл очувчилар сафи ортиб боргани сари ўқитувчисининг онасига айтган гаплари жонкуяр шифокорнинг ёдига тушаверади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: