Инсульт хасталиги хавфли

Шошилинч ёрдам бемор ҳаётини асрайди

Инсульт – миядаги қон айланишининг тўсатдан бузилишидир. Оқибатда мия тўқималарида ўзгаришлар юзага келади ва унинг шикастланиши туфайли турғун белгилар пайдо бўлади.

Инсультнинг икки кўриниши геморрагик (мияга қон қуйилиши) ва ишемик ҳолатда (мия инфаркти) фарқланади.

Инсульт – мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, бу мия функциясининг бир неча кун давом этувчи хасталигига олиб келади. Инсульт инсоннинг меҳнатга лаёқатини пасайтирувчи, узоқ муддат даволанишга, унинг оиладаги ҳаёт сифатининг пасайиши ва иқтисодий харажатларга сабаб бўлувчи касалликдир. Инсульт ўлим сабабчиси сифатида юрак қон-томир ва онкологик касалликлардан сўнг 3-ўринда туради. Ишемик инсульт геморрагик инсультга нисбатан 5 марта кўп учрайди.

Ўзбекистонда мия инсульти билан хасталаниш минг нафар аҳолига нисбатан 9 фоиздан 14 фоизгача тўғри келади. Ишемик инсульт миянинг тўлиқ ёки қисман қон билан таъминланишининг тўхташи оқибатида юзага келади.

Ишемик инсультнинг асосий сабаби – мия томирларининг атеросклерозидир. Хасталик кекса ёшлилар, кўпинча юрак касалликлари ва қон ивиши ортган кишиларда учрайди.

Инсульт баъзида уйқу вақтида ўтказилади. Беморлар уйғонгач, ҳолсизлик, қўл-оёқда қувватсизланиш, бош айланишини сезади. Бунда эс-ҳуши жойида, тери одатдаги рангда бўлади. Неврологик белгилар шикастланган томир жойлашувига қараб, бир неча дақиқа ёки соат ичида ўсиб боради. Умумий ёки ички уйқу артерияси тиқилиб қолганда, тромбоз бўлган тарафда кўриш бузилади, тескари тарафда қўл ва оёқлар ҳаракати бузилади.

Ишемик инсультда ўлим кўрсаткичи мияга қон қуйилишига нисбатан кам бўлишига қарамай, касаллик кўпинча оғир кечади. Ўчоқли белгилар маромига тушгач, тикланиш даврига ўтади ва бу ойлаб, йиллаб давом этади.

Ўткир ишемик инсульт беморнинг ёшига, патологик ўчоқнинг кўламига такрорий инсультнинг қўшилиши ва кардиал асоратлар билан кечади.

Инсульт белгилари шикастланган томир ҳавзасига боғлиқ бўлади. Касаллик белгилари умумий мия ва ўчоқли клиник белгилар, характер, яққол ва нисбий кўрсаткичлар, томир ҳавзасини зарарловчи омилларга боғлиқ. Беморлар инсультга бир неча кун қолганда бош оғриғи, ҳолсизлик, бош айланиши, кўз олди қоронғилашиш, қўл-оёқда увишиш ҳолатларини ҳис этади. Белгилар кучайиб боради ва бир кунда қўл-оёқларнинг тортишиши пайдо бўлади. Бемор ҳушини йўқотмайди, бошида туманни ҳис этади. Баъзида хасталикнинг кечиши бехосдан юз беради.

Яна ўқинг:  Кичик инсультлар – дарднинг катталашаётганидан огоҳ этади

Ўрта оғирликдаги ишемик инсультда мия шиши, ҳуш йўқотиш белгиларисиз кечадиган ўчоқли белгилар кузатилади. Оғир инсультда эса, эс-ҳуш йўқотилиши, мия шиши, трофик ўзгаришлар, қўпол ўчоқ нуқсонлар билан бирга, кечувчи умумий мия белгилари билан фарқланади.

Бош мияга қон қуйилиши асосан миянинг ўрта артерияси ҳавзасида, ички капсула ва базал ядролар соҳасида кечади.

Мияга қон қуйилишининг асосий сабаби хафақон (қон босими) касаллигидир. Қон қуйилиши диапедез ёки қон томир ёрилиши сабабли юзага келиши мумкин. Қуйилган қон мия тўқимасини парчалайди, мия пардаларини таъсирлантиради, бу мия ва ўчоқли белгиларни юзага келишига сабаб бўлади. Миядаги патологик ўчоқ пайдо бўлиши мия ички босимини ошиши, эс-ҳушнинг йўқолиши ва ҳаётий муҳим функциялар – нафас олиш, қон томир тизими, терморегуляциянинг бузилишига сабаб бўлади. Бемор кучли бош оғриғини сезади, ҳушидан кетиб йиқилади, коллапсга тушади. Бунда пульс зўриқиши шовқинли нафас, қорачиқларнинг ёруғликка реакциясининг йўқолиши, қайт қилиш кузатилади. Юз тўқ қизил рангли, беморнинг бош ва кўзи фалаж бўлган соҳадан қарама-қарши томонга қараган, фалаж томонда бурун лаб– бурмаси силлиқлашган, оғиз бурчаги тушган, ёноғи тусланган, оёғи ташқи тарафга бурилган бўлади.

10-14 кундан сўнг тикланиш даври бошланади. Дастлаб оёқ сўнг қўл ҳаракатлари тикланади, сезувчанлик, нутқ, кўриш, эшитиш, психик фаолият яхшиланади.

Геморрагик инсульт – мия тўқимасига тўр ости бўшлиққа ёки мия қоринчаларига қон қуйилиши билан характерланувчи миядаги қон айланишининг ўткир бузилишидир. Касалликнинг кечишида уч давр фарқланади: ўткир, тикланувчи ва резидуал.

Даволаш: Инсультларни даволаш тезда бошланиши керак. Биринчи босқичда ҳали инсульт характери аниқланмаган пайтда бемор ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган даво муолажалари ўтказилади. Бемор чалқанча, боши сал кўтарилган ҳолатда ётқизилади. Агония ҳолатида кўчириш мумкин бўлмаган беморлардан бошқа ҳамма инсульт бўлган беморлар махсуслаштирилган неврологик бўлимга ётқизилиши керак. Беморни кўчириш вақтида эҳтиёт бўлиш, силкитмаслик лозим. Агар юрак фаолияти бузилиши ўпка шиши билан бирга учраса, спирт буғи қўшилган кислород билан нафас олдирилади. Бемор боши баланд қилиб ётқизилади. Нафас олиши меъёрлашиши учун электр сўрғич билан оғиз бўшлиғи, бурун ва халқум шиллиқлардан тозаланади. Тил орқага кетишини олдини олиш ва нафас олишни енгиллаштириш учун оғизга ҳаво найчасини қўйиш мумкин.

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИК – САЛОМАТЛИК БИЛАН УЙҒУН

Инсульт билан касалланган беморлар дарҳол ётқизилиб, боши баланд кўтарилади ва музли халта, оёқларига иссиқ грелка қўйилади.

Парвариш: геморрагик инсультда ётоқ режими 21 кун давом этади. Ишемик инсультда бу бемор аҳволига боғлиқ. Биринчи кундан беморда димланишли пневмания ва ётоқ яраларининг олдини олиш керак. Беморни кун давомида ҳар 2-3 соатда ён томонга буриш, палатани шамоллатиб туриш лозим. Ётоқ ярани олдини олиш учун думғаза, думба, бел соҳасига камфора спирти сурилади. Фалажланган қўл-оёқларда мушак тортишиши олдини олиш учун физиологик ҳолат берилади. Ҳуш ва ютиш сақланган бўлса, ширин чой, мева шарбатлари берилади. Биринчи кундан парҳез кенгайтирилади, овқат юмшоқ, тез ҳазм бўладиган бўлиши лозим. Ютиш бузилган бўлса, бемор 2-3 кун парентрал йўл билан томир орқали озиқлантирилади.

Қўйли ЙЎЛДОШЕВ,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: