ОИТС – бедаво дардми?..

ёки гигиенага амал қилмаслик оқибатлари

Ўтган асрнинг 80-йилларида саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашда турмуш тарзининг аҳамияти беқиёс эканлиги ҳам илмий, ҳам амалий тарзда исботланди. Бутун дунёда, айниқса, ривожланган давлатларда асосий эътибор касалликларни даволаш эмас, аксинча, соғлом турмуш тарзига, соғлом одамни турли касалликларга чалинмаслик, саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва умрини узайтиришга кенг эътибор берила бошланди.

Республикамизда ҳам соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида”ги Президент фармонининг асосини ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласи бирламчи вазифа қилиб белгилаб берилди.

Ҳақиқатан ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек, инсоннинг саломатлиги, аввало ўзига, турмуш тарзига боғлиқлигини ҳаммамиз биламиз. Аммо… Унга риоя этиб яшашга келганда кўпчилигимиз лоқайдлик қиламиз. Гўё касаллик атрофимизда юрипти-ю, бизни четлаб ўтадигандек. Биз меъёридан кўпроқ ёки аксинча камроқ овқатлансак, кўпроқ ҳаракат қилиш тартибига риоя қилмаслик, руҳий ҳолатимизга эътибор бермаслигимиз ва ҳоказо ҳолатлар турмушимизнинг таркибий қисмига айланиб улгурган бўлса, соғлиғимиз завол топади. Бу иллатлар аста-секин турли аъзоларимизни емириб, кучсизлантириб боришини била туриб, турмуш тарзимизни ўзгартиришни хоҳлаймиз ва оқибатда бирор хасталикка чалингандагина ўйлаб қоламиз ва афсус чекамиз. Азизбек (исми ўзгартирилган) юртимиздаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил оларди. У турли китобларда ўқиганларини турмушга татбиқ қилишга уринар, ўзи ҳам имкони борича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшашга интилар эди. Бир куни унинг қўлига беғараз донорлик ҳақидаги буклет тушиб қолди ва уни ўқиб кўриб, донорлик қилишга аҳд қилди. Унинг қони текширилганда ОИВ инфекцияси аниқланди. Эпидемиологик суриштирувлар жараёнида у олийгоҳ ётоқхонасида ҳамхонаси билан битта тиш чўткаси ва соқол олиш устарасидан фойдаланиши аниқланди ва ушбу ҳамхонаси ҳам ОИВ инфекцияси билан зарарланганлиги маълум бўлди.

Бу воқеадан аёнки, ОИТС касаллиги нафақат ахлоқий бузуқлик, балки бошқа йўллар билан ҳам юқади. Эътиборсизлик, шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик ва бошқа биз кўпда аҳамият беравермайдиган сабаблар ҳам кишини ушбу хасталик гирдобига ташлаши мумкин. ОиТС қандай хасталик эканини бугун билмайдиган одам бўлмаса керак. Аммо, баъзи нарсаларни эслатиб ўтиш фойдадан ҳоли эмас. Касалликнинг дастлабки босқичи ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) инфекцияси деб аталади. Касаллик ҳеч қандай белгиларсиз 3-5 йил давом этиши мумкин.

Яна ўқинг:  БЕҲОЛЛИККА НИМА САБАБ?

Вирус доимий равишда инсон иммунитетини емириб бориши натижасида касаллик охирги ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) босқичига ўтади ва иммунитетни батамом издан чиқариб, оғир оқибатларга олиб келади. Касаллик чақирувчи вирус ўта ўзгарувчан бўлганлиги сабабли ҳам ҳозирги пайтгача вакцина яратилгани йўқ. ОИВ инфекцияси сурункали касаллик, уни бутунлай даволаш имкони ҳали мавжуд эмас. Лекин, организмда вирус кўпайишини тўхтатувчи турли антиретровирус дорилари яратилган ва ушбу дори воситаларини қўллаш натижасида беморларнинг умрини узайтириш, иш фаолиятини тиклаш ва ҳаёт тарзини яхшилаш мумкин. Хўш, касалликка чалинмаслик учун нимларга эътибор бериш лозим?

Аввало, инсон ахлоқан пок бўлиши лозим. Қолаверса, тиббий муолажалар вақтида бир маротабалик ишлатиладиган шприц ва игналардан фойдаланиш, бошқалар ишлатган соқол ва тирноқ олиш асбоблари, тиш чўткаси, татуировка, пирсинг игналаридан фойдаланмаслик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатлардан воз кечиш, тасодифий жинсий алоқалардан сақланиш, вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туриш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали ўзимизни нафақат ОИВдан, балки бошқа жинсий йўллар билан юқувчи таносил касалликлари ҳамда вирусли гепатит В, С турлари юқишидан ҳам ҳимоя қиламиз. Шунингдек, ушбу касаллик ва ОИВ яхши стерилланмаган тиббий ва сартарошхона асбоблари орқали ҳам юқиши мумкин.

Ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун масъул. Шу сабабли тиббий муолажалар олиш ва сартарош ҳамда косметолог хизматидан фойдаланишда асбобларнинг стерилланиш тартиб қоидалари ҳақида сўраб-суриштиринг.

Р. ЮСУПОВА,

Ҳ. ЛАТИПОВ,

Тошкент вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: