Илм саодати

Соғлиқни сақлаш соҳасида дерматовенеролог Комилжон Йўлдошев номи ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади. Умрининг салкам эллик йилини шу соҳага бахшида этган шифокор, касбига қўйган чуқур эътиқоди туфайли бугун эл эъзозида. Тиббиёт фанлари доктори сифатида илмий изланишлар олиб бориб, 13 та ихтиро, 12 та монография, беш юздан зиёд илмий мақолалар муаллифига айланган.

Дерматовенеролог Комилжон Йўлдошевнинг фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, интилиш, иштиёқ ва меҳнат инсонни юксакликка кўтаради, деган сўзлар нечоғли тўғри эканига амин бўламиз.

1982 йилдан Дерматология ва венерология илмий-тадқиқот институтида илмий ходим, сўнгра “Захм касалликлари” бўлимининг мудири сифатида фаолият кўрсатиб келди. – Устоз ўгит ва йўл-йўриқлари инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида маънавий куч ҳисобланади, – дейди шифокор устозларини хотирлар экан. – У. Обидов, У. Белуха, А. Лукьянова, Э. Бабаянц каби мазкур соҳанинг етук олим ва мутахассислардан илмий-амалий билимларимни бойитиш билан бир қаторда уларнинг иш услубини ўргандим.

Эндиликда эса Комилжон Йўлдошев “Дерматовенерология” илмини янги босқичларга кўтаришга бел боғлаб, бу йўлда ўз меҳнати, кўп йиллик тажрибасини аямай, соҳада кўзга кўринган иқтидорли олимларнинг етишиши йўлида ёш мутахассисларга устозлик қилиб келмоқда. Унинг ушбу соҳага оид олиб борган илмий тадқиқотлари, эълон қилинган илмий ишлари, иш жараёнидаги ташаббускорлиги, вазиятни тўғри баҳолай олиш каби хусусиятлари уни 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Дерматология ва венерология илмий текшириш институти”га директор этиб тайинланишида муҳим омил бўлди.

К. Йўлдошев ўз илмий йўналишини захмнинг тарқалиши, диагностикаси, касалликнинг олдини олишни ўргатишга қаратди ва улар асосида ишлаб чиқилган текшириш ҳамда даволаш усуллари аҳоли орасида заҳм касаллигини нисбатан камайишига олиб келди. Шунингдек, республикамизнинг кўпгина ҳудудларига бориб, маҳаллий соғлиқни сақлаш ташкилотларига замонавий ташкилий, услубий, консультатив ҳамда амалий ёрдам кўрсатиб, таносил касалликлари, шу билан бир қаторда захмга қарши кураш борасида ҳам тажрибалари билан ўртоқлашиб келмоқда.

Тажриба алмашинуви муваффақиятларга замин ҳозирлайди. Шифокор ўз маърузалари билан Туркия, Австрия, Германия, Франция, Швеция, Швейцарияда бўлиб ўтган турли анжуман, симпозиумларда иштирок этиб, ўз малака ва тажрибасини оширди. Шунингдек, Комилжон Йўлдошев томонидан кўтарилган масалаларнинг хорижлик олимлар томонидан эътироф этилгани ҳамюртимизни тиббиётнинг мазкур соҳасида етук билимдон эканидан далолат беради.

Яна ўқинг:  Bola huquqi jurnalistlar nigohida

Ўзбекистон Республикаси Дерматологлар ассоциациясининг аъзоси, Туркия дерматовенерологлари кенгашининг фахрий аъзоси, “Дерматовенерология ва эстетик тиббиёт” журнали таҳририяти ҳамда дерматовенерология бўйича муаммо ҳайъати котиби бўлган К.Йўлдошев дерматовенерологиянинг ривожланиши, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун 2013 йилда “Республика соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шавкат ЁҚУБОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: