Бирни кўриб шукр қил

Ҳаётидан доим нолийверадиган бир аёлни биламан. Қачон кўришсак, етишмовчиликлардан гапиради: “Рўзғорга у етса, бу етмайди. Биз ҳам бошқаларга ўхшаб яшар эканмизми-а?!. Уйимга иккита одам чақиришга уяламан,” дейди тинмай. Бир куни мазаси бўлмай қолганини эшитиб, дугонам билан хабар олгани уйига ўтдик. Биринчи марта уйига боришим эди. Эшикни бир қиз очиб ичкарига таклиф қиларкан, адашиб қолмадикмикин деб ўйлардим. Хоналар яхши таъмирланиб, қимматбаҳо мебеллар билан тўлдирилган. Юмшоқ гиламлар оёғингизга пардай ботади.

Адашмаган эканмиз, танишим бизларни меҳмонхонага бошлади. Дастурхонга сўнгги урфдаги идишларда қуруқ ва сархил мевалар олиб киришди.

– Мана дугонажон, яшаш шароитимиз шу. Каталакдек уч хонали уйда яшаяпмиз. Ҳовли олишга имкониятимиз йўқ. Икки боламнинг юриш-туришидан ортмайди. Қизимнинг бўйи етиб қолди. Дурустроқ сарпо ҳам йиғмадим. Шу десангиз, бошим ташвишдан чиқмайди. Шунга касал бўлиб, сира ўзимга келолмаяпман, дейди. Гапиришга оғиз жуфтладиму, индамадим. Чунки, унинг авзойига менинг далдам кор қилмасди.

Кўп фарзандли бир оилани биламан. Эр-хотин заводда ишлашади. Узоқ йиллар ижарама-ижара юриб, яқиндагина икки хонали уй олишди. Уларнинг бирон марта йўқчиликдан нолинганини эшитмаганмиз. Ҳар доим ҳол-аҳвол сўрашганида “бойлигим – шу болаларим, уларнинг соғлиги. Қолгани меҳнат қилиб, топиладиган нарсалар”, дейди. Икки оилани таққосларканман, бир ривоят эсимга тушди.

Бир мамлакат подшоҳининг қизи оғир хасталикка чалинибди. Аммо дунёнинг турли бурчакларидан келган табиблар унинг касалига даво топа олишмабди. Шунда бир файласуф киши подшоҳга маслаҳат берибди. Агар тили шукроналик айтиб чарчамайдиган инсоннинг либосини қизингизга кийдирсангиз, оёққа туриб кетади, дебди.

Подшоҳнинг буйруғи билан хизматкорлар шаҳару, қишлоқларни кезиб, эшик-деразалардан пойлаб шукр қилувчи кишиларни излашибди. Уларнинг ниятини эшитган бир чол хизматкорларга: “Қишлоқнинг чеккасидаги кулбада бир одам яшайди. Сиз излаётган одам, ўша бўлади”, деб йўл кўрсатибди. Хизматкорлар кулба деразасидан қулоқ солишса, ичкаридаги одам “Яратган эгам, ҳар бир кунингга шукр. Кўришга кўзим, эшитишга қулоғим, юришга оёғим борлигига, тамоғимдан нон ўтаётганига шукр”, деб қайта-қайта шукрона айтаётган экан. Ниҳоят излаган одамимизни топдик, деб хизматкорлар севиниб кетишибди. Эшикни тақиллатиб, “Эй, яхши инсон, бизларга устингдаги кийимингни берсанг, подшоҳимизнинг қизига ёрдам берган бўлардинг”, дейишибди. У киши эса, “Устимда кийимим бўлса, олдингизга чиқмай, ичкарида ўтирармидим”, деган экан.

Яна ўқинг:  Фонд фаолиятидан (2014/17)

Нилуфар САПАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: