Ҳар япроғи – зар япроқ
Тошкент Ботаника боғида экологик таълим фестивали бўлиб ўтди
Инсон ва табиат ўзаро бир-биридан қувват олади. Бу фикр асрлар давомида сайқалланиб, теран мазмун касб этиб келмоқда. Бугунги экомуҳит ночорлашаётган даврда, айниқса, икки тарафлама ҳамжиҳатликка эҳтиёж ортиб бораётир. Ҳар куни учрашишга одатланган “дўст”ларимиз – дов-дарахтлар, гуллар, ям-яшил майсалар, шарқираб оқаётган дарёлару биллур чашмалар, хуллас турфа рангда товланувчи гўзал хилқат бизга тасаввур қилолмайдиган даражада вафодор экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Инсон саломатлигини таъминловчи энг катта восита ҳисобланган тоза ҳаво табиатнинг беминнат туҳфасидир. Шулар ҳақида фикр юритарканмиз, беихтиёр борлиқ яхлитлигини сақлаш – инсоният тақдирини асрашдек эзгу фазилат эканини англаймиз.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Ободлик кўнгилдан бошланади”. Аҳоли орасида экологик маданиятни шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида мамлакатимизда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Маҳаллалар, корхона-ташкилотлар, таълим муассасаларида тарғибот-тушунтириш ишлари уюштириляпти. Бундан кўзланган мақсад кишиларда табиатни онгли равишда севиш, уни асраб-авайлаш ҳиссини шакллантиришдан иборатдир.
Тошкент Ботаника боғининг қайта таъмирланиши, ўсимликларнинг ноёб турлари билан бойитилиши фикримизнинг тасдиғидир. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мазкур боғда “Наврўз. Келажак ниҳоллари” номли экологик таълим фестивалини ташкил этди. Тадбир “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ўтказилди.
Маълумки, Тошкент Ботаника боғи мамлакатимизнинг ноёб табиий масканларидан бири ҳисобланади. Етмиш йил мобайнида бу ерда Ўзбекистон ҳамда жаҳоннинг асраш, кўпайтириш ва ривожлантириш зарур бўлган экзотик, доривор, декоратив ноёб ўсимликлари коллекцияси тўпланган. Мазкур тадбир ушбу боғни кўп тармоқли табиатни муҳофаза қилиш муассасаси сифатида янада такомиллаштириш, шунингдек, халқнинг миллий бойлиги деб қадрлаб, уни оммалаштириш, қолаверса, ижодкор ёшлар истеъдодини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Фестиваль дастури ўзбекона анъаналар – миллий ҳунармандчилик, миллий либослар дизайни, тасвирий санъат, турли адабий-бадиий асарлар намойиши билан бойитилгани йиғилганларда катта таассурот уйғотди. Шунингдек, тадбир пойтахтимиздаги спортга ихтисослашган ва умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун жонли экосабоқ вазифасини ўтади.
– Навоий ҳазратлари нақл қиладилар: “Улча эрур тифлға шойиста иш, Билки, кичикликда эрур парвариш”, мазмуни “Болага лойиқ иш – уни ёшлигида тарбиялашдир”, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги “Булоқча” номли 408-МТМ директори Шоира Нормуҳаммедова. – Кишиларда табиатга муҳаббат уйғотиш, экомаданиятни шакллантириш ҳам кичиклигиданоқ бошланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу боис муассасамизда алоҳида экологияга оид тарбиявий соатлар ташкил этилган. Айни пайтда “Булоқча”да 350 нафар жажжи авлод таълим-тарбия олмоқда. Икки нафар махсус тарбиячи болаларга экосабоқ бериши учун биркитилган. Қолаверса, МТМда махсус эко бурчаклар, табиат манзаралари акс этган тасвирий санъат асарларидан иборат коллекциялар шакллантирилган. Махсус тарбиявий соат ҳам жонли тарзда, яъни саҳна кўриниши орқали содда, тушунарли ўтказиляпти. Болалар турли ўсимликлар номидан рол ижро этади. Бу, албатта, жажжи қалб соҳибларининг экомаданияти ривожланишига етарлича ҳисса қўшади. Мана бундай тадбирларнинг ташкил этилиши эса уларнинг тафаккур доираси кенгайишига замин ҳозирлайди.
Фестивалда Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон халқ шоирлари, таниқли санъаткор ва ёзувчи-шоирлар ҳамда энди санъат оламига кириб келаётган ёшлар томонидан ижро этилган шеъру куй-қўшиқлар ҳаммага байрамона кайфият улашди. Айниқса, болаларнинг табиатдан баҳра олиб, қуёшнинг заррин нурлари остида қийқириб ўйнашлари, каттаю кичикнинг юзидаги мамнунлик, кўтаринки кайфият юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, тўкин-сочинликнинг соф меваси сифатида намоён бўлди. Шу куни халқимизнинг фаровон турмуши, орзу-умидлари, меҳнатсевар ва тантилиги кўргазма ва турли бадиий чиқишлар орқали акс эттирилди. Касб-ҳунар коллежлари ўзлари ихтисослашган йўналишда олиб бораётган ижодий ишлари, фан ва ҳунармандчиликда эришаётган ютуқларини кўргазмаларда акс эттирди. Ушбу таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ижодий изланишларини кўриб, юртимиз келажаги чинакам истеъдодли авлод қўлида эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилинди. Қолаверса, спортга ихтисослашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари қўлга киритган шода-шода медаллар, кубок ва фахрий ёрлиқлар жажжи авлодга Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш учун хизмат қилади. Ёш бадиий гиманастика маликаларининг, шунингдек, каратэчиларнинг чиқишлари ҳар бир боланинг қалбида “Мен ҳам, албатта, маҳоратли спортчи бўламан. Соғлом ва баркамол бўлиб улғаяман”, деган қатъий аҳднининг туғилишига замин ҳозирлади. Бу туйғу уларнинг порлаб турган юзу кўзида акс этди.
– Ушбу фестивал “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори доирасида “Наврўз. Келажак ниҳоллари” номи билан ташкил этилишида ҳам теран маъно-мазмун мужассам, – дейди Шайхонтоҳур тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари Арслонқул Ризоқулов. – Наврўз – яшариш ва янгиланиш айёми. Халқимизнинг руҳияти, қарашларини ўзига сингдирган байрам. Унинг ёшлар билан уйғунлаштирилиши эса маънан ва жисмонан баркамол авлодни тарбиялашга туртки беради. Шу нуқтаи назардан ёшларга миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатиш, урф-одат, қадрият ва анъаналарга содиқлик руҳида камол топтириш бизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади. Ушбу вазифани сидқидилдан амалга ошириш, айниқса, миллий ҳунармандчиликка ўқувчиларни жалб этиш борасида туманимизда салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Биз бугун фестивалда ўқувчи-ёшлар томонидан яратилган турли ҳунармандчилик буюмлари билан иштирок этяпмиз.
Дарҳақиқат, бундай нуфузли тадбирлар кишилар онгида экологик маданиятнинг шаклланишида катта аҳамият касб этади. Шу куни боғда йиғилган юртдошларимизнинг кўтаринки кайфияти, табиатни севиш, уни асраб-авайлашга бўлган интилиши яққол намоён бўлди. Мазкур фестивал чинакам байрамона кайфият касб этганидан билиш мумкинки, Ўзбекистон халқи чинакам саодатли эл. Буни кишиларнинг юзу кўзидаги шукроналик ҳиссидан ҳам билиш мумкин.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири