“Қўлнинг кири”

фарзандингизда пул муомаласига муносабат қандай шаклланяпти?

Дилноза Умрзоқова,

психолог:

– Агар мулоқотни овқат билан тенглаштирадиган бўлсак, унда у болага ҳам фойда, ҳам зарар етказиши мумкин. Ёмон, сифатсиз озиқ-овқат бола танасини заҳарлагани каби, нотўғри мулоқот ҳам боланинг руҳиятини “заҳарлайди”, боланинг руҳий соғлиғига, ҳиссиётларига ва ҳатто тақдирига ҳам зиён етказади. Биз учун пул муаммолар “манбаи” ҳисобланади. Буни биргина оилада пулга бўлган муносабатда ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда катталарнинг муносабатини қўйиб турайлик-да, ҳали ҳаёт қийинчиликларини тушуниб етмаган болаларнинг пулга бўлган муносабатига эътибор қаратсак.

Биз “қўлнинг кири”, деб баҳо берадиган пул ҳеч кимни, табиийки, болаларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Пул топиш ва уни сарфлаш турлича бўлишига қарамай, оилаларда пул юзасидан туғиладиган муаммолар бир-бирига жудаям ўхшаш. Кўпинча ота-оналар фарзандлари билан боғлиқ катта-кичик муаммоларга ҳам моддиятни сабаб қилиб кўрсатишади. Тан олиш керак, пул оилавий ҳаётнинг моддий асосларидан бири. Бироқ кўп ҳолларда ота-оналар фарзандлари билан пул ҳақида қай тарзда гаплашишни, пулни қачон ва қанча беришни билмайдилар.

Бу ҳолат турли тушунмовчиликларга олиб келади ва охир-оқибат фарзанд тарбиясига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунинг энг оддий кўриниши – мактабда олинган ҳар бир юқори баҳога мувофиқ, айрим ота-оналар томонидан бола пул бериб рағбатлантирилишидир.

Акмал Раҳимов,

ота:

– Аслида бундай чорани кўп ҳолларда фарзандини бошқа усуллар билан ўз вазифасини бажаришга мажбурлай олмаган ота-оналар қўллайди, бироқ, энг ёмони, улар бунинг салбий оқибатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Бундай тарбия олган фарзандларда худбинлик, фақат ўзини ўйлаш, ҳар бир қилган иши учун нимадандир умидвор бўлиш – таъмагирлик ҳисси ортади. Керак бўлса, у ёлғон гапиради. Қолаверса, пул эвазига ёрдам берадиган бола кейинчалик бировга беғараз кўмаклашиши амримаҳол бўлиб қолади.

Шу тарзда кўп ҳолларда ота-оналар томонидан ўйлаб-ўйламай бериладиган бундай рағбат, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Аслида-ку, пул болага батамом салбий ёки ижобий таъсир ўтказади, деб бўлмайди. Лекин унга нотўғри ёндашув кўпгина нохуш ҳолатларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Аммо вояга етган бола ўзи ишлаб пул топиш имконини қила олса-чи? Мактаб ўқувчисининг мактабдан бўш пайтида меҳнат қилиш эвазига пул топиши ҳам пулга ружу қўйишга кирадими? Баъзи ёшлар оила муҳитидан келиб чиққан ҳолда ёки ўз эҳтиёжларини қоплаш мақсадида пул ишлаб топишнинг турли йўлларини қидиради. Ўз меҳнати орқали эҳтиёжларини қопламоқчи бўлган бундай ёшларнинг ҳаракати замирида уларнинг мустақилликка интилиши сезилади, албатта. Улар таъминланган ёки ўртаҳол оиладан эканлиги муҳим эмас, бу ерда асосийси болада пулга бўлган муносабат, уни ишлаб топиш ва сарфлашга бўлган онгли ёндашув шаклланади. Бироқ, бу ёшда бола ўз вақтини пул топиш ёки сарфлашга эмас, билим олиш, спорт билан шуғулланишга бағишлаши лозим.

Яна ўқинг:  Билимнинг аввали – тил

Гулшод Шарипова,

ўқитувчи:

– Мутахассисларнинг фикрича, айнан бошланғич синфларда аксарият болаларнинг пулга муносабати шаклланар экан. Шу ёшда унинг пулга муносабатини тўғри йўналтириш мумкин. Аслини олганда, болада пулнинг борлиги ва ўз ихтиёрига қараб сарфлаши озми-кўпми уни мустақилликка ўргатади. Одатда фарзанд мактабга қатнашни бошлаганида майда нарсалар учун бериладиган чўнтак пулига эҳтиёж туғилади. Мактаб ёшида даставвал болада тушлик учун у-бу нарса сотиб олишга иштиёқ уйғонади. Ҳафтасига бир марта ёки ҳар куни бериб туриладиган чўнтак пули мавжуд нарх-наводан келиб чиққан ҳолда бўлса, нур устига нур. Қолаверса, ота-она фарзандининг ёшига қараб унинг эҳтиёжларини билиши ва шу орқали чўнтак пули миқдорини белгилаши мақсадга мувофиқ. Болага пул бериш масаласига очиқ айтиш керакки, биз ўқитувчилар қаршимиз, аслида. Ҳатто ота-оналар мажлисларида имкон қадар болаларга пул бермасликни қайта-қайта тайинлаймиз. Шу пулга болалар қорни оч-тўқлигидан қатъий назар, нимадир сотиб олиш керак, деган хаёл билан дарс давомида вақтни бекор ўтказишлари мумкин. Улар мактаб ёнидаги дўкондан турли шароитда тайёрланган, сифатсиз озиқ-овқатни сотиб олишлари, бу ҳам етмагандай, айнан шу харид учун танаффусда дарсга кечикишлари таълим жараёнига ва боланинг билим олишига, энг муҳими унинг интизомига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг ўрнига болани мактабга яхшилаб тўйдириб юбориш, танаффусда тамадди учун егулик бериб юборишларини илтимос қиламиз. Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам бунга амал қилавермайдилар. Кимдир овқатлантиришнинг иложини қила олмаганидан пул бериб юборишга мажбур бўлса, кимдир боласининг ўртоқлари олдида “танти”лигини кўрсатиб қўйиш учун шу йўлни маъқул кўради. Пули йўқ болаларнинг баъзилари эса ўртоқларига ҳавас туфайлими “болалик” қилиб қўйишади.

Америкалик руҳшунос Алан Фроммнинг таъкидлашича, пул сарфлаш санъати бизнинг хоҳиш-истакларимизни бошқариш қобилиятимизни кўрсатади, шу сабаб бу санъатга ёшликдан, болада пулга қизиқиш пайдо бўлган даврдан ўргатиш керак. Бундан чиқди, агар фарзандга пул бериш уни қандай сарфлаш ва кези келганда ишлаб топиш каби масалалар борасида тўғри ёндашилса, унда моддий бойликка нисбатан тўғри муносабатни шакллантиришда ортиқча қийинчилик ёки муаммо туғдирмаслиги шубҳасиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: