Бежирим қўғирчоқлар
у билан дилбандимизни бехавотир вояга етказамиз
Миллий ҳунармандчилигимизнинг нодир дурдоналари билан танишсангиз, кўзингиз қувнаб, дилимиз шодликка тўлади. Нафис, турфа рангли ипаклар ёрдамида яратилган сўзанада жонажон Ўзбекистонимизнинг бетакрор табиати мужассам бўлса, бежирим нақшлар туширилган офтобада халқимизнинг минг йиллик анъаналари ва қадриятларига содиқликни ҳис этасиз. Бир сўз билан айтганда, ҳунармандчилигимиз ҳам қайсидир маънода ватандошларимиз орзу-ўйларининг ифодасидир.
Манзурахон Юсупова номини эшитмаган андижонлик йўқ. Бу тиниб-тинчимас аёл миллий анъана ва қадриятларимизни бойитиш йўлида жонбозлик кўрсатишдан сира толмайди. У ўз ҳунари билан ёш авлодни маънан етук ва баркамол бўлиб улғайишига ҳисса қўшаётир. У ясаган қўғирчоқлар бежиримлиги ва ўзбекона урф-одатларга мослиги билан ажралиб туради. Ҳозирги кунда Манзурахон Юсупованинг ижод намуналари нафақат Андижонда, балки республика ҳунармандлари орасида ном қозонган.
– Болалигимда қўғирчоқларимга турли, бежирим кўйлакчалар тикиб, сариқ соч ўрнига қора иплардан узун кокил ясаб, кўзу-қошига ўсма суриб қўярдим, – дейди ҳунарманд болалик хотираларини биз билан баҳам кўраркан. – Бу ишларимдан ота-онам завқланиб, мени рағбатлантириб турарди.
Йиллар ўтиб жажжи қизча кўнглидаги ҳавас улғайгани сари унинг тақдирига айланди. Иброҳим ака қизалоғининг қизиқишини сезиб, унга шарт-шароитлар яратиб берди. Дастлаб, педагогика билим юртининг расм-чизмачилик бўлимига ўқишга қабул қилинган Манзурахон кейинчалик Камолиддин беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўз билим ва тажрибасини кенгайтира бошлади. Андижон вилояти адабиёт ва санъат музейида фаолият олиб борган кезларда унинг аҳди янада мустаҳкамланди. Боиси ўша пайтларда Манзурахон қадимда ясалган ва шу пайтгача сақланиб қолган қўғирчоқлардан илҳомланганди. Шундан сўнг у турли қўғирчоқлар эскизини ярата бошлади. Орадан бироз вақт ўтиб, ижодкор аёлнинг яратган қўғирчоқлари маҳалла-кўйда, эл орасида овоза бўлиб, ижобий баҳоланди. 1998 йилда эса у Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Наврўз байрами кўргазмасида ўз қўғирчоқлари билан иштирок этди. 2004 йилга келиб ҳунарманд аёл ўз шахсий кўргазмасини ташкил этишга муваффақ бўлди.
– Қўғирчоқлар нафақат бола учун овунчоқ, балки тарбия воситасидир, – дейди Манзурахон Юсупова. – У орқали бола миллий анъаналарни, миллатга хос қадриятларни ҳис этади. Керак бўлса, ўрганади ҳам. Сўз фарзанд саломатлиги, унинг камоли хусусида кетар экан, бу ишга ниҳоятда катта эътибор ва масъулият билан ёндашмоқ лозим. Қўғирчоқларни яратиш чоғида, аввало, унинг миллийлигига, нафис кўринишига, либосларнинг ва ундаги ишлатиладиган бўёқларнинг сифатига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Фарзандларимизни тажоввузкор, ғарбона ўйинчоқларни эмас, аксинча ички кечинмалари юзида акс этиб, ибо-ҳаё, миллийлик нафаси уфуриб турган, инсоний туйғулар ифодаланган шарқона қўғирчоқлар билан дўст бўлишини истардим. Шунинг учун ясаётган қўғирчоқларим орқали ўзбек миллатининг танти, меҳнаткаш, олижаноб қиёфасини ифода этишга уринаман.
Ҳунарманд аёлнинг ишларини кузатар эканмиз, “Она алласи”, “Етти гўзал” каби турли эртак қаҳрамонларини ясаш билан биргаликда, Бобур Мирзо, Нодирабегим каби тарихий сиймолар образини яратишга қўл ургани намоён бўлади. Бу қўғирчоқлар эса болада тарихий сиймолар ҳақида тасаввур пайдо қилиб, ватанпарварлик руҳида тарбияланишига замин ҳозирлайди.
Миллий анъаналарни ўзида акс эттирган, бежирим ва нафис қўғирчоқлари билан Манзурахон Қирғизистон, Қозоғистон, Франция, АҚШ, Туркия, Малайзия каби давлатларда ўтказилган кўргазмаларда иштирок этиб, халқимизнинг маданий мероси нечоғли бой эканини намойиш этишга муваффақ бўлди.
Маърифат ТОЛИПОВА