Уяли алоқа воситаси – беминнат дастёр

aммо ундан меъёрдан ортиқ фойдаланиш нурланишга сабаб бўлади

Бугунги глобал ривожланиш даврини мобиль телефонсиз кўз олдимизга келтириш ўта мураккаб жараён. Айрим маълумотларга қараганда бугун дунёда 4,6 млрд. абонент мобиль телефондан фойдаланади. Айниқса, кейинги йилларда мобиль телефондан фақат суҳбатлашиш мақсадида эмас, балки унинг бошқа имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Мобиль телефоннинг организмга зарари тўғрисида узил-кесил илмий хулоса бугун йўқ. Аммо, электромагнит тўлқинлардан нурланишнинг салбий таъсири тўғрисида кўплаб тадқиқот натижалари мавжуд.

Европалик олимларнинг таъкидлашларича 3 фоиз одамлар юқори электросезувчанлик ҳолатидан азият чекадилар. Бу дегани ушбу инсонларнинг организми электромагнит тўлқинларига ўта сезгир ҳисобланади.

Электромагнит тўлқинлар, авваламбор, болаларда лейкемия (қон раки), катаракта, мия ўсмасини келтириб чиқаради, қон – томир ва асаб тизими фаолиятини бузади. Бу ўз навбатида ДНК (дезоксирибонуклеин кислота – ирсий генни ташувчи оқсил) таркибининг бузилишига ҳам олиб келиши мумкин.

Маълум бўлишича 1мгц ва ундан юқори радио тўлқинлари тўқималарни қиздириш хусусиятига эга. Ҳатто магнит майдони айрим бир бўлак тўқималарнинг ҳароратини 100 С гача кўтариши мумкин экан. Бу ўз навбатида ҳомилага салбий таъсир қилади.

Европа мамлакатларида нурланиш даражасининг рухсат этилган меъёри 2 Вт/кг, айнан ана шу даража тўқималарни қиздирмайди. Мобиль телефонларнинг зарари тўғрисида аниқ далиллар бўлмасада, унинг организмга хавфи кундан-кун ошаётгани дунё олимлари ва тиббиёт ходимларини ташвишлантирмоқда. Ирландиялик шифокорларнинг берган маълумотларига қараганда мамлакатда мобиль телефон ишлатувчиларнинг ҳар 20 тадан бири телефон зараридан азият чекаркан. Улардаги асосий клиник белгилар: асабийлик, чарчаш, фикрлашда чалкашлик, бош айланиши, уйқусизлик ёки унинг бузилиши, кўнгил айниши, терида сезгирликнинг ошиши каби лардир. Уларнинг фикрича бундай ҳолат айнан мобиль телефон кўп тарқалган давлатларда кузатилмоқда.

Худди шу каби англиялик олимлар ҳам телефоннинг организмга зарари тўғрисида амалга оширган илмий изланишлари маҳсули сифатида, унинг зарари биринчи галда терида экзема (темиратки), астма (зиққинафас), қон ҳужайраларининг бузилишга, эркакларнинг мижоз сустлигига сабаб бўлиб, айниқса, ўсувчи организмга салбий таъсирлари тўғрисида маълумотлар келтирадилар. Ҳатто, Англияда болалар учун махсус ишлаб чиқарилган мобиль телефонларнинг сотилиши ҳам тўхтатилган. Финландиялик олим Кари Йокела телефондан нурланишнинг ҳужайралар фаолиятига салбий таъсири ҳақида ёзади.

Яна ўқинг:  Қулай шароит, яхши муолажа

Тўғри, телефон бугун бизнинг узоғимизни яқин қилмоқда. Гап мобиль телефонни умуман рад қилиш тўғрисида эмас, балки ундан оқилона фойдаланган ҳолда зараридан сақланиш борасидадир.

Телефондан нурланиш, айниқса, сиз бошқа киши билан уланаётганда телефон антеннаси яқин жойлашган станция билан маълумот алмашаётганда, гаплашаётганда нисбатан кўпроқ юз беради.

Агар телефонни қулоғингиздан 10 см.га узоқлаштирсангиз нурланиш даражаси 100 маротаба камаяди. Одатда гаплашганда телефон қулоққа яқин – 1 см. атрофида ушлаб турилади. Кўпчилик илмий хулосаларга қараганда телефоннинг мия ҳужайраларига салбий таъсири 13-15 сониядан кейин бошланар экан. Шу боис имкон қадар тез гаплашиш ёки қулоқдан узоқроқда тутиб гаплашган маъқул. Ушбу салбий таъсир болаларда кўпроқ кузатилади, сабаби – биринчидан бола мияси кичкина, иккинчидан бош суяги ҳали юпқа ва учинчидан болалар мияси фаол ривожланиш даврида бўлади. Мобиль телефон аппаратини бел камарида, шим чўнтагида олиб юриш тавсия этилмайди. Бу репродуктив фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Биламизки, жинсий ҳужайралар электромагнит тўлқин таъсирига ўта сезувчан бўлади. Маълумотларга қараганда мобиль телефон эркакларнинг шим чўнтагида турганда бир кеча-кундузда 20-25 фоиз жинсий ҳужайраларни ўлдириши таъкидланади. Маълумки, айниқса ёшлар мобиль телефондан эрталаб уйқудан уйғотувчи қўнғироқ сифатида ҳам фойдаланади ва бош қисмига яқин жойда қолдирадилар.

Мия ҳужайралари нурланишга жинсий ҳужайраларга нисбатан кам сезувчан бўлсада, ухлаш хонасида телефонни ҳатто ўчирилган ҳолда қолдириш тавсия этилмайди. Айрим ҳолларда болалар телефонини ёстиғи тагига қўйиб ҳам ухлайдилар, бу умуман мумкин эмас. Қолаверса, мобиль телефондан ҳатто уй телефонидан ҳам узоқ муддат гаплашувчилар организмнинг иммун тизимини хавф остига қўядилар. Организмнинг ҳар хил касалликларга ва ташқи муҳит таъсирларига қаршилик даражаси сусаяди. Телефон трубкаларидан чиқаётган электромагнит ва радио тўлқинлар биринчи тананинг бош қисми тўқималари томонидан хусусан мия тўқималари, кўз тўр пардаси, кўриш ҳамда вестибуляр тизими ҳамда эшитиш анализаторлари томонида сингдириб олинади. Электромагнит тўлқинлар тўқималарга сингиб уларнинг қизишига олиб келади ва аста-секинлик билан бутун организм фаолиятига хусусан асаб тизимига, юрак қон-томир ва эндокрин тизимига салбий таъсир қилади.

Лондонда чоп этиладиган “Independent” газетасида доктор Вини Курана мобиль телефоннинг салбий таъсири туфайли юзага келаётган мия саратони (раки) тўғрисида ёзади ва уни “Ҳукм” дея атайди. Яқин 10 йил давомида агар чора кўрилмаса бутун дунё мамлакатларида ёмон сифатли ўсма касаллигининг ўсиши кузатилишини таъкидлайди. Шунингдек, мобиль телефондан аҳоли оқилона фойдаланмаса унинг зарари ҳатто чекишдан ҳам кўпроқ бўлади. Негаки, бугун дунёда 1,6 млрд. аҳоли чекса, 4,6 млрд. аҳоли мобиль телефондан фойдаланадилар.

Яна ўқинг:  Сизни тушуниши учун СИЗ ҲАМ ТУШУНИНГ

Одатда одамлар телефонда гаплашаётганда унинг зарари ҳақида эмас, балки амалга ошираётган иши тўғрисида ўйладилар. 70 фоиз телефондан фойдаланувчилар кунига 30 дақиқадан кўп гаплашадилар. 30 фоиз кишилар иккитадан телефон олиб юрадилар, 40 фоиз одамлар кечаси ухлаганда телефонни тананинг бош қисмидан 70 см узоқликда сақлайдилар. Атиги 20 фоиз фойдаланувчилар унинг зарари тўғрисида биладилар.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, телефоннинг зарари тўғрисида аниқ илмий далиллар етарли даражада бўлмасада, унинг салбий таъсирини ҳеч ким инкор қилмайди.

Мобиль телефони ва ҳар қандай электромагнит тўлқинларни чиқарувчи электр асбоб-ускуналардан меъёрда ҳамда тўғри фойдалансангиз ўзингиз ва атрофингиздагиларнинг саломатлигини асраган бўласиз.

Ибадулла АБДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор, Саломатлик ва тиббий статистика институти ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: