Орзигул нега йиғлади?
Боғчадан қайтаётган Орзигул йўл четидаги майсалар орасида ер бағирлаб ётган чучмомани кўриб, тўхтаб қолди.
– Юрақолсанг-чи, уйга кеч қоляпмиз, деган опасига, мана бу гул ўрнидан туролмай йиғлаяпти-ку, деб жойидан жилмади.
– Қани, мен ҳам бир кўрай-чи, – деб опаси унинг олдига келди ва деди:
– Вой-бў-ў, бу гулни кимдир оёғи билан босиб кетибди. Энди уни узиб олиш керак.
– Йўқ-йўқ… Узиб олманг, унинг жони оғрийди.
– Кеч бўлиб қолди, ойим хавотир олади, юр кетдик, юр, синглисининг қўлидан тортқилади опаси.
– Гулим-чи?
– Уни узиб ола қол, уйга бориб гулдонга солиб қўясан.
– Шунда яна кўкарадими?
– Албатта.
Орзигул қўлидаги чучмомани опаси айтгандек сувга солиб қўйди. Уйқуга ётгунча икки-уч марта гулдан хабар олиб кетди.
Аммо эрталаб туриб гулдон ёнига келди-ю, йиғлаб юборди.
Ёнига югуриб келган опасига қараб, нега алдадингиз, нега? – дерди пиқиллаб.
Гулга кўзи тушган опаси бирданига гап нимада эканлигини англади. Синглисини маҳкам бағрига босаркан, гулни пайҳон қилиб кетган кимсани ич-ичидан ёмон кўриб кетди.
Жамила ҲАЙДАРОВА