Уйқу нима?

“Мен бугун яхши ухладим”, “Мен бугун ухлай олмадим”, “Менинг уйқум келяпти”, деган сўзларни бир-биримиздан эшитиб турамиз. Мириқиб ухлаган кишининг роҳат қилганини, ухлай олмаганнинг эса қанчалик изтироб чекканини, уйқуси келаётган одамнинг аҳволини тушунамиз. Бироқ уйқунинг ўзи нима эканини ҳамма ҳам таърифлаб беролмайди. Ваҳоланки, уйқу жараёни ҳақидаги тушунчани, уйқунинг инсон фаолиятидаги ва саломатлиги учун қанчалик фойдаси борлигини билиш катта аҳамиятга эга.

Уйқу табиат қонунига бўйсунади, фасл алмашинуви, куннинг тун билан алмашиниши, табиатдаги шунга ўхшаш бир неча алмашинувлар уйқуга таъсир этади. Уйғоқлик пайти уйқу билан алмашинади. Организмдаги қайталаниб турадиган жараёнларга нерв системаси ҳукмронлик қилади. Кундузи киши ишлаётганида ички органлардан тортиб, бош миягача ўз фаолиятини зўр бериб кўрсатади, яъни танадаги бутун аъзолар ишга тортилади. Бунда вегетатив нерв системасининг симпатик бўлими ҳукмронлик қилади. Уйқу вақтида эса бош миядан тортиб, ички органларгача ўз фаолиятини пасайтириб, анча дам олади.

Маълумки, бош мия тўқималари қўзғалиш ва тормозланиш хусусиятига эга. Одам уйғоқлик пайтида мия ҳужайралари кўп қўзғалади. Ҳар бир ҳужайра, ҳар қандай тўқима иш фаолияти вақтида ўзидан жуда катта куч-қувват йўқотади, бинобарин уларнинг фаолияти узоқ давом этиши учун сарфланган қувват ўрнини тўлдириш лозим бўлади. Мия ҳужайралари ҳам қўзғалган пайтда маълум миқдорда энергия сарф қилади ва уни тиклаш учун эҳтиёж сезади. Мия чарчаганда уйқу келади. Бу ором даврида ҳақиқатан ҳам куни билан хизмат қилган ҳужайралар яна ўз навбати билан қўзғалиш учун куч-қувватни тиклайди. Демак, тинч ухлаб ором олиш инсон учун яратувчилик мезонидир.

Одатда кечаси мириқиб ухлаб турган одам эрталаб ўзини енгил ҳис қилади, янги меҳнат куни учун куч – қуввати тикланганлигини сезади.

Уйқу инсон умрининг учдан бир қисмини ўз ичига олади. Болалар ёшига қараб суткасига 8 – 14 соатдан ортиқ, кексалар эса 7 – 8 соат атрофида ухлайди. Олтмиш йил яшаган киши ўз умрининг йигирма йиллини уйқу билан ўтказади. Одам нега бунчалик кўп ухлайди, деган савол туғилиши табиий. Уйқуга кетган йилларга баъзан ачиниб ҳам қўяди киши. Лекин шундай бўлса ҳам одамлар кўпинча кўп ухлашдан эмас, балки ухлай олмасликдан шикоят қиладилар.

Яна ўқинг:  Олимлар фикри: инсоннинг характери унинг қайси ойда туғилганига боғлиқ

Олимларнинг ўтказган тадқиқотларидан маълум бўладики, ўн ёшдан ошган одамларнинг фақат 55 фоизи тўйиб ухламайман, деб жавоб берган. Қолган 45 фоизига яқин киши эса ҳар иккала сабабдан шикоят қилган.

Уйқу пайтида кишининг, аввало, бош мия мағизи (тугунчалари) ташқи хабарлардан холи бўлиб, мия фаолиятининг ўзига зарур бўлган маълумотларнигина қабул қилиб олади. Зарур бўлмаганларини инкор этишга мажбур бўлади. Бу билан фойдали маълумотлар хотирада узоқ вақт олиб қолинади.

Ёш болалар соғлиғини сақлаш, организмни мустаҳкамлашда кундузги уйқу (1,5 – 2 соатлик) яхши натижа беради.

Яхши ухлай олмайдиган кишилар қуйидаги воситалардан фойдаланишлари мумкин. Бир ош қошиқ асални бир пиёла илиқ сувда эритиб ёки икки қошиқ шакарни бир пиёла иссиқ сувда эритиб, уйқудан 1-1,5 соат олдин ичиш уйқуни яхшилайди. Уйқу олдидан оёқни иссиқ сувга ботириб ўтириш ёки оёққа грелка қўйиш ҳам яхши натижа беради. Сиз кундузи бирор нарсадан асабингиз бузилди-ю, тинчлигингизни йўқотиб қўйдингиз, дейлик. Бунинг оқибатида уйқу келмаслиги табиийдир. Бундай вақтда ўз яқин кишингизга нимадан хафа бўлганингизни айтиб, ичингизни бўшатсангиз, дилингиз ёзилиб, кейин осонроқ ухлайсиз.

Уйқудан олдин ўз-ўзини тинчилантириш йўллари ҳам яхши фойда қилади. Уйқу олдидан очиқ ҳавода сайр қилиш, ёқимли куй тинглаш ёки бирон бир бадиий адабиётни мутоалаа қилиш ҳам ниҳоятда фойдалидир.

Хуллас, уйқу келмаса дарров уйқу дориси ичмаслик, тушкунликка, ваҳимага тушмаслик керак. Бундай тушкунликлар аксинча, уйқуни янада қочиради. Уйқу келмаса, яхшиси ўриндан туриб, ўзингизга ёқадиган бирор қизиқроқ иш билан шуғулланинг, шунда чарчаб уйқуга кетасиз.

Лобар ЗАКИРОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти “Соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва ўқитиш” бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: