Тил ўрганиб, эл билиб…

“Қалбларга ҳаяжон солиб, юракларни энтиктирувчи шундай сўзлар борки, уларни айтганимизда вужудимизни титроқ эгаллайди. Ички бир меҳр-муҳаббат билан Ватан, Ўзбекистон, десак ўша нурнинг тафтини ҳис этамиз. Жон томирларимиз билан унга боғланиб қолганимизни сезганимиз сари шу Ватан, шу юрт учун яшашга, изланишга, ҳар жабҳада янада фаолроқ бўлишга интиламиз”.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети чет тиллар факультетининг 2-босқич талабаси Сетора Йўлдошеванинг бу фикридан билиш мумкинки, ўқиб, изланиб, юртнинг тақдирига даҳлдорлик ҳисси билан яшаш зарур.

Иқтидорли талаба Германиянинг Фрайбург шаҳридаги педагогика университетига ўқишга борганида қалбидан ўтказгани ҳақида тўлқинланиб гапиради. Она юрти Қашқадарёнинг Чироқчи тумани, унинг гўзал табиати, сервиқор тоғлари-ю, тандирдан энди узилган иссиқққина буғдой нонлари кўз олдидан кетмасди. – Ана шу туйғу мени Германиядан қайтгунимча сира тарк этмади…

2013 йилда Фрайбург педагогика университети проректори (2008 йил 28 мартдаги педагогик тажриба алмашиш мақсадида тузилган шартномага кўра) Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига келиб профессор Хуррам Раҳимов билан биргаликда талабаларнинг билимларини синовдан ўтказишди. “Ўзбекистон таълим тизими”, “Ўзбекистон маданияти, урф-одатлари” каби мавзуларда суҳбат ва ёзма иншо тарзида ўтказилган беллашувда Сетора DAAD (ГААХ – Германия академик алмашинув хизмати) стипендияси ғолиблигини қўлга киритиб, бир семестр Германияда ўқиш имкониятига эга бўлди. Отаси Қурбонназар ака ва онаси Саодат опалар бундан ҳам қувондилар, ҳам узоқ жойга қиз болани юбориш ҳақида бир оз иккиланиб турдилар-у, фарзандларининг билим олишга бўлган иштиёқини кўз олдиларига келтириб, унга оқ йўл тиладилар.

У педагоглик касбини танлашига онаси Саодат опанинг ўқитувчи бўлгани туртки бўлган бўлса, немис тилини ўрганиш, унга меҳр қўйишида Қарши мухандислик иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейидаги устозлари Дилфуза Отамуродова, Барно Пардаеваларнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлайди. Шунингдек, олий билим даргоҳидаги Дилрабо Маматаева, Наримонбек Элчибеков, Сардор Назаров, Сирожиддин Дўстбеков, Ҳуррам Раҳимов каби талабчан устозларидан олган билимлари унинг талабалар ўртасида мунтазам ўтказиладиган билимлар синовларида ғолибликни қўлга киритишида қўл келди.

Билим даргоҳида Сетора Польша, Қозоғистон, Франция, Италия каби 15 дан зиёд ривожланган мамлакатлардан келган талабалар билан билим олди, дўстлашди. Ана шу талабалар қатори германиялик профессор ўқитувчилари – Томас Бауер, Керстин Хегей ва бошқа устозлардан немис тили граматикаси, тил тарихи, немис тили адабиёти ва тарихи каби фанлардан билим олди. Немис адабий тилида гаплашишни, интернет орқали дарс ўтишни ўрганди.

Яна ўқинг:  Ахборот технологиялари

Ўқиш баҳона Сетора германиялик устозлари билан Италия, Франция, Швейцария мамлакатларида бўлди. Европа давлатлари олий таълим даргоҳлари таълим тизимида мамлакатлараро тажриба алмашиш ғоясини илгари сурган швейцариялик олим Эрасмуз (бугунги кунда талабаларга бериладиган халқаро стипендия “Эрасмуз” номи билан аталади) ҳаёти ва фаолияти билан танишдилар. Унинг курсдошлари орасида ана шу стипендияга муносиб талабалар бор эди.

Айниқса, икки ой Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида амалиёт ўтаб қайтган германиялик 5-босқич талабаси Мариа Берховский билан Сетора Йўлдошеванинг биргаликда ўтказган “Ўзбекистон қаерда жойлашган?” мавзусидаги тақдимоти ҳамда Ўзбекистон маданияти ва миллий кийимлари, тўй маросимлари кўрсатилган фильмлар намойиши устозлар ва тенгдошларида катта қизиқиш уйғотди. Хитойлик курсдоши Мао Тинг билан ўзбекларнинг севимли таоми палов қандай тайёрланишини кўрсатиб беришди. Семестр охирида Сетора Йўлдошева ўнта фан бўйича муваффақиятли имтиҳон топширишга муваффақ бўлди. Имтиҳонларни презентация асосида ҳар бир мавзуни амалиёт билан боғлаб очиб беришга харакат қилди. Устозларнинг қизиқарли ўйинлар асосида ўтган сабоқлари айниқса унга жуда маъқул бўлди.

Сетора ўқишдан бўш вақтларида пианино чалиш, шеърлар битишни хуш кўради. Она Ватан, табиат, муҳаббат ва садоқат мавзуларидаги шеърлари республика ва туман газеталари саҳифаларида чоп этилган.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: