Солиҳа – салоҳият соҳибаси

Мамлакатимиз пойтахти – Тошкентнинг ҳавоси мусаффо, оромбахш, роҳатижон. Таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг юраги Тошкентда Ўзбекистонимизнинг ҳайратомуз мўъжизалари мужассамлашган. Бепоён мовий осмон тиниқлигида булутлар билан қучоқлашган пурвиқор тоғлар яққол кўзга ташланиб, дилларни яйратади. Тўлин ой билан чирой талашган ҳузурбахш гуллар сўлим оромгоҳларга, хиёбонларга, кўчаларга гўзаллик бахш этиб туради. Баланд-баланд бинолар, кишиларнинг узоғини яқин қилаётган айланма кўприклар, турли ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилаётгани халқимизнинг меҳнатсеварлиги, жонажон Ватанимиздаги тинчлик ва осойишталик самараси, бахт ва фаровонлик тимсолидир.

Солиҳа Нигматова ана шу сўлимликлар қўйнида ўсиб улғайган Тошкентнинг қизи. Меҳнатлари, саъй-ҳаракатларига қараб уни мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига муносиб ҳисса қўшаётган юртимизнинг баркамол ва азиз фарзанди, дегим келади. Бу аёлнинг исми жисмига монанд. Ниҳоятда изланувчан, ташаббускор ва салоҳиятли аёл.

Мамлакатимизда фарзандларимизни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш давлат аҳамиятига молик масалалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада кўплаб ташкилотлар қатори якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам самарали фаолият олиб боришмоқда. Улар орасида Солиҳа Нигматованинг изланишлари, саъй-ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

– Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди, – дейди тадбиркор. – Энг муҳими, бу эзгу ғоялар замирида инсон, унинг манфаатлари устувор қўйилганидир. Истиқлолнинг илк йиллариданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка эътибор берилиб, аҳолининг шахсий даромадларини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Биз танлаган йўл нақадар тўғри эканини бугун халқимиз турмуш-тарзининг юксалгани, кишилар тўқ ва фаровон яшаётганидан ҳам англаш мумкин. “Иффатли келин” ўқув марказини очишимиздан мақсад ҳам қизларимизни оилага тайёрлаш, уларни ҳунарли қилиш, шунинг ортидан турмуш-тарзини юксалтиришга ҳиссамизни қўшиш эди. Уч киши билан иш бошлаган корхонамиз ўтган ўн икки йилда етмиш беш кишига кўпайди.

“Иффатли келин” ўқув маркази жойлашган бинони кезар экансиз, деворларга илинган амалий санъат намуналарини кўздан кечириб, гўё кўргазмага кириб қолгандек бўласиз.

Солиҳахон бошлиқ ўқув марказида амалий санъатнинг қадимий анъанаси каштачилик, тўқувчилик, бисерли мунчоқ, тикиш-бичиш курслари йўлга қўйилди. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб замонавий пардалар тикиш, эркаклар ва аёллар шими, астарли костюмлар, тўй либослари, ҳатто сарпо қутилари тайёрлаш курслари мавжуд. Бу ердаги устозу шогирдлар тиккан ёстиқ ва диван устига ёпгич, безаклар бериб тикилган чойшаблар жуда харидоргир. Кейинги йилларда улар миллий ва замонавий адрас-атлас матодан турли хил кийим-кечаклар тикишни ҳам ўзлаштириб олишди. Бу ерда устозу шогирдлар ҳамкорлигида тайёрланаётган маҳсулотлар бозорга олиб чиқиб ўтирилмайди. Маҳсулотларнинг гўзаллиги, сифатлилиги туфайли харидорнинг ўзи излаб келади.

Яна ўқинг:  Бир гап бор (2014/9)

Иккинчи йўналиши – миллий ҳамда бошқа миллатларнинг пазандалик сирларини ўргатишдир. Бу бора-да ҳам еттита курс ёшларга таълим-тарбия беряпти.

Учинчи йўналишда ”Ёш оналар мактаби”, косметология, оёқ ва қўл тирноқларини асраш-авайлаш, сочларни парваришлаш ва жило бериш каби курслар ишлаб турибди. Шунингдек, компьютерни бошқариш борасида ва унинг турли йўналишларида таълим йўлга қўйилган.

Ёшларни оилага психологик яъни келинликка тайёрлаш таълими ҳамда қайноналик маҳорати психологияси курси ҳам самарали ишлаб турибди. Бу оилаларни мустаҳкамлашга, хонадонлардаги муҳитни яхшилашга муносиб ҳисса қўшаётир.

Хуллас, 2000 йилда уч йўналишда иш бошлаган “Иффатли келин” ўқув марказида бугунги кунда 38 хил ҳунарга йўналтирилган курслар фаолият юритмоқда. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах вилоятларида, жумладан, Сурхондарёнинг Денов, Самарқанднинг Каттақўрғон туманларидаги филиалларида ҳам кўпгина қизлар миллий ҳунармандчилик, пазандалик сирларини мустаҳкам эгалламоқда.

– Биз учун халқимиз, Ватанимиз манфаатидан улуғ мақсад йўқ, – дейди Солиҳа. – Бизнинг марказимизда кам таъминланган оилалар аъзолари, ногиронлар ўқув марказимиз ҳисобидан ўқитилади. Корхонамиз жойлашган Чилонзор туманидаги “Домбиробод” маҳалласига байрамлар ва тадбирлар ўтказишда кўмаклашиб турамиз.

Салоҳиятли раҳбарнинг бу меҳнатларини ҳукуматимиз ҳам муносиб баҳоламоқда. Бу йил Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси уни Фахрий ёрлиқ билан тақдирлагани фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот“ ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда халқаро ташкилотлар билан бирга ўтказилаётган “Таълим ва мутахассислик” номли халқаро кўргазмада ўқув маркази тўрт йилдан буён биринчи ўринни эгаллаб келади. Бунда, албатта, муассаса ходимларининг ҳиссаси катта. Улар қизларни нафақат ҳунарли қилишяпти, балки тадбиркорликка ҳам йўналтириб келишаётир. Дарҳақиқат, Солиҳахон етакчилик қилаётган марказда ҳунар эгаллаган аёлларнинг кўпчилиги хусусий корхона очиб, оилавий бизнесини йўлга қўйишди.

У 2005 йили Тошкентда Италия мутахассислари билан бирга ўтказилган ”Самарали тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш” номли ҳафталик семинарда малакасини оширди. Шунингдек, Республика хотин-қизлар қўмитаси ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси ташкил қилган кўплаб семинарларда ўз малакасини оширди ва жаҳон тажрибаларини ҳам ўрганди. Самара эса кутилган натижани берди.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: