Имконияти чеклангандир, аммо имконият чекланмаган

Инсоннинг тақдири туғилмасиданоқ белгиланган бўладими? Ёки ҳамма нарса унинг ўзига, ҳаракатига боғлиқми? Бу икки сабабнинг у ёки бунисини тўғри дейдиганлар кўплаб топилади. Аммо орамизда шундай кишилар борки, уларнинг ҳаёти, жисмоний ва руҳий ҳолатини кузата туриб, ичингда бир оғриқ туради. Худдики, узоқ муддат даврини сурадиган ярадек, симиллаб, секин-секин забт этувчи бу тушунарсиз дард турфа хаёллар томон олиб кетади.

Ҳар гал ишга отланарканман, ўрта ёшли аёл ногиронлар аравачасида ўн тўрт-ўн беш ёшлар чамасидаги қизни сайрга олиб чиққанини кўраман. Қизиқ, унинг бу ҳолга тушиб қолишига ким айбдор? Туғма ногиронми? Ёки бирор кўнгилсиз ҳолат содир бўлганмикан? Шу каби саволлар билан ишхонага етиб келганимни ҳам билмай қоламан. Нима бўлганда ҳам у қиздан ота-онаси юз ўгирмаган, унга бор меҳрини бахш этиб, оқ ювиб, оқ тараб улғайтирмоқда. Бироқ юртимизда фаолият юритаётган меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган мурғак ёшларнинг кўпи ота-она меҳридан бенасиб улғаймоқда. Уларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатилиб, қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Зеро, мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолган эмас. Сўзимиз тасдиғини Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида яратилган шарт-шароитларда кўриш мумкин.

– Муассасамизда эллик нафардан зиёд бола тарбияланмоқда, – дейди болалар уйи бош шифокори Феруза Умарова. – Уларнинг ёши, ақлий ривожланишига қараб олти гуруҳга ажратганмиз. 48 нафар малакали педагог уларнинг тарбияси билан шуғулланса, 4 нафар шифокор ҳамда 17 нафар ҳамшира болаларнинг саломатлигини доимий назорат қилиб бормоқда. Тарбияланувчиларга қулай шарт-шароит яратилган. Бунда ҳомийларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлаётир. Қолаверса, икки нафар боланинг оёғига протез қўйишда ҳам уларнинг беминнат ёрдами асқотди. Камила болалар уйига келганида юзи куйган, аянчли ҳолатда эди. Босқичли пластик жарроҳлик йўли билан асл қиёфасини қайтаришга киришганмиз. Натижа ёмон эмас. Ҳомийларнинг саъй-ҳаракати билан олти ёшли қизча ўзининг ҳолатини тикламоқда.

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар томонидан муассаса маиший техника воситаси билан таъминланган. Ҳар бир хона чанг ютгич, замонавий телевизорлар билан жиҳозланган. Болалар уйида тарбияланаётган болалар учун барча имкониятлар муҳайё. Логопед, дифектолог хоналари ташкил этилган. Ҳар бир тарбияланувчининг нутқий саводхонлигини ошириш мақсадида якка тартибда машғулотлар олиб борилади.

Яна ўқинг:  Хабарлар, янгиликлар, воқеалар (2014/8)

– Психофизик ривожланиши бузилган болалар билан ишлашнинг ўзига яраша машаққатлари бор, – дейди муассаса катта тарбиячиси Дилором Иноғомова. – Биринчи навбатда уларга оналарча муносабатда бўлиш лозим. Руҳияти, жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб машғулотлар ўтамиз. Мақсадимиз ҳам болаларни имкониятидан келиб чиқиб, ўзига ўзи хизмат кўрсата оладиган, фикрини эркин ифода этадиган даражага олиб чиқишдир. Шу мақсадда шеър ёдлаш, қўшиқ айтиш, рақс каби машғулотлар мунтазам фаолият юритмоқда. Болаларнинг эркин униб-ўсиши учун уй шароитини яратишга ҳаракат қилганмиз. Қолаверса, тарбия жараёнида миллий урф-одат ва анъаналар, оилага, ота-онага муҳаббат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби эзгу фазилатларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Ахир, ҳар бир бола ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши, улғайгач жамиятга нафи тегиши лозим.

Муассасада болаларнинг жисмоний ривожланишини тўғри йўлга қўйиш мақсадида жисмоний даволовчи хона ҳамда болалар майдончаси ташкил этилган. У ерда замонавий спорт инвентарлари, очиқ чўмилиш ҳавзаси болалар ихтиёрида. Болалар уйи махсус ётоқ мебели ва юришга кўмаклашадиган аравачалар, турли ўйинчоқлар, сифатли кийим-кечаклар билан таъминланган. Қувонарлиси, бу ерда тарбияланаётган болалар ҳаракатчан, санъатга, адабиётга меҳри баланд. Улар чизган расмлар, эртак қаҳрамонлари қиёфасини яратишга интилиши, қоғоз ёрдамида турли гуллар ясашини кўриб кўзингиз қувнайди. Бу болалар етти ёшга тўлгач, руҳий ва жисмоний имкониятига қараб, мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатларига ўтказилади, бошқалари эса ота-онаси қарамоғига қайтарилади. Ҳозирда саккиз нафар бола мактабга тайёрланмоқда. Улар ўқиган шеърлар, айтган қўшиқларидан билиш мумкинки, педагог-тарбиячилар, логопед-дифектологлар меҳнати бесамар кетмаган.

– Хоналар жиҳозланиши, безатилишига эътибор қилдингизми? Улар боланинг хотираси ва нутқи ўсишига ёрдам беради, – дейди тарбиячи Шоҳсанам Ҳўжамбердиева. – Девордаги кўргазмали қуроллар, турли ҳайвонлар расмини кўриб, унинг номини тўлиқ талаффуз қилишга интилади. Ҳайвонот ва наботот олами ҳақида тасаввур пайдо бўлади.

Муассаса тарбиячилари ҳар беш йилда малака оширишади. Қолаверса, Республика реаблитация маркази билан ҳамкорликда турли семинар-тренинглар ташкил этилиб, ходимларнинг тажрибаси мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, болалар уйи Тошкент вилояти Тиббиёт бошқармаси ҳамда Қибрай туман Тиббиёт бирлашмаси билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Малакали шифокорлар болаларнинг саломатлигидан доимий хабардор.

Ҳа, Тошкент вилояти психофизик ривожланиши бузилган болалар ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида тарбияланувчилар қулай муҳит ва замонавий шарт-шароитда улғаймоқда. Шу ўринда савол туғилади? Хўш, бу норасидаларнинг ногирон туғилиши боиси нима?

Яна ўқинг:  Ном ва атамалар

– Ҳар бир боланинг ота-онаси, уларнинг одоб-ахлоқи билан яқиндан танишамиз. Маҳалла-кўй, қўни-қўшниларидан суриштарамиз, – дейди Феруза Умарова. – Маълум бўладики, уларнинг аксарияти гиёҳвандлик ва спиртли ичимликларга ружу қўйган. Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли фарзандлари носоғлом туғилган. Шунингдек, ҳомила вақтида маълум сабабларга кўра онанинг соғлиғига эътиборсизлиги, ўткир вирусли гриппга чалингани, шу билан бирга боланинг ўзи бир ёшгача бўлган даврда хасталикнинг оғир турини бошидан ўтказгани боис шундай вазиятлар рўй берган. Маълумки, ўткир вирусли грипп боланинг ақлий ривожланишига катта таъсир этади. Шу боис ҳар бир ота-она мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб турса, ўзининг тақдири, боласининг келажаги ҳақида қайғурса, ўйлайманки, бу каби ҳолатларга барҳам берилган бўларди.

Дарҳақиқат, оила тотув ва аҳил, ҳақиқий тарбия ўчоғига айланса, фарзанд соғлом ва баркамол бўлиб улғаяди. Зеро, 2014 йилнинг – “Соғлом бола йили” деб номланишида ана шундай эзгу ғоя мужассамдир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: