Келдим санга юз умид бирла…
Дунёда улуғ фарзандларга макон бўлишни орзу қилмаган юртни, мутафаккир намояндалари қучган шарафдан сарбаланд бўлмоқни истамайдиган халқни топиш мушкул. Не тонгки, тақдир халқимизни бу толедан такрор-такрор баҳраманд этган. Нафақат туркий эллар, балки бутун дунё халқлари эътиборини қозониб, номини абадиятга муҳрлаган аждодларимиз рўйхати жуда-жуда салмоқдор. Шубҳасиз, бу сафда бетакрор сўз санъаткори Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ва шахсиятининг бетимсол ўрни бор.
Аслида улуғларнинг улуғлигини исбот этиш учун улар ижодига мансуб бир неча мисра ёхуд байтга эътибор қаратишнинг ўзи кифоя. Инчунин, Мирзо Бобур асарлари дастлаб бошдан-охир тушкун кайфият билан суғорилгандек, дунёдан этак силкиган, ўзини элдан айро кўрмоқни афзал билган кишининг эзгин изҳорларидек тасаввур пайдо этади. Мутафаккир ижодининг шоҳ намунаси бўлмиш “Яхшилиғ” радифли ғазал бу хулосага узил-кесил нуқта қўйгандек бўлади:
Ким кўрубдур, эй кўнгул
аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки, ондин яхши йўқ,
кўз тутма ондин яхшилиғ!
Гар замонни нафй қилсам,
айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин,
бу замондин яхшилиғ!
Бу мисраларни ўқий туриб, беихтиёр кўзингизга ёш келади, топмиш-йўқотмишларингиз ёдингизга тушиб, кўксингизни теран бир андуҳ кемира бошлайди. Ва сиз ҳам кўпчилик сингари: “Дарҳақиқат, Бобур дунё бевафоликларидан кўп бора азият чеккан”, деган хулосага келасиз. Бироқ бу хулоса кўнглингиз қатидан жой олиб улгурмай, шоир сизни дарҳол ўзга бир кайфият чорбоғига етаклайди. Гўё сизни синовдан ўтказаётгандек кетма-кет эзгин сатрларни тизади-да, бирданига кутилмаган, ҳатто аввалги фикрларига зид хулосани ўртага қўяди:
Бори элга яхшилиғ қилғилки,
мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди
фалондин яхшилиғ!
Ана шунда Бобурнинг аслида ҳаётни беҳад севадиган, эл корига ярашни шараф билган, бутун умри, зоҳиру ботинини яхшиликка сафарбар этган бетакрор қалб соҳиби эканлигига амин бўласиз. Толеига улуғлик насаби битилганлигини илк сатрлари қоғозга тушгандаёқ англаган Бобур Мирзо кўра-била туриб, ўзини кимсасизлик, руҳий беқарорлик ва таназзул жарига итқитармиди?! Йўқ, аксинча, у ана шу изтироблар ичра қақнус янглиғ ёниб-тобланиб, янги зафарлар сари одимлайверди.
Шу тариқа Кобул ва Ҳиндистонда туркий калом жаранг берди, туркона урфу одат қарор топди.
Бобур буни фақат жаҳонгирлик иштиёқи туфайли эмас, балки дину диёнат, ҳақиқат ва адолат тантанаси учун амалга оширди. Шу боис унинг зафарли юришларини қон тўкишлар эмас, туркий маданиятни ўзга элларга ҳам ёйиш орзуси ўлароқ талқин этадилар. У забт этган ҳинд эли сиёсий-маданий ҳаётининг оташин намояндаси Жавоҳарлал Нерунинг “Бобур феъли ва сажиясига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир”, деган эътирофи ҳам бу мулоҳазаларга ҳамоҳангдир. Дунёдаги жамики адолат ва ҳақиқат тарафдорлари улуғ бобокалонимизни айни шу фазилати боис севишади, ардоқлашади. Мана, Қутб ул-авлиё Абдулхолиқ Ғиждувоний бобомиз нима дейдилар:
Ҳар кимса ёмонликники одат этгай,
Ҳар кори бади қалбини ғорат этгай.
Эй ҳамсафарим, таънадин уз дил, негаким,
Бад кимсани бад одати бадбахт этгай.
Шундай улуғ ҳақиқатлардан бохабар, Хожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асари таржимасини амалга оширган, “Мубаййин”да одоб-ахлоқ масалаларидан қизғин баҳс юритган Бобур Мирзо умрини ёмонлар билан “жанжаллашиб” ўтказишга рози бўлармиди? Йўқ, Бобур бундай йўл тутмади. Боболар айтган йўриқ ўзи учун чинакам саодат келтиришини теран англаб, дунёга нек назар билан боқишни канда қилмади. Унинг маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий жабҳадаги бетимсол зафарларига омил бўлган куч ҳам аслида, ана шу комил ишончдир:
Душманники, бу даҳр забардаст қилур,
Нахват майидин бир неча кун маст қилур.
Ғам емаки, еткурса бошини кўкка,
Охир яна ер киби они паст қилур.
Ҳа, ёмонга ёмонлик жавобин бермоқ – улуғларнинг одати эмас! Аксинча, эл ҳурматини қозонган қай бир ҳукмдор фаолиятига назар солманг, муроса ва бағрикенглик улар муваффақиятининг гарови бўлганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Бобур Мирзо эса бу жиҳатдан барчага ибрат бўла олган улкан қалб соҳиби. Улуғ аждодимиз ҳаёти ва фаолиятининг бетакрор солномаси бўлмиш “Бобурнома”ни варақлаган ҳар бир инсон бунга такрор-такрор амин бўлади.
Шодмон СУЛАЙМОНОВ,
филология фанлари номзоди