Ўйинчоқлар оламига саёҳат

Уларни тўғри танлаш бола руҳияти ва келажакда касб танлашига ижобий таъсир этади

Жиянимнинг туғилган кунига совға харид қилиш мақсадида “Болалар ўйинчоқлари” дўконига кирдим. Дўкон растаси турли, ранг-баранг ўйинчоқларга тўла. Улар орасида “Барби”, “Синди” номли қўғирчоқлар, “Бонни”оти, турли русумдаги машиналарнинг каттаси-ю кичиги, “Лего” каби болаларда турли шакл ва қурилмаларни ясашга мўлжалланган, мисоли бошқотирмали ўйинчоқлар эътиборингизни тортади.

Шу пайт ёнимдаги аёл ўйинчоқ компьютер ва ёзув доскачаси сотиб олди. Мен қизиқиб ундан буларни неча ёшли болалар учун харид қилганини сўрадим. У икки нафар ўғлига ёшига муносиб ўйинчоқлар харид қилганини айтди.

Мутахассисларнинг фикрича инсоннинг келажакдаги ҳаёти, унинг қандай касб танлаши болалигида ўйнаган ўйинлари ва ўйинчоқларига ҳам боғлиқ экан. Хўш, болаларимизга қандай ўйинчоқлар олиб берганимиз маъқул? Ўйинчоқларнинг бола руҳиятига, унинг маънавий ва жисмоний саломатлигига фойдали ва зарарли томонлари қандай? Фарзандларимизга ўйинчоқ танлашда нималарга аҳамият бериш керак? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида психолог Дилноза Умрзоқовага мурожаат этдик:

– Болалар жуда зийрак ва қизиқувчан бўлишади. Дунёга ҳайрат кўзи билан боқиб, ўз тасаввурларидаги оламни яратишга харакат қиладилар. Бундай пайтда болаларнинг қандай ўйинчоқ ўйнаши уларнинг тарбиясида, дунёқарашида, келгуси ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ақлли, зукко, тарбияли инсон бўлиб камол топишини истайди. Бунда болалар ўйнайдиган ўйин ва ўйинчоқлар катта аҳамият касб этади. Ўйинчоқларнинг энг муҳим, шу билан бирга, энг нозик жиҳати ҳам шунда. Негаки, глобаллашув жараёнида турли бузғунчи ғоялар, маънавий ва мафкуравий таҳдидлар ўйинчоқлар тимсолида турмушимизга сездирмасдан кириб келиши мумкин.

Сир эмас, бугун фарзандларимиз асосан хорижда ишлаб чиқарилган ўйинчоқларни ўйнаб улғаймоқда. Улар орасида болаларни ташқи олам билан таништиришга хизмат қиладиган ўйинчоқлар билан бирга, миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган, ўғил-қизларимизнинг руҳияти ва маънавий дунёсига салбий таъсир қилувчи маҳсулотларни ҳам, афсуски, учратиш мумкин. Энг муҳими, миллий табиатимиздан узоқ бундай ўйинчоқ ва қўғирчоқлар бозорларимизда анча харидоргир. Масалан, улар орасида учрайдиган қўрқинчли ниқоблар, ханжарлар, ғайритабиий ҳайвонлар, ҳашаротлар болаларни уришқоқликка ва шафқатсизликка ундаши сир эмас. Ҳарбий кўринишдаги маҳсулотларда бошқа давлатлар рамзлари, қуролли кучларини улуғловчи турли тимсоллар кўзга ташланади.

Яна ўқинг:  Қишки Олимпия ўйинлари сари

Қизалоқлар севиб ўйнаётган “Барби”, “Синди”, “Семми” каби қўғирчоқлар ярим яланғоч ҳолатда ишланган бўлиб, уларнинг кўриниши ва либослари “оммавий маданият”ни тарғиб этади. Ўз-ўзидан маълумки, бундай қўғирчоқни ўйнаётган қизалоқда унга ўхшаб кийиниш ва пардоз қилиш хоҳиши пайдо бўлади, шунга тақлид қилади. Бу эса қизларда мустаҳкам оила қуриб, фарзанд кўриш орзусини эмас, балки ўткинчи ҳою ҳавасга берилиб, енгил-елпи ҳаёт кечиришга интилиш истагини шакллантиради. Бугун кўпчилик ота-оналар билиб-билмай, фарзандларига ана шундай ўйинчоқларни олиб бераётгани ташвишли ҳолдир. Сўнгги пайтларда, айниқса, юмшоқ ўйинчоқлар харидоргир бўлиб бормоқда. Билиш мумкинки, ҳамма ҳам бу турдаги маҳсулотларнинг зарарли эканини тўла англаб етмаган. Негаки, аксарият юмшоқ ўйинчоқларнинг материаллари сунъий бирикмалардан тайёрланган ва чангни кўп ютади. Бундай ўйинчоқлар тўқимаси нафас йўлларига ёки оғизга тушса, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Очиғи, кўпчилигимиз маҳсулот харид қилишда унинг сифати, яроқлилик муддати ва мувофиқлик сертификатини сўрашга ҳамиша ҳам эътибор беравермаймиз. Сифатсиз маҳсулотни, ҳеч бўлмаса, ҳиди ва рангидан ажратиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, зарарли ўйинчоқларда бошни оғритадиган ёқимсиз ҳид бўлади, ушлаганда қўл терлайди ва ранги тез ўчади. Бундай ўйинчоқларни харид қилиш оқибатида бола организмига қанчадан-қанча микроблар тушишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Илмий хулосаларга кўра, инсон бутун умри давомида оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини беш ёшгача қабул қилар экан. Илк ҳаётий тасаввурлар, инсон тафаккурида пойдевор бўлувчи тушунчалар болалар онгига айнан шу пайтда сингади. Демак, беш ёшгача бўлган болаларнинг турли ўйинчоқлардан олган таассуротлари ҳам узоқ муддат улар онгида сақланиб қолади.

Энг асосийси, ўйинчоқ ишлаб чиқариш юртимизда кенг йўлга қўйилса, бу борада кўпроқ ўз миллий-маънавий меросимизга, халқ оғзаки ижодига мурожаат этиш айни муддао бўлади. Қизларимиз калта юбка кийган “Барби” билан эмас, узун атлас кўйлак кийган “Барчиной”лар билан дўстлашса, ўғил болаларга мўлжалланган ҳарбий соҳага оид ўйинчоқларда давлатимиз байроғи, миллий Армиямиз рамзлари порлаб турса, фарзандларимизда ватанпарварлик туйғулари янада теранроқ шаклланиши, шубҳасиз.

Сиз бунга нима дейсиз, ҳурматли юрт-дошлар!

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: