Фарзандингизни антеннага айлантирманг!
ХХI аср – бу илғор технологиялар асри бўлиб, мобил телефон орқали мулоқотсиз инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда мобил телефонлар бирламчи зарурият буюмига айланди. Тезкор алоқа дунёнинг турли бурчакларида яшаётган инсонлар ўртасидаги мулоқотни осонлаштирди. Ҳозирги вақтда ҳар қандай хабарлар (ёзма ёки овозли) электр энергияси кўмагида узатилади. Электр сигналлари симлар орқали бир зумда ҳаракатланади ва радио тўлқинлар ёрдамида хабарлар юборилган заҳоти бизга етиб келади. Сигналлар ҳамма жойда янграмоқда. Тўлқинлар ҳатто бизнинг танамизнинг ажралмас қисмига айланди. Бу қанчалик зарарли?
Бугун уяли телефоннинг таъсири ҳақида ҳамма гапиряпти, жумладан физиклар ҳам. Ҳозир кимга ва қачон масофадан алоқа қилиш имконияти ҳақидаги фикр биринчи бўлиб келгани ҳақида аниқ айтиш қийин. Бироқ ғоя жуда қадимдан мавжуд бўлган. Яқинлашиб келаётган хавф ҳақида хабар берувчи сигнал гулханлари тизими ўрнини симли телефон ва телеграф алоқаси эгаллади.
Телефон – бу нутқни узоқ масофага узатувчи алоқа қурилмасидир. Энг содда телефон схемаси – микрофон вазифасини бажарувчи қути ва ипдан иборат. Уяли алоқа тарихининг ҳақиқий бошланиши 1946 йилда АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида бошланган.
1990 йилга келиб, дунёда уяли телефон фойдаланувчилари сони 10 миллиондан ошди ва кейинчалик бу кўрсаткич геометрик прогрессия бўйича ўсиб борди. 1996 йилда уяли телефонларнинг бахтли эгалари сони 100 миллионни, 2002 йилда – бир миллиардни, 2007 йилда эса – икки миллиарддан ортиқни ташкил этди. Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг ҳар учинчиси (чақалоқларни ҳам ҳисобга олганда) уяли телефонга эга, ривожланган мамлакатларда эса “мобил телефон”сиз одамлар деярли қолмаган.
Инсон ҳаётига таъсири
Энг асосийси – вақтни тежаш ва қулайликдир. Қариндошлар, дўстлар, ишдаги ҳамкасблар билан бевосита учрашмасдан туриб ҳам мулоқот қилиш имконияти мавжуд. Мобил телефон эгасига ўзини анча ишончли ва хавфсиз ҳис қилишга ёрдам беради, чунки у исталган пайтда яқинлари, дўстлари ёки танишларига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраши мумкин. Албатта, телефон алоқасининг пайдо бўлиши билан барча коммуникациялар сезиларли даражада соддалашди – муҳим ахборотни узатиш учун энди анча кам вақт ва куч талаб этилади.
Уяли телефонларнинг айрим моделлари абонентнинг ҳаракатини кузатиш функциясини ҳам қўллаб-қувватлайди – исталган вақтда инсоннинг айни пайтда қаерда эканини харитада кўриш мумкин. Мобил телефонлар – бу нафақат алоқа воситаси, балки компьютер, интернет, сунъий йўлдош телевидение ҳамдир. Буларнинг барчаси ахборот даврининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Организмга таъсири
Радиоалоқа воситалари деярли бир аср давомида ривожланиб келмоқда. Уяли телефон эса оммавий восита сифатида фақат сўнгги ўн йилликда кенг тарқалди ва бу қадар қисқа вақт оралиғи унинг афзалликлари билан бир қаторда зарарли жиҳатлари ҳам инсонларни тадқиқотлар ўтказишга мажбур қилди.
Олимларнинг фикрича, айрим одамларда мобил телефонларга бўлган психологик қарамлик компютерга қарамликдан ҳам кучлироқдир.
Ҳа, мобил алоқа ўрганиб қолишга сабаб бўлади. Баъзилар учун бу цивилизациянинг бошқа қулайликларидан фарқ қилмайди, аммо айримлар учун алоқа оғриқли одатга айланди. Айниқса, болалар орасида.
Яна камроқ англанадиган, шу сабабли янада хавфлироқ зарар ҳам мавжуд – янги технологияларнинг инсониятга етказаётган зарари. Тобора кўпроқ ҳолларда жонли инсоний мулоқот унинг “тақлидлари” билан алмаштирилмоқда.
Мия фаоллигига таъсири
Ҳозирги вақтда кўплаб маиший буюмлар электромагнит нурланиш манбаи ҳисобланади (телевизор, компютер, микротўлқинли печ). Аммо телевизор томоша қилаётганимизда биз ундан маълум масофада бўламиз, мобил телефондан фойдаланганда эса бошимиз тўлиқ нурланиш таъсирида қолади. Техник воситалар орасида инсонга таъсир этувчи нурланиш даражаси бўйича мобил телефон билан тенглаша оладиган қурилма деярли йўқ.
Мобил телефонлар чиқарадиган нурланиш хотира ва ҳаракат билан боғлиқ бўлган мия соҳаларига зарар етказади.
Радиочастотали сигналлар организмимизда кечадиган кимёвий жараёнларга таъсир қилиб, стресс оқсилларининг ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Одатда бундай стресс оқсиллари юқори ҳароратда ёки оғир касаллик вақтида ажралади, бу ҳолатда эса улар оддий телефон ишлатилганда ҳосил бўлмоқда.
Исботланганидек, агар инсон ҳар куни уяли телефон орқали 45–60 дақиқадан ортиқ гаплашса, бош оғриғидан қочиб қутула олмайди.
Олимлар тадқиқотлари натижасига кўра, уяли алоқа фойдаланувчилари орасида уйқучанлик, асабийлик кўпроқ учрайди ва айнан шу одамлар бош оғриғидан энг кўп шикоят қиладилар.
Кўриш қобилиятига таъсири
Телефон экранининг нурланиш даражаси жуда паст. Муаммо нурланишда эмас, балки экран ўлчамининг жуда кичиклигидадир. Инсон кўзи шундай тузилганки, жуда кичик объектга диққатни жамлаш унга ниҳоятда қийин. Айниқса мобил чатлар ёки мобил ўйинлар билан узоқ вақт шуғулланганда, кўз мушаклари мияга аниқ тасвир узатиш учун ҳаддан ташқари зўриқишга мажбур бўлади ва кучланиш энг юқори даражага етади.
Бу борадаги сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кунига кетма-кет икки соат мобил телефон билан мулоқот қилишнинг ўзи ҳам бир йил ичида кўриш қобилиятининг 12–14 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Эшитиш қобилиятига таъсири
Узоқ давом этадиган суҳбат вақтида қулоқ ҳароратининг, қулоқ пардасининг, унга туташ тўқималарнинг ҳамда миянинг шу қисмига яқин ҳудудининг ҳарорати ошиши кузатилади. Кўпчилигингиз узоқ суҳбатдан кейин қулоқда иссиқлик ҳисси пайдо бўлишини сезган бўлсангиз керак. Бу телефон узаткичидан чиқадиган электромагнит майдон таъсирининг натижасидир.
Яна бир муаммо шундаки, биз телефонни тезда қулоққа яқинлаштирамиз ва айнан шу пайтда қурилма кескин сигнал чиқариши мумкин (баъзиларида уланиш сигнали, баъзиларида эса келган СМС ҳақида огоҳлантириш ва ҳоказо). Бундай ҳолатларда қулоқ пардаси учун оқибатлар жуда нохуш бўлиши мумкин.
Бир хил қўнғироқни уч-беш ой давомида, айниқса, мобил телефондан фаол фойдаланганда, такрор-такрор эшитиш товушли галлюцинацияларга, гўёки “зомбилашиш” ҳолатига олиб келиши мумкин.
Бир неча йил давомида қулоқчинлардан мунтазам фойдаланган одамда эшитиш қобилиятининг қариши жараёни икки-уч баравар тезлашади. Сохта сигналлар, шовқинлар пайдо бўлади, аслида мавжуд бўлмаган товушлар эшитилгандек бўлади, атроф-муҳит товушлари чалкашиб кетади. Бунинг сабаби шундаки, қулоқчинлардаги товуш сифати реал муҳитдаги товушдан бутунлай фарқ қилади.
Олимлар аниқлашича, мобил телефон қўйиладиган қулоқда ўсма ривожланиш хавфи қарама-қарши қулоққа нисбатан 3, 9 баравар юқори.
Юрак ва қон тизимига таъсири
Кўпчилик учун энг кутилмаган ҳолат шундакимобил қурилма инсон қонининг таркибига ҳам таъсир кўрсатади. Швеция университети физиклари мобил телефонлардан чиқадиган электромагнит нурланиш қизил қон таначалари – эритроцитларни шикастлаши ва уларнинг бир-бири билан ўзаро таъсирини кучайтириши мумкин, деган тахминни илгари сурдилар.
Мобил телефон нимаси билан хавфли? Унда электромагнит тўлқинлар манбаи мавжуд. Асосий тўлқиндан ташқари, унинг манбаида гармоникалар ёки модуляциялар ҳам бор. Гап шундаки, инсоннинг ўзи ҳам электромагнит тизимдир. Маълумки, қонимиз шўр бўлиб унда наслнинг мусбат ва манфий ионлари мавжуд. Шу сабабли бундай таъсир қоннинг ёпишқоқлиги ортишига олиб келиши, қон ҳужайралари тромблар ҳосил қила бошлаши мумкин, бу эса юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади.
Агар телефонни бўйин атрофида ёки кўкрак чўнтагида олиб юрсак, у юракка ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Бунинг сабаби – миямизни қиздирадиган ўша электромагнит тўлқинлардир. Юрак ҳолатида эса улар нафақат ҳароратни оширади, балки юрак уриш ритмини ҳам фаол равишда бузади.
Болага мобил телефон совға қилганингизда, сиз уни антеннага айлантирасиз!
Телефон ишлаб чиқилишида инсон танаси антенна тизими элементи сифатида кўриб чиқилади. Юқори частотали нурланишнинг асосий манбаи – телефон антеннаси бўлиб, кўпчилик телефон моделларида у кўринмаса-да, ҳар бирида мавжуд (баъзида у телефон корпуси остида жойлашган бўлади).
Болалар катталарга нисбатан янада кучли ва кенг қамровли электромагнит таъсирга дучор бўлади: Уларнинг мия тўқимаси юқори ўтказувчанликка эга, бошлари кичик ва суяк қатлами ингичка. Болалар организми электромагнит майдонга катталарга нисбатан сезгирроқдир.
Шу боис уларнинг мияси электромагнит майдонга такрорий дучор бўлганда салбий реакцияларни тўплашга кўпроқ мойил. Электромагнит майдон юқори нерв фаолияти жараёнларининг шаклланишига таъсир қилади. Замонавий болалар мобил телефонлардан кичик ёшдан фойдаланади ва вояга етгач ҳам ишлатишни давом эттиради. Шунинг учун уларнинг электромагнит нурланиш билан алоқа давомийлиги бугунги катталарга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ бўлади.
Бир тажрибада олимлар болаларнинг бош шаклларини, типик ўлчамларини ва қатламлар бўйича ўтказувчанлигини такрорловчи макетлар ясаб, уларни нурланишга дучор қилганларида, улар катталарга нисбатан 2–4 баравар кўпроқ электромагнит энергияни сўриб олганини аниқлашди.
Кимнинг телефонида кўпроқ ўйинлар бор?
Ёшлар орасида уяли телефон узоқ вақтдан бери фақат қўнғироқ қилиш воситаси бўлиб қолмай, ўйинчоқ даражасига ўтган. Кимнинг телефонида кўпроқ ўйинлар бор? Шу ва бошқа саволлар ёш абонентларни қизиқтиради. Фақат сўнгги икки йил ичида 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг улуши 23фоиздан 67фоизгача ошди.
Болалар организмига телефон таъсири алоҳида хавотир уйғотади. Мобил телефонларнинг нурланиши айниқса, болалар организмига таъсир қилади, чунки уларнинг иммун тизими тўлиқ ривожланмаган. Ўсмирнинг мияси учун катта зарар етади, чунки унинг мия ҳужайралари ҳали ривожланмоқда ва керакли маълумотларни олмоқда. Шу билан бирга радио тўлқинлар мия қобиғи ва мияни шикастлайди, қон айланишини қийинлаштиради, қон босимини оширади ва қизил қон ҳужайраларининг сони камайишига олиб келади.
Замонавий ҳаёт шароитида мобил телефондан фойдаланишни тўлиқ рад этиш деярли мумкин эмас. Аммо фарзандаримизни салбий оқибатлардан ҳимояланиш ҳам унутмайлик.
Ҳеч бўлмаса фарзандларимизни антенналарга айлантирмайлик!
Шокир БЕРДИЕВ,
Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси








