Кут яхшиликка яхшилик

Оила ва ундаги маънавий муҳит барча замонларда ҳам жамият ҳаётининг муҳим масалаларидан бири бўлиб келмокда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда – “Оила, авваламбор, ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган, шу билан бирга келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари кўрсатилган. Шунга кўра, агар ота-оналар фарзандлари тарбиясига беэътибор бўлсалар қонун олдида жавоб берадилар, айрим ҳолларда эса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар.

Бу тушунчалар давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддасида шундай дейилади: “Ота-оналар ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт, ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт”.

Бугунги куннинг фарзандларини тарбиялашда масъул бўлган ота-оналар, тарбиячи устозларнинг ўзлари ҳар томонлама ибрат бўла оладиган кишилар бўлмоқликлари зарур. Зеро, юртимизнинг келажаги болаларимизнинг таълим-тарбияси билан боғлиқлигини асло унутмаслигимиз даркор. Шу ўринда мутафаккир Абдулла Авлонийнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш жоиздир: “Тарбия биз учун, ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё саодат, ё фалокат, ё ҳалокат масаласидир”.

Биз ўз фарзандларимизнинг бахту саодатини иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онггига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай масъулият борлигини доимо ҳис этиб туришимиз лозим.

Бош Қомусимизнинг 66-моддасида “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб кўрсатиб ўтилган. Аслида ота-оналарнинг олдидаги мажбуриятлари ахлоқий қоидалар ҳисобланади. Демак, бу қоидалар давлат томонидан ўрнатиб қўйилишига туб сабаблар бор. Бу жамиятмизда, ҳатто бугунги кунда ҳам ўз ота-онасига, фарзандларига бепарво қараётган, уларни қаровсиз қолдираётган кимсаларнинг учраб туришидир.

Аҳмад Дониш айтади:

Сен отангга ҳар на қилдинг яхшилик,

Кут болангдан яхшиликка яхшилик.

Фарзандлар ўз ота-оналарига бир умр яхшилик қилсалар ҳам камлик қилади. Шундай экан улар ҳар кун, ҳар дақиқа падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларини рози қилиш, яхши хулқи ва ишлари ила хурсанд этиш ўйи билан яшамоқлари керак. Шуни унутмаслик жоизки, бугунги фарзанд эртага ота-она бўлади. Фарзанд ота-онасига қандай муносабатда бўлса, келажакда унинг боласи ҳам унга шундай муносабатда бўлади.

Яна ўқинг:  Юртнинг жажжи ҳимоячилари

Демак, фарзандларимизни маънавиятли инсон бўлиб улғайиши учун уларни китоб ўқишга, ўқигандаям қандай китобни ўқишни ҳам ўргатмоғимиз лозим. Чунки, китоб ҳаёт акси, ундаги ижобий қаҳрамонлар эса уларга ибрат бўлади. Болаларни яхши кишиларга ўхшашга ўргатиб тарбияласак, ҳаёт давомида унинг мевасидан баҳраманд бўламиз.

Зулфия ЯКУБОВА,

Хоразм вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: