Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма аниқланди 


Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя остида белгиланган дастур асосида бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида ҳам байрам олди “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови ташкил этилиб, унда янги Қуролли Кучлар тизимида Саф низоми кўринишлари гвардиячилар томонидан амалда бажариб кўрсатилди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг жорий йил 14 февралда эълон қилган фармонига мувофиқ Қуролли Кучлар тизимида янги Саф низоми ишлаб чиқилди. У асосида Қуролли Кучлар куч тузилмалари ичида илк маротаба Миллий гвардия тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови учта, яъни ҳарбий қисмлар, минтақавий ва республика босқичи кўринишида бўлиб ўтди.


Мазкур кўрик-танлов Миллий гвардия бўлинмаларининг саф тайёргарлигидан амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, шахсий таркибнинг қурол билан махсус саф усулларини бажаришда ўзига нисбатан ишончни ошириш мақсадида йилда икки бор: Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳамда Мустақиллик байрами олдидан  ўтказилиши белгилаб олинди.


Пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу тадбирнинг республика босқичи синовлари Жамоат хавфсизлиги университети базасида ўтказилиб, унда иштирок этган 11 та жамоанинг саф қоидаларини ўзлаштирганлиги баҳоланди. Мусобақа жараёнларида якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш; саф қўшиғини тантанали айтиб ўтиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали махсус саф усуллари каби шартлар амалда бажарилди.


Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, кўрик-танловдан кўзланган яна бир мақсад “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг келгусида танловда иштирок этишини таъминлаш орқали юртимизда ватанпарварлик тарбияси, ҳарбий соҳага қизиқишни ошириш, келажак авлоднинг юксак маънавий салоҳиятини шакллантиришдан иборатдир.

Янги Саф низоми бўйича Қуролли кучлар тизимида илк маротаба  ўтказилган “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари иштирокидаги тантанали маросим Ички ишлар вазирлигига қарашли “ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтди.


Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Ёшлар ишлари Агентлиги ва ҳарбий таълим муассасалари мутасадди раҳбарлари ҳамда курсант ва тингловчилари, шунингдек, жасорат мактаби ўқувчилари, маҳаллий ёшлар иштирок этишди.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар  ҳарбий оркестр иштирокидаги мусиқали тароналар ҳавола этилди. “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танловининг республика босқичига етиб келган ва муносиб иштирок этган жамоалар томонидан саф низомига киритилган янги саф усулларининг моҳирона  бажарилиши  ва Фахрий қоровул батальони жамоасининг намунали саф чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Тизимдаги гвардиячи қизларнинг ҳам иштирок этганлиги эса қўмондонлик томонидан гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг яққол далилидир.  


Якунда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, 3-ўрин – Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари жамоаларига насиб этган бўлса, 2-ўринни – Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди, фахрли 1-ўринни – “Шер” жамоаси эгаллади.

Ғолиблар диплом ва пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантирилди.

Ўз мухбиримиз

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: