Соч экиш: яқин инсонлар ҳам донор бўла олмайди

Соч – инсоннинг ярим хусни. Бугунги кунда унинг тўкилиши турли ёшдаги инсонларни қийнаётган жиддий муаммо. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда аёлларнинг 75 фоизи, эркакларнинг 50 фоизи айнан шу касалликдан азият чекмоқда. Шу боис бугун бу ҳолатнинг олдини олиш учун замонавий тиббиёт беморларга соч экиш амалиётини таклиф этмоқда. Хўш, Ушбу амалиётнинг неча тури бор? Экилган толалар умрбод тўкилмайдими? Ушбу муолажа ўтказилган инсонлар нималардан эҳтиёт бўлишлари лозим? Кимларда бу амалиётни амалга ошириш мумкин эмас?

Таъкидлаш ўринлики, одатда соч тўкилиши мунтазам давом этувчи ҳолат ҳисобланади. Яъни меъёр бўйича бир кунда ўртача 80-100 тагача тола тўкилиши мумкин. Агар бу ҳолат тезлашиб, янги толалар ўсиб чиқиши камайса, албатта, хавотирланиш лозим.
Соч тўкилишига олиб келувчи омиллар жуда кўп. Энг аввало, бу ирсият билан боғлиқ. Яъни ота-оналардан бирида бундай муаммо бўлса, у фарзандга ҳам ўтиш эҳтимоли юқори.
Қолаверса, баъзида соч ўчоқли, яъни танга-танга бўлиб тўкилиши ёки умумий сийрак­лашиши мумкин. Айрим эркакларда эса ­андроген алопеция (тепакаллик) учрайди. Бундай касаллик гормонлар фаолияти бузилиши ҳамда ирсият билан боғлиқ.
Тангали соч тўкилиши ёндош касалликлар ҳисобига юз бериши, гемоглобин камайганда, ҳомиладорликда, наркоз олишда ва асабийлашганда кузатилади.


Сурункали инфекциялар, сил, ўсма касаллик­лари, нурланиш, стресс, касб билан боғлиқ ноқулай шароитлар, нотўғри парвариш, витамин ва бошқа муҳим моддаларнинг етишмаслиги, айрим дориларни қабул қилиш ҳамда ошқозон-ичак трактининг патологиялари ҳам ушбу муаммони юзага чиқаради. Табиийки, бундай ҳолатларда кўпчилик инсонлар соч экиш амалиётига мурожаат қилади.


Ушбу даволаш турининг икки хил – жарроҳлик ва FUE усули мавжуд. Биринчи усулда соч тери билан кесиб олиниб, графтлар битта-битта тола илдизларга ажратилади ва алоҳида жойлаштирилади.
FUE – бу чоксиз, кесмаган ҳолда трансплантантларни олиш ва киритишнинг микрожарроҳлик усули бўлиб, бугунги кунда мана шу даволаш тури кенг қўлланилмоқда. Унда 1-4 толадан иборат соч гуруҳлари беморнинг энса соҳасидан ёки тананинг бошқа қисмларидан олинади.

Агар ушбу амалиётдан кейин шифокорларнинг тавсияларига тўлиқ амал қилинса ва даволанишнинг бошланғич муддатидан яхши ўтиб олинса, кўп ҳолларда экилган толалар қайта тўкилмайди.


Асосийси, соч эктириш учун, энг аввало, тажрибали мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Чунки ушбу амалиёт жуда нозик ҳисобланади. Малакали мутахассис эса сизга бу борада зарур тавсияларни бера олади.
Мазкур муолажа ўтказилган мижозлар 7-10 кун давомида жисмоний ва асабий зўриқиш­лардан тийилиши керак. Шунингдек, соч терига ўрнашиб, яхши жойлашиб олгунига қадар спорт залларига чиқиш, оғир машғулотларни бажариш мумкин эмас.
Сочни ювиш масаласига келсак, ортиқча кимёвий моддалар қўшилмаган болалар шампунидан фойдаланиш тавсия этилади. Фақат амалиётдан бир ой ўтгандан сўнг, сочларни исталган шампунда ювиш мумкин.

Шуни айтиш керакки, соч бошқа организмда умуман ривожланмайди. Шу боис беморнинг энг яқин инсонлари ҳам унга донор бўла олмайди. Агар мижознинг донорлик қисмида толалар сийрак бўлса, соқол ва кўк­рак қафаси соҳасидан тук олиб ўтказилади.


Мазкур амалиётни бажаришга қарши бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Мисол учун, қон ивиш тизимидаги касалликлар, аллергик реакциялар ҳамда қандли диабетнинг хавфли турларида соч экиб бўлмайди. Қолаверса, 15 ёшдан кичик болаларда ҳам бу муолажани ўтказиш тавсия этилмайди.

Соч тўкилмаслиги учун бир қанча салбий омиллар – нурланиш, нерв толалари зарарланиши, микроэлементлар етишмовчилиги ҳамда витаминлар танқислигидан сақланиш керак.

Миннура ҚОДИРОВА,

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология

илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори,

трихолог

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: