Аппендицитдан дарак берадиган белгилар…

Таомланишдаги ўзига хос хусусиятлар ва иқлим шароити туфайли юртимиз аҳолиси орасида ошқозон-ичак тизими касалликлари тез-тез учрайди. Шулардан бири ўткир кўричак (аппендицит) хасталигидир.

Ўткир аппендицит – чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиши ҳисобланиб, ошқозон-ичак тизимининг энг хавфли касалликларидан бири. Айниқса, у жиддий асоратларнинг тез ривожланиши ва пайдо бўлиши билан жуда хатарли.
Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўткир аппендицитга дуч келиш эҳтимоли юқори. Хасталик асосан 5-40 ёшли одамларда кўп кузатилади. 40 ёшдан кейин унинг юзага келиши эҳтимол паст, лекин бутунлай учрамайди, дегани эмас.


Тез-тез ич қотишлари, ичак перисталтикасининг бузилиши, таомларда ўсимлик толаларининг етишмаслиги, меъёридан ортиқ овқатланиш, меъда-­ичак тизимининг бир қатор юқумли хасталиклари ва паразитлар уни келтириб чиқарувчи асосий омиллар ҳисобланади.

Шунингдек, ирсий мойиллик, ёмон одатлар (тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш), стресслар, витаминлар ва микроэлементларнинг етишмаслиги туфайли иммунитетнинг заифлашиши ҳам ушбу хасталикка сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир аппендицитнинг энг асосий белгиси қорин бўшлиғидаги кучли оғриқлар бўлиб, у асосан кечаси ёки эрталаб пайдо бўлади. Катарал босқичда оғриқ биринчи марта бутун қорин бўшлиғига тарқалади ёки унинг юқори қисмида кузатилади.

Бироқ кейинчалик киндикдан пастга ва белдан бироз юқорига силжийди. Вақт ўтиши билан оғриқ табиати ҳам ўзгариб, кулганда ёки йўталганда ва чуқур нафас олганда кучаяди.
Қолаверса, ич қотиш ёки ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш аппендицитнинг асосий белгилари ҳисобланади.
Ўткир аппендицит катталарга қараганда болаларда кучли ва тез кечади. Яъни, 6-12 соат ўтмасиданоқ, аппендицит девори чириб, ёрилиши ва қорин бўшлиғига йиринг тарқалиб кетиши мумкин.
Шу боис агар юқоридаги белгилар кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Аппендицит одатда жарроҳлик йўли билан даволанади. Баъзида уни олиб ташламасдан, консерватив муолажа қилиш мумкин ва бу ҳолатда беморга антибиотиклар буюрилади.

Нозим ЎРМОНОВ,

жарроҳ

Яна ўқинг:  Муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: