Тарбиянинг икки палласи
Фарзанд тарбияси ниҳол парваришига ўхшайди. Унинг тўғри ёки эгри бўлиб ўсиши, шубҳасиз, тарбиячига ва муҳитга боғлиқ. Дарҳақиқат, тарбия жуда нозик масала. Халқимизда “қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор, демак, фарзанд болалигидан ота-онасига тақлид қилиб улғаяди. Кейинчалик атроф-муҳит таъсирига туша бошлайди. Шу боис ота-она фарзандига фақат насиҳату ўгитлари билан эмас, балки яхши фазилатлари билан ҳам ўрнак бўлмоғи лозим.
Оилада ўғил ва қиз фарзандлар тарбиясида ўзига хослик мавжуд. Лекин каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш, ҳалолликка, меҳнатсеварликка ўргатиш каби умумий хусусиятларни уларда баравар шакллантириш лозим. Уларнинг хато ва камчиликларини ўз вақтида тушунтириш орқали бартараф этиш тўғри бўлади. Айниқса, қизларни ёшлигидан саранжом-саришталикка, меҳнатни севишга, одобли бўлишга ўргатиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Ўғил болаларни эса келажакда оилабоши бўлишини уқтириб бориш, унда ишбилармонлик, масъулият ҳисси ҳамда мустақил фикрлаш сифатларини шакллантириб бориш керак. Шунда келажакда у берилган топшириқларни ўз вақтида, пухта бажаришга ўрганади, эркин фикрлайдиган бўлади. Аммо баъзи ота-оналар фарзандини шахс сифатида қабул қилмайди.
Биринчи тарбия усули:
– Ўғлим, ёки қизим! Мен сендай пайтимда ундай эдим, бундай эдим. Сен қачон одам бўласан? Ҳаётий тажрибамдан сенга маслаҳат берсам-у ҳеч қулоғинга гап кирмаса. Мана бу ишларни кечгача бажар! Мен ҳаётимда қилган хатоларни сен такрорлама. Бунинг учун сен фалон-фалон ишларни қилма, дейди-да қатор қилиниши керак бўлмаган ишларни бир-бир санайди, (одамларни сифатлай кетади) мана булардан эҳтиёт бўл ва ҳоказо.
Иккинчи тарбия усули:
– Азиз жигарбандим! Сен жудаям яхши, ақлли, иқтидорли, чиройли, кучли боласан! Сени келажак ҳаётингда қанчадан-қанча зўр, оламшумул воқеалар кутмоқда! Сен ҳали бу гўзал ва мафтункор дунёда қанчалик ажойиб жойларни, турли мамлакатларни кўрасан! Ҳаёт йўлингда кўплаб яхши, меҳрибон ва садоқатли дўстлар учрайди. Сени ёрқин келажак кутмоқда. Барча орзу-ниятларингга эришишинг учун шароитлар мавжуд. Сен вақтдан унумли фойдаланиб, фақат ўқишинг, ўрганишинг керак.
Айтинг-чи, сиз фарзандларингиз билан қандай гаплашасиз? Биринчи усулдами ёки иккинчисида, деган савол билан кўпчиликка мурожаат қилдим. Кичик сўровномада иккинчи услубни тарбия жараёнида қўллаганлар камчиликни ташкил этди. Кўпчилик эса биринчи тарбия услубининг ҳаётдаги натижаларидан мисоллар келтирди. “Ахир ота-она фарзандига уни келажакда нима кутаётгани, йўл қўйиши мумкин бўлган хатолар тўғрисида билдириб қўйиши шарт. Бошқаларнинг хатоларини такрорламасликлари учун фарзандларига ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашиш лозим”, деган хулосани беришди. Аммо қуйидаги суҳбатдошларимиз фарзанд тарбияси жараёнида кўпроқ иккинчи услубни маъқул кўраркан:
Улуғбек Ибодинов,
журналист:
– Иккинчи услуб тўғри деб ўйлайман. Уч яшар қизимизнинг тинимсиз берадиган саволларига жавоб беришга ҳаракат қиламан. Унинг қизиқишларини ҳурмат қилган ҳолда шароит яратиб бераман. Сўраган ўйинчоқларини бугун бўлмаса, маош олганда, албатта олиб келишга ваъда бераман. Кейин сўзимнинг устидан чиқиб, ўйинчоқ ҳадя қиламан. Бу бола учун ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, бир сўзликка ўргатади. Мисол учун, бир куни расм чизиш учун бўёқ сўраганида ўша куниёқ унга мўйқалам ва бўёқ олиб бердим. Қизим хурсанд бўлиб, расм чизишга тушиб кетди.
Кайфият – саломатлик учун жуда муҳим. Шунинг учун ҳам оиламизда ҳеч кимнинг кайфиятини туширмасдан, баъзи тушунмовчиликларни ҳам ётиғи билан ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Боланинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиши учун ота-онанинг оиладаги бир-бирига бўлган муносабати муҳим аҳамиятга эга.
Нигора Шомуродова,
психология фанлари номзоди:
– Инсоният камолотида мукаммал тарбия бериш, бенуқсон камолотга эришиш истаги қадимий ва эзгу масалалардан биридир. Тарбия жараёнида онгли муносабатни мазмунан ифода эта олиш, амалда кўрсата билиш, бола қалбини олдиндан кўра олиш учун, аввало, ота-оналар тарбияли, савияли ва фарзандни шакллантиришга нисбатан қуролланган бўлишлари зарур. Инсон тарбиясида уни қамраб турган ижтимоий муҳитдаги устувор сиёсий қарашлар, замон талаб этаётган эҳтиёжлар тизими ва унга нисбатан билдирилаётган ишонч муҳим аҳамият касб этади.
Буни эса боланинг онгу шуурини шакллантириш баробарида сингдириш даркор. Бола шахсига мурожаатда ҳам, унинг имкониятларини баҳолаб боришда ҳам жуда катта бўлган мақсадларни билдириш, шу мақсадларни ижрочиси у эканлигини таъкидлаб борилиши, бунинг учун унинг имкониятлари бемалол етишини бот-бот эслатиб турилса ўзига, ички имкониятларига нисбатан субъектив ишонч ҳисси пайдо бўлади.
Қалбан очилмаган болага ҳеч қандай фаолият турини мустақил бажаришни талаб қилиб бўлмайди. Боладаги индивидуал психологик сифатларни таркиб топиши ва намоён бўлишида ўзига бўлган ишончни шакллантириш, қўллаб-қувватлаш, ўз-ўзига бўлган танқидий муносабатни ҳам қўллаб туришга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Кўп ҳолларда болалардаги ўзига бўлган баҳонинг паст ва ишончсиз бўлиши, катталардан “шафқат кутиш”га, “эътиборли бўлишга” нисбатан умидларининг сўниши эвазига келиб чиқади. Бундай эҳтиёжларнинг қондирилмаслиги бола руҳий тараққиётида психик сўнишни, атрофдагилардан узоқлашишни, мулоқот қила олмасликни (яъни депривацияни) келтириб чиқаради. Депривация жараёнининг юзага келиши туфайли болада аутизм намоён бўлиб, бола ўзини кўпчиликдан, бегоналардан олиб қочадиган бўлиб қолади.
Ўз ҳиссий кечинмалари ва таассуротларини мулоқот орқали бемалол ифодалашда тўсиқларга учрайди ва тобора бу боладаги мулоқотдан чекланишни келтириб чиқаради. Бола шахсидаги ижтимоийлашув жараёнининг жадал кечишида уни кўпчилик билан мулоқот қила олиш имкони яратилиши, ўз тенгқурлари билан фаолият юритишига шароит ҳозирлаш муҳим аҳамиятга эга.
Одатда ота-оналар тарбия жараёнини ташкил этиш ва таъсир этиш доирасига кўра 3 тоифага ажратиладилар: 1-идеал ота-оналар яъни, фарзандлари учун ғамхўрлик қиладиган, етарлича вақт ажратиб мулоқот қила оладиган ота-оналар; 2-масъулиятсиз ота-оналар яъни, мажбурият юзасидангина ота-она сифатида таъсир қилишга ҳаракат қиладиганлар; 3-бефарқ ота-оналар фарзандлари учун қайғурмайдиган, ота-она сифатида ибрат-намуна бўла олмайдиганлар.
Фарзандининг сўзларига қулоқ тутилса, у билан биргаликда мулоқот ташкил этилса, ота-онага бўлган ишонч ва мақсад сари интилиш англанган мазмунга эга бўлади. Бу эса энг тўғри ташкил этилган тарбиявий таъсирдир. Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ва девиант ҳулқ кўринишларини юзага келтирувчи субъектив сабабларидан бири ҳам ота-оналарнинг бола билан қизиқмаслиги, унинг ҳаётига, фаолиятига бефарқлиги туфайли келиб чиқади.
Реймажон Нурметова,
Боғот туман туғруқхонаси неонатолог-шифокори, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси Боғот тумани таянч маскани директори:
– Ҳам педиатр, ҳам она сифатида болани, албатта, чақалоқлигидан, ҳаттоки алломаларимиз айтганидай онанинг қорнидалигидан (ҳомиладорлик давридан) бошлаб тарбиялаш керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Бўлажак ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабати, албатта, унинг зурриёдига ўз таъсирини ўтказади. Демак, самимий муносабат яхши томонга, қўпол муносабат эса шу фарзанднинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, унинг носоғлом дунёга келишига сабаб бўлиши мумкин. Бола тарбияси жуда кенг кўламли тушунча. Биринчи навбатда уни соғлом дунёга келтириш, тўғри тарбиялаш учун оилада соғлом муҳит яратиш зарур.
Умуман, тарбия борасида иккита услуб билан чегараланиб бўлмайди. Ҳар бир бола бўлажак шахс. Бир-бирига ўхшаш инсон йўқ. Шунингдек, бола ҳам. Улар билан ўзига хос муомала қилавериш керак. Биз ота-оналар фарзандларимизни кимларнингдир хатоларидан ўрганиб яшашга эмас, ўзига ишонч билан яшашга, ҳаётда оптимист бўлишга, бошлаган ишини охирига етказишга ўзида ишонч ва куч топа билишга, сабр-қаноатга ўргатсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда зурриёдимиз фақат муваффақиятга ишонч билан яшашга ўрганади. Лекин сен энг зўрсан, иқтидорлисан, чиройлисан деб “енг” сўзига урғу бераверсак ҳам унинг манманликка берилиб қолишига йўл қўйиб берган бўламиз. Ҳамма нарсанинг меъёри яхшиликка етаклайди. Зеро, асалнинг ҳам ози ширин дейди халқимиз.
Саҳифани Муҳаббат Хўжамуродова тайёрлади.