Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?

Кўпчилик 60 ёшдан ошгандан кейин (айримларда ундан 5-10 йил олдин ҳам) эшитган, кўрган, ўқиган нарсаларини, воқеа-ҳодисалар (хусусан, таниш-билиш­ларнинг исми-шарифи, жой номлари, телефон, машина рақамлари ва бошқалар)ни эсида сақлаб қолиши ёмонлашаётганидан шикоят қилишади.
Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиши бош мия соҳаларида (ярим шарлар пўстлоғи ва пўстлоқ остки ядролари) кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид билиш каби сезги аъзолари ёрдамида махсус нерв марказлари томонидан қабул қилинган маълумотларнинг тегишли вақт сақланиши ва қайта тикланиши билан
содир бўладиган мураккаб физиологик,
биокимёвий, биофизикавий ва психологик жараёнларнинг
бузилишидан бўлади.

Хотира ва қон айланиши

Маълумки, энди уйқудан турганингизда хотира билан боғлиқ функциялар масалан бирон воқеа, ҳодисани аниқ, равшан айтиб бериш, тас­вирлаш анча қийин бўлади. Чунки одам узоқ вақт қимирламасдан тушакда ётганида мияга қон бориши камаяди, шу боис нерв ҳужайраларидан иборат нерв марказлари ишида сусайиш кузатилади. Киши ўрнидан туриб ҳаракат қила бошлагач (бадантарбия, юз-бошларини силаб сийпалаш, ювиниш ва ҳаказо) мияда қон айланиш меъёрига келиб, воқеа-ҳодисалар батафсилроқ эсга тушади. Уйқудан кейин ақлий қобилиятнинг маълум даражада кучайишининг асосида ҳам мияда қон айланишининг (у дам олганидан кейин) яхшиланиши билан тушунтириш мумкин. Шунинг учун ҳар ким (ёши, жинси, касбини ҳисобга олган ҳолда) маълум жисмоний фаолликни канда қилмаслиги муҳим. Бир жойда ўтириб ­фикр­ юритгандан кўра, у ёқ бу ёққа юриб фикрлаш яхши натижа беришининг сабаби ҳам шунда, ҳаракат қилиб туриш нафақат оёқ-қўлларда, бош мияда ҳам қон айланишини тегишли ҳолда яхшилаши исботланган.

Ошқозон­нинг мияга таъсири борми?


Ўтказилган кузатувларда шу нарса тасдиқланганки, жисмоний фаол, гиподинамия унсурларига доимий равишда қарши курашиб келадиганларда хотира билан боғлиқ юқорида айтиб ўтилган нуқсонлар бошқаларга нисбатан 1,5-2 марта кам учрар экан. Шунинг учун хотира кучсизланиб қолишининг олдини олишда ҳар куни бадантарбия машқларини канда қилмаслик, ҳеч бўлмаганда, шунчаки яёв юриш билан машғул бўлиб туриш асқатади. Машғулотларнинг миқдори, давомийлиги ҳамда тезлиги ҳар кимнинг ёши, жинси ва организмининг физиологик хусусиятларига қараб мутахассис – шифокорлар томонидан аниқлаб берилади.


Бош мия нерв марказларининг тегишли озиқ моддалари макро ва микро нутриентлар билан қандай таъминланиши ҳам муҳим ҳисобланади. Кўпчилик мия яхши ишлаши учун кўпроқ шакар истеъмол қилиши керак деб ўйлайди. Лекин шакар нерв ҳужайралари ишлаши учун энергия (қувват) беради холос, у етарли бўлсаю, оқсил, ёғ, макро ва микроэлементлар меъёр даражасида бўлмаса хотира яхши бўлмайди. Кундалик рациони тўйинмаган ёғ кислоталари, микро ва макроэлементлар, витаминлар ҳамда биологик фаол моддаларга бой одамлар орасида хотира ёмонлашуви билан боғлиқ хасталиклар кам учрар экан. Ундай бўлса, ­ейиш-ичишдан камчилиги йўқ одамлар орасида ёш ошиши билан хотиранинг ёмонлашиб боришини қандай тушуниш мумкин деган саволнинг туғилиши табиий. Мазали, хуш таъм таомлар истеъмол қиладиган одамлар овқат билан барча керакли озиқ-овқат компонентини олади деб айтиш қийин. Чунки бундай овқатлар кучли технологик қайта ишлаш (юқори ҳароратда қовуриш, микротўлқинли печ ёрдамида, турли-туман қўшимчалар аралаштириш ва бошқалар) йўли билан тайёрланади. Натижада, улардаги табиийлик тамоман йўқолиб кўпгина фойдали хусусиятлари кескин камайиб кетади. Шунинг учун ҳам жуда мазали овқатлар юқори даражада фойдали эмас. Боз устига уларнинг организм учун зарари ҳам бисёр. Яъни бундай таомлар одатдагига қараганда кўп миқдорда ейилади, шунга яраша ошиқча калорияли овқат ейилгани боис семириш кузатилади.


Тўйинган ёғ кислоталари танамизда ёмон холестерин миқдорини ошириб юборади. Бу ҳол анча хавфли бўлиб, томирларда тошмачалар (бляшки) ҳосил бўлишига, у миядаги майда капилляр қон томирларидаги ҳаракатни ёмонлаштиради, нерв марказлари, айтиб ўтганимиздек, энг керакли моддаларга муҳтожлик сезади. Бу эса, ўз навбатида, хотиранинг ёмонлашиб боришига, кейинчалик инсульт каби қарийб бедаво дардларга олиб келади. Шулардан келиб чиқиб айтиш айтиш жоизки, ёш ошиб борган сари хотира ёмонлашуви билан боғлиқ хасталикларнинг олдини олишда соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилиш муҳим.

Яна ўқинг:  Энса азоб тортганда...

Мияни машқ қилдириш


Ёш ошиб боришига қарамасдан хотиранинг ёмонлашишини тўхтатиш йўлида яна бир муҳим тадбир бу мияни машқ қилдиришдир. Танадаги ҳар қандай аъзо, жумладан, бош мия ҳам доимий равишда фаол ишлаб турмаса, аста-секин морфофункционал жиҳатдан кучсизланиб, яъни атрофияланиб боради. Олиб борилган кўпгина тадқиқотларда шу нарса аниқланганки, ақлан фаол одамларда (доимий равишда ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар-ёзувчилар, илмий ходимлар, тил ўрганувчилар, китоб ўқишни канда қилмайдиганлар ва ҳаказо) бошқаларга нисбатан хотира анча кучли бўлар экан.
Шуларга кўра кексариб бораётганлар ҳар куни бош мияни фаол ишлашга мажбур қилувчи қуйидаги ақлий гимнастика билан шуғулланиб боришса, хотира кучсизланмаслиги йўлида муҳим иш қилган бўлади. Буларга шахмат ўйини, унчалик мураккаб бўлмаган математик ҳисоб-китобларни калкульяторсиз бажариш, тил ўрганиш, шеър ёдлаш, китоб ўқиб, уни бош­қаларга айтиб бериш, ўнақайларда чап қўл билан, чапақайларда эса ўнг қўл билан ёзишни машқ қилишлар киради.


Мана шундай машқлар бош миядаги хотира билан боғлиқ нерв ҳужайралари марказларининг бир-бири билан фаол ишлашини рағбатлантиради, натижада, бирон нарсани эслаб қолиш, олдин билган нарсаларни эътироф этиш, фикр юритиб, маълум масалаларни ечишда асқотади.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: