Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталик
Она ва бола саломатлиги соғлом жамиятни яратишда муҳим ўрин тутади. Бу, аввало, оиланинг мустаҳкам бўлиши ва она-боланинг саломатлиги билан боғлиқдир.
Афсуски, ҳозирги пайтда, ҳаётга енгил қараш, яширинча никоҳдан ўтиш ёки тиббий кўрик ҳужжатларини таниш-билишчилик орқали тўғрилаш оқибатида ёшларнинг тўйдан кейин ОИВ инфекцияси билан касаллангани маълум бўлаётгани кузатилмоқда. Бунинг оқибатида, ОИВ инфекциясининг туғилажак болага хавф солиши юзага келяпти.
Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда шаҳар Оила ва хотин-қизлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир ҳам “Ёшларни ОИТС инфекциясидан асраш ва ҳомиладор аёллар ўртасида ОИВ инфекциясидан хабардорликни ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар” масалаларига қаратилди. Унда Тошкент шаҳар ОИТСга кураш маркази мутахассислари, шаҳар Оила ва хотин-қизлар бош бошқармаси ва унинг туман бўлимлари раҳбарлари, шаҳар ССВ “Она ва болаликни ҳимоя қилиш” бўлими вакиллари, шаҳар Адлия бошқармаси ва туман ФҲДЁ раҳбарлари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбарлари, Репродуктив саломатлик маркази, ТТБ ва ИИБ ходимлари, гинекологлар ва диний қўмита вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, 2023 йилда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши чора-тадбирларини такомиллаштиришга оид вазиятларни амалга ошириш бўйича “Медиа режа”нинг 9-банди – Ҳомиладор аёллар орасида ОИВ инфекциясидан аҳолини, хусусан, ёшларни хабардор қилишдан иборатдир.
– Бугунги кунда ёш авлоднинг саломатлигини сақлаш, айниқса, ёшларни ОИВ инфекциясидан асраш, ушбу хавфли, инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталикнинг олдини олиш муҳим вазифаларимиздан биридир. Шу боис, биринчи навбатда, никоҳдан ўтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, муҳожирликдан қайтганларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга, – деди Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Винера Баротова.
Тадбирда сўзга чиққанлар турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, ОИВ билан касалланган ҳомиладор аёлдан болага вертикал юқиш йўлининг олдини олиш, болани она сутисиз қуруқ сут билан боқиш, жойлардаги оилавий поликлиникаларда барча ҳомиладор аёллар текширувини янада кучайтириш, никоҳланувчиларнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш ва келажакда қуриладиган ҳар бир оилани ОИВ инфекциясидан асраш масалалари ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида тўхталишди.
Дилобар АКРАМОВА,
Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази эпедемиологи