Юрак хуружи оғриқларсиз келса…

Статистика маълумотларига кўра, барча ўлим ҳолатларининг 56 фоизи юрак қон-томир касалликлари оқибатида юзага келар экан. Охирги пайтларда юрак хуружи билан вафот этиш ҳолати кўпайиб бормоқда. Юрак хуружи ўзи қандай касаллик ва бунинг олдини олиш учун биз қандай яшашимиз зарур?

Биламизки, инсон ёши ўтган сайин нафақат тез-тез хасталаниб қолади, балки касалликка дош бериши ҳам қийинлашиб боради. Унчалик ҳам жиддий кўринмаган касалликлар, аслида ёши катта инсонлар учун хавфли бўлиши мумкин. Мисол учун юрак касалликлари. Юрак хуружи тўш соҳасидаги оғриқ, нафас қисилиши, тез-тез ҳолдан тойиш, юракнинг бетартиб ва тез уриши, бош айланиши, кўнгил айниши ҳолатлар каби белгилар билан огоҳлантириш беради. Агар оғриқ бўлса, беморлар ўз билганича дори-дармон ичмаслиги, зудлик билан шифокор кўригига боришини ва тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш зарур! Шифокорнинг ўз вақтидаги ва малакали ёрдами билан бемор яна узоқ йиллар яшаши мумкин!

Қачон зудлик билан тез ёрдам чақириш керак?


Миокрад инфаркти кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлади, юракдаги тузатиб бўлмас ўзгаришлар эса юрак хуружидан 20 дақиқа ўтибоқ пайдо бўлади. Шу боис жуда тезкорлик билан ҳаракат қилиш керак. Энг аввало, ёнингиздаги одам ўзини ёмон ҳис қилса ва сиз касаллик белгиларини юрак хуружига ўхшатсангиз, беморнинг бошини баланд кўтариб ётқизиш ва тез ёрдамга қўнғироқ қилиш зарур. Имкон қадар шахсий машинада бўлса ҳам шифохонага тезроқ етказиш керак! Қолаверса, деразани очиш,кийимларни егиллатиш айниқса кўкрак қафасини эркин қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Аспирин таблеткаси бўлса, беморга чайнашга бериш зарур. Беморга қачон ва қанча дозада дори берганингиз аниқ бўлсин, сабаби бу маълумотлар шифокорга ас қотади. Унутманг, билиб-билмай дори беришингиз беморни янада оғир ҳолатга тушириши мумкин. Оғриқ айрим ҳолларда пастки жағ ва корин соҳасида ошқозонда ҳам бўлади. Беморлар кўп ҳолларда оғриқнинг манзилига қараб гастроэнтеролог ёки жағ соҳасида бўлганда стоматологга мурожаат қилади. Бу касалликнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Рўза ойида одамлар сувни кам ичади. Организмга керакли миқдордаги сув кирмагандан кейин қон қуюқлашади ва натижада инфаркт ҳолатлари кўпаяди.

Олдини олиш учун қандай яшаш лозим?


Жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзида яшаш умрни узайтиради. Тўғри овқатланиш, чекмаслик муҳим аҳамиятга эга. Қон босими ҳамда вазнни назоратда ушлаш керак. Бирдан катта вазн йиғишдан эҳтиёт бўлинг! Нормал уйқу юрак учун кони фойда. Узоқ яшай десангиз вақтида ухланг, вақтида туринг!Унутманг,уйқунинг етишмаслиги ёшингиз, вазнингиз ва жисмоний фаоллигингиздан қатъи назар, юрак касалликлари хавфини оширади. У мавжуд муаммоларни жиддий равишда кучайтиради, чунки уйқу организмдаги барча жараёнларга таъсир қилади. Айтинг-чи, кимнинг ҳаёти мукаммал, тўкис? Шу боис бошингизга тушган кўнгилсизликларни юракка олманг! Ахир унинг вазифалари кўп! Стрессларни бошқаришни ўргансангиз юрагим ўз қўлимда дея­веринг! Мунтазам босим ва стресс­лар билан ишлайдиган ходимлар ҳам юраги ҳақида қайғуриши лозим! Бир кунда ўртача 1-2 километр пиёда юриш,доимий равишда мева-сабзавот истеъмол қилиш, юрак уруши бир дақиқада ўртача 70 тадан ошмаслигини текшириб туринг!

Бир мартта юрак хуружини ўтказганда…

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-22)


Бундай беморлар стационарда даволаниб уйига қайтгач, диспансер назоратига олинади. Уларни уй шароитида реабилитация қилишда енгил машқларни бажартириш мумкин. Масалан, енгил бадантарбия тавсия қилинади. Ўз вақтида тиббий кўрикларга жалб этиш, парҳезга амал қилиши, шифокор буюрган дориларни вақтида қабул қилишини кузатиб, оиладагиларга бемор парвариши бўйича маслаҳатлар бериш лозим.

Оғриқсиз, яширин тури ҳам бор


Бу энг хавфлиси. Юрак касаллиги билан оғриган беморларнинг тахминан 20-40 фоиз оғриқсиз шаклда учрайди. Оғриқсиз, ҳеч қандай безовталикларсиз келган инфаркт ўлимни тезлаштиради. Бундай турни олдиндан аниқлаш ва ташхис қўйиш қийин. Сабабсиз уйқучанлик, чарчоқ ва қон босимининг жуда тез-тез ўзгариб туриши аломатсиз инфарктнинг белгиси бўлиши мумкин. Аломатсиз инфаркт кексаларда, қандли диабет билан оғриганларда, қон босими юқори ва шунингдек инфарктни бошидан ўтказганларда кўпроқ учрайди. Инсонда юрак хуружи рўй бердими ёки йўқ буни шифокорлар ЭКГ ёрдамида аниқлашлари мумкин.
Миокард инфаркти – бу юрак тўқималари некрози (ҳалокати). У озиқлантирувчи артерияларнинг торайиши натижасида мушакларга кислород етишмаганда пайдо бўлади.

Малика МУҲАММЕДОВА,
кардиолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: