Ёш оналарга фойдали 10 маслаҳат

Кичкинтойингизни парваришлар экансиз, ўз-ўзингизга мунтазам савол берасиз: мен ҳаммасини рисоладагидек бажаряпманми? болажон эса кундан-кун янги қилиқлар чиқариб, сизни бу ҳақда такрор-такрор ўйлашга, иккиланишга мажбур қилади. Шундай пайтларда, ўз вақтида берилган маслаҳат олтинга тенг бўлади! Қуйида олий тоифали педиатр шифокор Ҳамроева Марзия Ашуровна ҳар бир ёш она билиши лозим бўлган масалаларга эътиборни қаратади.

Кичкинтойни болалар косметикасига
«кўмиб ташламанг!»

«Меҳрибон» оналар кун давомида болалари терисига нималарни суришмайди-я! Болалар учун крем, ёғ, упа, антибактериал хусусиятларга эга совунлар, махсус суюқликлар шимдирилган салфеткалар… Агар бола 3 ойлик бўлган бўлса, унда бўғимлар «пишиши» ва диатез (тери яллиғланиши) кузатилмайди. Болакай учун махсус косметиканинг ҳожати йўқ, кундалик чўмилтириш ва ҳаво ванналарининг ўзи етарли. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бола терисига меъёрдан ортиқ ёғ ёки крем сурманг, улар меъёрда сурилгач, болани тагликларга ўраб-чирмаб ташламанг, ёғ ёки крем маълум муддат ичида терига сўрилиши лозим. Акс ҳолда, сўрилмаган масса таглик тешикчаларини тўсиб қўяди ва унинг намликни тутиш хусусиятига путур етади, тери муаммолари ҳам кучаяди.

Аравада зинадан олиб тушманг!

Бу нафақат сиз, балки, бола учун ҳам катта хавф туғдириши мумкин. Кўп қаватли уйларда лифт йўқми ёки вақтинча ишламаяптими? Унда кичкинтой бир муддат уйда қолгани маъқул. Фақат уни шундай «жойлаштириб» қўйингки, у йиқилиш ёки полда умбалоқ ошишга имкон тополмасин. Аравачани бир қўлда, қийшайтириб тутманг, икки қўлда олдинга қараб ҳайдаганингиз маъқул. Бунда вазн мувозанатда бўлишига эътибор беринг. Шундагина кичкинтой хавфсиз бўлади, сиз ҳам бел оғриғидан шикоят қилмайсиз.

Терлашига йўл қўйманг!

Бола йиғлаганда, инжиқлик қилганида, қўрққанида ёки ўта хурсанд бўлганида, тер мунчоқларига кўмилади. Соғлом, эмизикли бола эса иссиқ шароитда ҳам деярли терламайди, ундан сутнинг ёқимли ҳиди келиб туради. Илк ёшларида унинг тер безлари яхши шаклланмаган бўлади ва тўлиқ иш фаолиятида бўлмайди. Агар сиз уни об-ҳавога мос ки­йинтирган бўлсангиз, иссиқлаши эҳтимолдан йироқ, лекин унинг кўйлакчалари ҳўл бўлса, педиатрга мурожаат қилганингиз маъқул. Бу асабнинг тер ажратиш мувозанати бузилганидан дарак берувчи рахит касаллиги белгиси бўлиши мумкин.

Хонадаги тунги чироқни ўчиринг!

Яна ўқинг:  Спорт – соғлиқ гарови

Кўпинча, оналар болалар хонасида тунги чироқ ёки қандилга маҳкамланган махсус мовий рангли чироқ ёқиб қўйишади. Бу болаларни тинчлантиради ва боланинг кўзларига уйқу келишига ёрдам беради, деб ҳисобланади. Бироқ доимий нотабиий нур бола организмида биоритмларни назорат қилувчи ва тетикликни сақловчи мелатонин гормони фаолиятини сусайтиради. Натижада, биологик соатлар давомийлиги бузилиб, бола ўзини ёмон ҳис қила бошлайди, кундузи инжиқланади, тунда яхши ухлолмайди.

Ичадиган сувга шакар қўшманг!

Биринчидан, сиз мақсадга етолмайсиз: ширин суюқликлар чанқоқни яхши қондирмайди. Иккинчидан, болани илк ёшиданоқ ширин таъмга ўргатиб қўясиз, у оддий сув­ни ичишдан қаттиқ бош тортади. Учинчидан, унинг шакарни парчаловчи ошқозон ости безига босим тушиб, диабетга мойиллик кўрсаткичини оширасиз.

Чой берманг!

Ҳатто суюқ дамланган чой ҳам бола организмида илк ёшлардаёқ темир ўзлаштирилишини сусайтиради ва темир танқислигига мойиллик келтириб чиқаради. Бола учун энг фойдали ичимлик – қайнатилган шакарсиз сув. Дўконларда қадоқланган сув бўлса, ундан ҳам яхши. Сув ўрнига турли мева компотларини беришингиз мумкин (музлатилган, қуритилган ёки янги). Компотлар янги тайёрланган, хона илиқлигида ва шакарсиз бўлиши лозим. Болага овқатлантириш давомида тез-тез суюқлик бериб туринг, бироқ, бу жуда кўп суюқлик ичиши шарт, дегани эмас. Ортиқча суюқлик унинг буйрагига босим ўтказади. У кун давомида меъёрида суюқлик ичиши керак. Ҳарорати кўтарилганда, ич кетишда ва хона ҳарорати юқори бўлганда кўпроқ ичиши мақсадга мувофиқ.

Шамоллаган бўлсангиз ҳам, кўкрак сути билан эмизинг!

Баъзан оналар шамоллаганда, грипп бўлганида болани кўкрак сути билан эмизмасликни маъқул кўрадилар. Болага касаллик юқишидан қўрқиш табиий, бироқ, шуни унутмангки, грипп ҳаво-томчи йўли орқали юқади, эмизиш билан эмас. Болани 5-6 қават тутилган дока остидан эмизинг, кун давомида докани бир неча марта алмаштиринг. Аввал ишлатилган докадан фойдаланмоқчи бўлсангиз, уларни қайнатиб олинг. Сизга ёрдам берадиган одам бўлмаса, фақат дока ниқоб тутиб, болани парвариш қилишингиз мумкин.

Ётқизганда тез-тез икки ёнбошга алмаштириб туринг!

Америкалик педиатрлар ҳар 16 та боладан биттасида бош суяги деформациясини аниқлашди. Бунинг сабаби, улар узоқ вақт белга таяниб ётган ва D витамини танқислигидан азият чекади. Болага ушбу қимматли витаминни етказиб беришни унутманг. Чунки бу витамин танқислигида бола суяги юмшоқ, бош суяги кенгайган бўлади. Сиз бундай бўлмаслиги учун уни ётқизганингизда то буни ўзи мустақил ўрганиб олмагунча у ёнбошдан бу ёнбошга ўгириб туринг. Кенгайган бош суяги боланинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, асаб тизимига ҳам зарар етказади: бош суяги деформацияси бош мия шакли бузилиши, қисилиши ва унда қон айланиши бузилишига сабаб бўлади. Натижада, боланинг психомотор ривожланишдан ортда қолиши кузатилади.

Яна ўқинг:  “Ақлли бактериялар” юрак фаолиятини тез тиклай олади

Сўрғичдан воз кечманг!

Кўпчилик оналар сўрғичлар болада тишлар ўсишига салбий таъсир кўрсатади, деган тушунчада. Бу нотўғри! Сўрғич бола туғилганидан бошлаб илк ойларда сўришга эҳтиёж кучли бўлган пайтларда жуда керак. Акс ҳолда, у бармоғини, лабларини, тагликлар четларини, қалам учларини сўришни бош­лайди. Бу, айниқса, бола сунъий озиқлантириш (она сутидан бошқа сутли аралашмалар) билан парвариш қилинаётган бўлса, ўзининг жиддий таъсирини кўрсатади. Чунки она кўксидагидан кўра, сўрғич идишлардаги сутли аралашмалар тез оқади ва бола уни сўриб олишга улгурмай қолади. Бу унга овқатланишда ички ноқулайлик туғдиради. Сўриш ҳаракати болани тинчлантириб, ухлашига ёрдам беради. Бола 4-6 ойлик бўлса ва сўрғич билан ухласа, қаттиқ йиғлаганда уни тинчлантирувчи ўрнида қабул қилса, бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Бола ухлагач, сўрғични олиб қўйинг. Болани вақти-вақти билан сўрғичсиз юришга ўргатиб боринг.

Дориларни рецепт асосида беринг!

Одатда, эмизикли болалар учун кукун-дорилар ёзиб берилади. Агар керакли препаратлар дори қутингизда топилса, педиатр сизга унинг қайси қисмини болага ичириш мумкинлигини айтади. Уни нима билан ичиришни билиб олинг: баъзи воситалар сут билан ичирилса, таъсир кучи йўқолади, бошқаларини сутсиз ичириб бўлмайди… Ўткир пичоқ билан ажратиб олинган бўлакчани иккита чой қошиғи билан эзинг, қайнатилган сув ва кўкрак сути ёки тайёр болалар сут маҳсулоти билан аралаштиринг.
Боланинг бурнини ёпиб, оғзини очишга мажбур қилманг, суюқлик бошқа йўлга кетиб қолиши ёки болакай нафас йўлини бўғиб қўйиши мумкин. Боланинг ёноғини бош ва кўрсаткич бармоғингизда босиброқ ушлаб, чой қошиқдаги дорини тезгина ичириб юборинг.

Лола ҲАКИМОВА
тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: