Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равишда кузатилса, қалқонсимон без гормонларининг ишлаб чиқиши сусаяди, бу ўз навбатида модда алмашинувининг асосий жавҳалари бузилишига олиб келади.

Сўнгги 60 йил мобайнида турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш борасида ишлар олиб борилди. Жумладан, унинг таркибига ош тузи, нон, сут, шакар ва ичимлик суви киради. Уларнинг ичида ош тузи бир неча сабабларга кўра кўпроқ ишлатила бошлади:

  1. Ош тузи жамиятнинг барча қатламлари, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий келиб чиқишидан қатъи назар, деярли бир хил миқдорда ва доимий равишда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан бири деб саналади. Шунинг учун ош тузига қўшилган йод каби элемент йил давомида барча ёшдаги одамлар томонидан бир хил қабул қилиниши мумкин.
  2. Бошқа озиқ моддаларидан фарқлироқ, ош тузини ишлаб чиқариш марказлаштирилган саналади. Ушбу марказларда ош тузини йодлаш натижасида аҳолини физиологик меъёрда йодланган ош тузи билан тўла таъминлашга кафолат бериш мумкин.
  3. Йодни ош тузи билан аралаштириш хавфсиз ва оддий усул деб саналади.
  4. Бутун дунёда ишлаб чиқариладиган ош тузи кўпроқ денгиз сувидан олинади ва унинг таркибида табиий равишда йод бўлади. Сув билан бирга йод ҳам парланади ва ош тузига йод қўшиш билан биз денгиз тузининг табиий таркибини тиклаймиз холос.
  5. Ош тузини йодлаш (калий йодиди ёки калий йодати ёрдамида) тузнинг таъми, ҳиди ва рангини ўзгартирмайди. Бош­қача айтганда, йодланган ва йодланмаган ош тузи деярли фарқ қилмайди.
  6. Ош тузини йодлаш нархи арзон.

Шахсий йод профилактикаси


• Йод билан бойитилган озуқа маҳсулотларини истеъмол қилиш (йодланган ош тузи), физиологик миқдорда йод тутувчи профилактик дори воситаларини қабул қилиш (йодид 100/200 мкг).

Гуруҳли йод профилактикаси


• Йод етишмовчилиги ҳудудларида яшовчи хавф гуруҳига киручиларга (болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар) профилактик дори воситаларини (йодид 100/200 мкг) қабул қилиш тайинланади.

Ялпи йод профилактикаси


• Кенг тарқалган озуқа маҳсулотлари, кўпинча ош тузи, таркибини йод билан бойитиш. Бу марказлаштирилган ҳолда ош тузи ишлаб чиқариш корхоналарида амалга оширилади.
Қалқонсимон без гормонларининг аҳамияти:
ҳомилада миянинг ривожланиши, болаларда эса ўсиш жараёнида ақлий қобилиятнинг ривожланишини белгилайди;
меъёрий энергетик балансни таъминлайди;
оқсил ишлаб чиқишини тезлаштиради;
углевод алмашинувида қатнашади;
қонда холестерин миқдорини камайтиради;
иммунитет тизимига таъсир қилади;
комплекс адаптацион жараённи таъминлайди;
скелет суякларининг етилиши ва ривожланишини назорат қилади;
жинсий қобилиятнинг сифатини белгилайди.
Танадаги йод етишмовчилигининг олдини олишда истеъмолдаги ош тузини йодлаш тавсия этилади. Илгари ош тузини йодлаш борасидаги тавсиялар ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача йоднинг умумий миқдоридан 25-50 фоиз йўқолиши ва ош тузига бўлган талаб киши бошига 5-10 гр. тўғри келиши каби тахминларга асосланган эди. Охирги ўн йилда ош тузини ишлаб чиқаришда йодлашни жорий қилиш ва унинг йод танқислиги оқибатида ривожланадиган хасталикларга таъсири борасида катта амалий тажриба орттирилди. Тузни универсал йодлаш татбиқ этилган мамлакатларда йод танқислигидан келиб чиқадиган хасталиклар сонининг сезиларли даражада камайиши асосий ютуқ бўлди.
Бироқ, маълум бўлдики, баъзи давлатларда одамлар асоссиз равишда кўп миқдорда йод қабул қилмоқдалар ва бунинг оқибатида йод чақирувчи Гипертиреоз (ЙЧГ) ҳолатлари кўпаймоқда. Шунинг асосида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, Йод танқислиги ҳолатларига боғлиқ, хасталикларга қарши кураш бўйича халқаро қўмитаси ош тузини йодлаш билан боғлиқ бўлган хасталикларни ўрганиб, Африканинг еттита давлатида изланиш олиб борди. Бу изланиш натижалари ва охирги йиллар фан-техника ютуқлари асосида ош тузидаги йоднинг миқдори борасидаги тавсиялар қайта кўриб чиқилди.

Йодга бўлган талабни қондириш учун ҳозирги кунда қуйидаги кунлик миқдор тавсия этилади:
• 50 мкг – янги туғилган чақалоқлар ва 12 ойгача бўлган гўдаклар учун;
• 90 мкг – 2-6 ёш болалар учун;
• 120 мкг – 7-12 ёш мактаб ўқувчилари учун;
• 150 мкг – 12 ёшдан катталар учун;
• 200 мкг – ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун.
Фойдали тавсиялар
Янги маълумотларга асосланган, қуйидаги қайта кўриб чиқилган ҳолатларни ёдда тутинг:
• ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача туз етиб боргунча ош тузидаги йод 20 фоизга камаяди;
• овқат тайёрлаш вақтида яна 20 фоизга камаяди;
• ўртача ош тузига бўлган бир кунлик талаб киши бошига 10 г.ни ташкил этади.

150 мкг. йоднинг ош тузи билан одам танасига тушиши учун, ишлаб чиқариш корхоналарида йоднинг ош тузидаги миқдори 20-40 мг/кг (ёки 34-66 мг/кг калий йодат)ни ташкил қилиши лозим. Агарда истеъмолдаги барча туз йодланган бўлса, бунда бироз пастроқ даража тавсия этилади (20 мг йод/кг). Бундай ҳолатларда йоднинг ўртача сийдик орқали экскрецияси 100-200 мкг/л ни ташкил қилади.
Лекин кўп ҳолатларда, айниқса, ривож­ланиб келаётган давлатларда ош тузи саноатининг яхши йўлга қў­йилганлигига қарамай мавжуд ош тузининг сифати паст ёки ош тузи нотўғри йодланган ёки тўғри йодланган ош тузи узоқ муддат намликда, иссиқда ёки ифлосланган муҳитда туриши натижасида айниган. Бундай шароитларда ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб бориш даврида йоднинг ош тузи таркибидаги йўқолиши 50 фоиздан ҳам зиёд бўлиши мумкин ва бунда ўз-ўзидан сийдикдаги йоднинг экскрецияси ҳам 100-200 мкг/л дан паст бўлади.
Кўп ҳолларда истеъмол қилинадиган ош тузи миқдори 10 г/киши/кундан анча паст бўлиши ҳам мумкин. Йодланган ош тузи ишлаб чиқариш жараёнида қўшиладиган йоднинг миқдорини танлашда айтилган барча омилларни албатта ҳисобга олиш керак.
Агар йодланган ош тузи қабул қилувчи гуруҳларда йоднинг сийдик орқали ажралиши тавсия этилган даражадан паст бўлса, тузни йодлаш даражаси ва унинг чиқиб кетишига таъсир этувчи омилларни қайта жиддий кўриб чиқиш зарур.

Бунда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
• туз сифати ва йодлаш муолажалари;
• туздаги йоднинг йўқолишига таъсир этувчи омиллар – қадоқлаш, тузни ташиш, сақлаш, овқат тайёрлаш;
• маҳаллий таом тайёрлаш услублари (туз ишлатиш ва овқат пишириш хусусиятлари).

Кўп миқдорда йод қабул қилиш натижасида келиб чиқувчи гипертиреознинг ривожланиш омиллари. Гипертиреоз асосан катта ёшдаги аҳолида оғир йод танқислиги юзага чиққанда йод қабул қилиш кундалик эҳтиёжининг меъёрий миқдори 100-200 мкг/кун бўлса ҳам ривожланиши мумкин. Бу ҳолат вақтинча давом этади ва йод танқислиги йўқолганда касаллик ўз-ўзидан тузалади.
Гипертиреоз касаллиги асосан тугунли бўқоқ ва диффуз заҳарли бўқоқнинг яширин тури бўлган шахсларда ривож­ланади. Гипертиреоз касаллиги бор шахслар сони тугунли бўқоқ беморлар сонига мос келади. Гипертиреоз организмга ортиқча йод миқдори тушиши билан ривожланиши мумкин ва ўз навбатида оғир йод дефецит ҳолати юзага келган минтақада йодланган ош тузини қўллаш билан боғлиқ.
Гипертиреоз ривожланишининг тўлиқ олдини оладиган ва ош тузига қўшиладиган йоднинг идеал миқдори мавжуд эмас. Аҳоли яшовчи минтақаларда йод танқислиги ҳолатини бартараф этувчи йодланган тузнинг самараси гипертиреоз ривожланиш омилидан бир неча марта устун туради.

Яна ўқинг:  Озиш учун янги ускуна

Йод танқислиги оқибатида келиб чиқадиган хасталиклар бир қатор патологик ҳолатларни ўз ичига олади, жумладан бўқоқ, гипотиреоз, кретинизм, кар-соқовлик, ғилайлик, спастик параплегия, ақлий заифлик, паканалик, гўдак­ларнинг ўлик туғилиши, туғма нуқсонлар ва перинатал ўлим ҳолатларининг ўсиши.
Гипертиреоз – қалқонсимон без фаолиятининг ошиши билан боғлиқ ҳолат бўлиб, бунда безнинг асосий гормонлари бўлмиш трийодтиронин (Т3), тироксин (Т4) биосинтези ва секрецияси ошган бўлади ва бу ҳолат тиреотоксикоз ривожланишига олиб келади. Унинг асосий белгилари: кўп терлаш, озиб кетиш, иштаҳа кучайиши, кўздаги ўзгаришлар (кўз олмасининг бўртиб чиқиши), қон-томир белгилари (тахикардия, аритмия), нафас олиш бузилиши, асабийлик, бесаранжомлик, ҳолсизлик, тез чарчашдир.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА,

Тошкент тиббиёт академияси талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: