Оналик бахти остонасида

Ҳомиладорликда аёллар организмида рўй берадиган ўзгаришлар

Узоқ кутилган оналик бахти остонасида турган бўлажак она ўзининг ҳамда туғилажак фарзандининг саломатлиги ҳақида қайғуради. Шу сабабли ҳомиладорлик даврининг кечиши ҳақидаги барча тиббий маълумотлар унда ўзгача қизиқиш уйғотади.

Дастлаб уруғланган тухум бачадонга жойлашган пайтдан бошлаб эмбрион ўзининг ривожланиши учун зарур бўлган ҳамма моддаларни онанинг қонидан олади. Сўнгра ҳомила туғилгунга қадар она билан туғилажак бола ўртасидаги моддалар алмашинуви йўлдош (плацента) орқали давом этади. Ҳомила тўғри ривожланиши учун зарур бўлган витаминлар унга волидаси организмидан ўтади. Эмбрион кислородни ҳам унинг қонидан олади. Ҳомилага кислород етарлича ўтмаса, йўлдошда кислород танқислиги рўй беради ва у нобуд бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб она организмига тушган оқсил асосан ҳомила тўқималарининг шаклланишига сарфланади. Она тўқималарида ва йўлдошда йиғилган кальций тузлари эса ҳомила скелетининг ривожланиши учун сарфланади. Агар бу тузлар етишмаса ҳомиладорлик вақтидан илгари тўхташи ва эмбрион нобуд бўлиши мумкин.

Она организмида ҳомиланинг нотўғри ўсиши, унинг носоғлом бўлган (яллиғланган) туғиш йўлидан ўтиши, аввалги туғруқларда бўлган операциялар ва бошқалар ҳомила учун оғир ҳолларнинг рўй беришига сабаб бўлиши мумкин. Она соғлом бўлса ва туғруқ йўлларида нуқсон бўлмаса ҳомила меъёрда ривожланади ва ўз вақтида туғилади.

Ҳомиладор аёл баъзи ирсий касалликлар, унинг ўзи бошидан кечирган хасталиклар (айниқса, болаликда бошидан ўтказган рахит, тепки, қизилча ва бошқа юқумли касалликлар) ҳомиладорлик ва туғиш жараёнини мураккаблаштириши мумкин. Бу касалликлар таъсирида ҳомиланинг айрим аъзолари ўсмай қолиши ва баъзан у ўсишдан тўхтаб, нобуд бўлиши ёки чала туғилиши ҳам мумкин.

Шундай қилиб она организми ҳомила учун озиқланиш манбаидир. У ҳомилани ўсиши, ривожланиши учун барча зарур моддалар билан таъминлайди.

Ҳомиладорликда кўкрак қафаси (унинг пастки қисми) кенгаяди. Қовурға айланаси эса кўтарилади. Бу хилдаги ўзгариш ҳомиладорликнинг эрта муддатларидаёқ кузатилиши мумкин. Чаноқдаги бўғимлар соҳасида сероз суюқлик кўпайиши натижасида улар юмшайди. Бу бўғимларнинг юмшаши ва уларнинг ҳаракатланиш хусусиятини оширади. Натижада бу ҳол туғруқ жараёнида симфиз бўғимининг бир оз очилишига ва чаноқ кириш қисмининг ўлчови кенгайишига имкон беради. Оқибатда ҳомила бошининг осон туғилишини таъминлайди.

Яна ўқинг:  Олтин заррачалари саратонни енгишда ёрдам беради

Баъзи ҳолларда ҳомиладорликда аёлларда оёқ, қўл ва пастки жағ суяклари катталашади. Ҳомила ўсган сари аёл қорин деворининг териси чўзилади. Бу ҳолат айниқса, қоғоноқ суви кўп, эмбрион катта ёки улар эгизак бўлганда кузатилади. Бўлажак онанинг қорин девори терисининг кўп чўзилиши натижасида унда ҳомиладорлик чизиқлари (striae gravidarum) ҳосил бўлади. Чизиқлар пайдо бўлишига терининг эластиклиги ва бириктирувчи тўқималарнинг бир-биридан ажралиши сабабдир, деб тахмин қилишади гинекологлар.

Агар чизиқлар ушбу ҳомиладорликда вужудга келган бўлса, юпқалашган тери остидан унинг бириктирувчи тўқимасидаги томирлар пушти рангда кўринади. Мабодо чизиқлар олдинги ҳомиладорликда пайдо бўлган бўлса, улар оқиш йўл-йўл бўлиб қолади. Чунки, унинг юзаси бириктирувчи тўқима билан қопланади. Шунингдек, чизиқлар сут безлари териси юзасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Баъзан ҳомиладор бўлмаган аёлларда ҳомиладорлик давридагига ўхшаш чизиқларни кўриш мумкин. Шунга кўра бу ҳолатни баъзи олимлар эндокрин безлари фаолиятига боғлиқ, дейдилар. Баъзи аёлларда ҳомиладорликнинг охирги муддатларида юзда, қорин деворининг оқ чизиғида жун ўсади. Бу ҳолат эндокрин безлар ва шаклланаётган йўлдош фаолияти сабаблидир. Чилла даврининг 2-3 ҳафтасида бу жунлар йўқолади.

Ҳомиладорликда қорин девори ўртасидаги оқ чизиқда, сут безлари сўрғичи атрофидаги ҳалқада, ташқи жинсий аъзоларда, киндик атрофида, баъзан юзда (пешона, юз, юқори лаб устида) қорамтир доғлар кўпаяди. Бу ҳам терида рўй берадиган ўзига хос ўзгаришлардандир (choalasma gravidarum). Бу ҳолат буйрак усти безлари фаолияти билан боғлиқ бўлади.

Маълумки, ҳомила ўсиши туфайли бўлажак онанинг тана вазни ҳам ортади. Чунки, ҳомила ўсган сари қоғоноқ суви кўпаяди. Бачадон мушаклари гипертрофияси рўй беради ва қўшимча қон айланиш тизими такомиллашади. Натижада ҳомиладор аёлнинг оғирлиги ҳар ҳафтада 400-450 грамга ошиб, ҳомиладорлик пайтида у ўртача 10±1 кг. га семириб кетади.

Ҳомиладор аёлнинг киндигида ҳам ўзгариш рўй берадиАёлнинг “оғир оёқ”лик даврининг иккинчи ярмида киндик текислашади. Охирги ойда эса у бўртиб чиқади. Бу белги туғруқ муддатининг яқинлашганини билдиради.

Ҳомиладорлик даврида моддалар алмашинуви

Бy даврда аёллар организмида аъзо ва тизимлар фаолияти ўзгариши билан бирга моддалар алмашинуви ҳам ўзгаради.

Кислород алмашинуви

Она билан ҳомила қони ўртасида яқин алоқа боғланади. Аммо, она қони билан ҳомила қони аралашмайди. Чунки, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қон айланиш тизими мавжуд. Ҳаво алмашинуви асосан кислород алмашувидан иборат. Она организмидаги кислороднинг бир қисмини ҳомила ўзлаштиради. Шу туфайли ҳомиладор аёл организмининг кислородга бўлган эҳтиёжи жуда ортади.

Яна ўқинг:  Табиат инсонга ҳаёт тортиқ этиб, дард тортяпти

Оқсил алмашинуви

Ҳомиладор аёл организмидаги оқсил моддалар ҳомиладорлик даврида (айниқса, унинг биринчи ярмида) бачадоннинг ўсиши ва сут безларининг ривожланиши учун зарур бўлган махсус оқсил моддаларни ишлаб чиқаришга, кейинчалик эса ҳомиладор организмида ҳомила тўқимаси ва аъзоларнинг шаклланишига сарфланади.

Бундан ташқари бўлажак она туғиш ва чақалоқни эмизиш вақтида ҳамда (туққандан кейинги 1-1,5 йил давомида) она организмидан сарф бўладиган оқсилни тиклаш учун оқсил моддаларнинг бир қисми яна сарфланади.

Минерал тузлар алмашинуви

Ҳомиладор аёл организмидаги тўқималарда, айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида сув ва хлоридлар кўпаяди. Бy иккала омил тўқималарнинг қайишқоқлик хусусиятини оширади ва туғруқ вақтида ҳомиланинг туғиш йўлларидан ўтиши осонлашади. Ҳомиладор ва ҳомила учун кальций, натрий, кальций, фосфор, магний ва темир тузлари керак бўлади. Кальций тузлари ҳомила скелетининг суякланишига сарфланади. Агар она организмига кальций тузи етарли миқдорда тушмаса ҳомила скелети турли ўзгаришларга учрайди. Организмда кальций тузининг етишмаслиги ҳомиладор аёл тишларининг емирилишига, уларнинг чириши ва шаклининг бузилишига, тирноқларининг мўрт бўлиб қолишига олиб келади. Оғир ҳолатларда суяклар юмшаб, мўрт бўлиб қолади. Ҳомиладор аёл организмидаги фосфор асосан кальций тузи билан бирга ҳомила суяк тизимининг ривожланишида иштирок этади. Бундан ташқари фосфор асаб тизимининг тузилиши учун ҳам сарфланади. Агар шу ҳар хил тузлар организмда етарли бўлмаса, тетания, остеомаляция касалликлари вужудга келиши мумкин. Фосфор ва кальций тузлари етишмаса, чаноқ суяги юмшаб, унинг шакли ўзгаради. Аммо бу патологик ҳолат ҳозирги вақтда деярли учрамайди. Сабаби ҳозирда барча бўлажак оналар оилавий поликлиникада акушер-гинеколог текширувидан ўтадилар ва уларга ўз вақтида зарур маслаҳатлар берилади.

Teмир тузлари ҳомила организмида қон элементлари шаклланиши учун зарур. Бу тузлар асосан ҳомиланинг жигар ва талоғида йиғилади. Она сутида темир тузлари кам бўлганлиги сабабли чақалоқ туғилгандан сўнг дастлабки биринчи ой мобайнида ўз организмида йиғилган шу тузларни сарфлайди. Ҳомиланинг ривожланиши учун ўрта ҳисобда 1000 мг темир тузлари сарфланади. Ҳомиладор аёл таркибида темир тузлари бўладиган овқатлардан еб турмаса, унинг организмида темир моддаси камайиб кетади. Бу ҳолат кўпинча ҳомиладорликнниг 20-28-ҳафталарида кузатилади. Агар ҳомиладор аёл организмида темир моддаси жуда ҳам камайиб кетса ҳомила чала туғилиб, ҳатто, нобуд бўлиши ҳам мумкин.

Темир моддасининг етишмаслиги кўпинча камқонлик касаллиги (гипохром анемия)га олиб келади. Шу сабабли бўлажак оналар ўртасида профилактика ишларини олиб бориш зарур.

Карбонсув (углевод) алмашинуви

Яна ўқинг:  БОТУЛИЗМНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – ҲАЁТНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

Ҳомиладорлик даврида аёл организмида карбонсув алмашинуви бирмунча кўпаяди. Бунда организм карбонсувни гликоген сифатида ўзлаштиради ва у жигарда тўпланади. Вақт-вақти билан ҳомиладор аёлда физиологик глюкозурия (пешобда карбонсув пайдо бўлиши) кузатилади. Бу ҳолатга буйрак эпителийларининг қанд ўтказиш хусусияти ошиши сабаб бўлади, деб ҳисобланади. Қонда эса қанд миқдори ошмайди. Ҳомиладорлик даврининг сўнгги босқичида бу миқдор бироз ошиши мумкин. Аммо, бу кўрсатгич меъёрий чегарадан чиқмайди. Бу ҳолат вегетатив асаб тизими фаолияти билан боғлиқ. Карбонсув организмга қувват берувчи модда ҳисобланади.

Сув алмашинуви

Ҳомиладорлик давомида аёл организмида, айниқса, тўқималар ичида сув йиғилади. Бу баъзан бўлажак онанинг оёқларида шиш пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Ҳомиладорлик даврида она организми ва ўсаётган ҳомиланинг сувга бўлган талаби ортади. Шунга кўра аёл илгаридан кўра кўпроқ сув ичишга мажбур бўлади. Аммо, агар аёлда шиш пайдо бўла бошлаган бўлса, у шифокорга мурожаат қилиши керак. Шиш ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида учрайдиган асорат-преэклампсиянинг бошланғич босқичидир.

(Давоми кейинги сонда)

Юлдуз ЖАББОРОВА,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: