БЎЛАЖАК ОНАЛАР МАКТАБИ

ҳомиланинг соғлом туғилишига замин яратади.

Соғлом ота-онадан соғлом фарзанд туғилади. Ҳомиладор аёлнинг туғруққача бўлган даврини бешикаст ўтказишида умр йўлдоши билан бир қаторда ёнидаги яқин кишилар ҳам бирдек масъулиятлими? Куёв ва келин бўлажак ота-оналик масъулиятини қай даражада тушунадилар?

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Марказий кўп тармоқли поликлиникадан бугунги кунда 27 минг нафарга яқин фуқаро рўйхатдан ўтган. Мазкур рақамларнинг олти мингдан зиёдини фертиль, яъни туғиш ёшидаги хотин-қизлар ташкил этади. Она ва бола саломатлигини таъминлаш, соғлом фарзандлар дунёга келишига ҳисса қўшиш мақсадида муассаса қошида “Ёш оналар мактаби” фаолияти йўлга қўйилган.

– Маълумки, инсоннинг репродуктив саломатлик муҳофазасини онанинг ҳомиладорлик давридан бошлаш мақсадга мувофиқдир, – дейди акушер-гинеколог Гавҳар Мавлонова. – Шу мақсадда поликлиникамиз акушер-гинекологлари билан туғруқ ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёллар билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб турамиз. Репродуктив саломатлик инсоннинг насл қолдиришга лаёқатли давридаги саломатлигидир. Жумладан, ҳомиладор аёлларнинг бу даврда рационал овқатланиши, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, ўз вақтида дам олиш, тўйиб ухлаши, тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтиши (жумладан, гинеколог кўриги), белгиланган кун тартибига риоя этишларини, ҳафтада уч марта ҳомиладорлик давридаги махсус енгил машқларни бажариб туришларини тушунтирамиз.

Чунки, бўлажак фарзандларнинг тўрт мучаси бут, соғлом бўлиб туғилишларида онанинг саломатлиги муҳим аҳамиятга эга. Кутилмаганда улар организмида кечаётган юқумли грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)ни ўз вақтида даволатмаслик ва антибиотикларни пала-партиш ичиши ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, унинг туғма нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлади. У турли вируслардан ўзини ҳимоя қилиш учун иммунитетини кўтариши шарт. Бунда албатта аёлнинг умр йўлдоши ҳамда яқин кишилари ҳам бирдек масъулдирлар. Улар оғир юк кўтариш, ортиқча руҳий ва жисмоний зўриқиш ҳомиладорлар учун зарарли эканини тушунган ҳолда унга суянчиқ бўлишлари керак. Биз ҳомиладор аёлларга ўз тавсияларимизни берар эканмиз, айниқса, кундалик овқатланиш рационида етарли миқдорда витамин, минерал моддалар ва кам миқдорда углевод, ёғлар бўлиши лозимлигини уқтирамиз.

Ҳомиладорлик даврининг қийин кечишига баъзан ҳомиладорлик токсикози ҳам сабаб бўлади. Бу ҳолатни бўлажак она организмидаги мавжуд хасталиклар қўзғайди. Ҳомиладор аёллар ҳомиладорлик бошланишида бошқоронғу бўладилар. Яъни, уларда кўнгил айниши ҳолати кузатилиб, тузланган бодринг, балиқ, кесак, қурт, гилвата егиси келади. Баъзи бир овқатларнинг, ёғнинг ҳиди ёқмайди. Уларда кўнгил айниши, қусиш аломатлари пайдо бўлади. Камқонлик (анемия) хасталиги бор ҳомиладорларда бош айланиши, уйқу бузилиши, уйқучанлик, серзардалик аломатлари кузатилади. Буларнинг бари албатта марказий асаб тизими фаолияти билан боғлиқдир. Токсикозларнинг илк ва кеч турлари мавжуд. Бундай пайтда бўлажак оналар барвақт аёллар маслаҳатхонасига мурожаат этиб мутахассислар тавсиясига риоя қилишлари муҳимдир. Илк токсикозлар ана шу жараёнда тез ўтиб кетади. Лекин баъзида ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кеч токсикозлар ҳам кузатилади. Буйрак фаолиятининг сусайиши билан кечадиган нефропатия, преэклампсия ва эклампсия юзага келиши мумкин. Уларнинг олдини олиш мақсадида бўлажак оналардан мутахассисларнинг махсус тавсияларига амал қилиш талаб этилади.

Мутахассисларнинг фикрича ҳомиладорлик даврида тиш ва милкларнинг кўпроқ зарарланиш ҳолатлари ҳам учрайди. Она организми икки жон – бўлажак фарзанди учун ҳам фаолият юритади. Айниқса, ҳомиланинг суяк тизими ривожланиши учун кўпроқ кальций моддаси зарур бўлади. Таркибида кальций моддаси мавжуд сут ва сут маҳсулотлари – творог, пишлоқ, йогурт, балиқ, дуккаклилар, гуруч, қора нон каби маҳсулотлар уларнинг овқатланиш рационида бўлиши шарт.

– Акушер-гинекологлардан Гавҳар Мавлонова, Гулсара Бадалова, доялар Гулнора Қодирова, Дилдора Комиловалар биз бўлажак оналарни тиббий кўрикдан ўтказиш ва аниқланган ташхис бўйича саломатлигимизни тиклашга, ўзларининг меҳри ва ширин сўзлари, керакли тавсиялари билан ёрдам бермоқдалар, – дейди бўлажак она Саодат Исамуҳаммедова. – Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичида қон босими ошмаслиги учун ўз вақтида витамин ва минералларга бой маҳсулотлар билан озиқланиш, парҳезга риоя қилиш, зарур бўлса махсус жисмоний машқлар билан шуғулланишимизга улар бош-қош. Оёқ вена-томирларида варикоз (веналарнинг яллиғланиб, кенгайиши)нинг олдини олиш мақсадида уй шароитида амалга ошириш мумкин бўлган қатор тавсиялар беришади. Чақалоғимизни қўлимизга олгач уларнинг парвариши, она сутининг аҳамияти борасида ҳам тушунтириш ишларини олиб боришади.

Яна ўқинг:  ОҒРИҚСИЗ ТАҲДИД

Аёл ўз соғлиғини тиклаб олмай туриб яна тез-тез ҳомиладор бўлса, она ва бола ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Чунки, туғруқлар оралиғи камида уч йил бўлиши керак. Шу вақт оралиғида она организми анча тикланади. Яна бўлажак ота-оналар ўзларининг соғлиғига, оиланинг иқтисодий шароитига ҳам қараб фарзанд кўришни режалаштирсалар тўғри бўлади.

Ҳомиладорлик даври асоратсиз кечиши, она ва боланинг саломатлиги мустаҳкам бўлиши учун тумандаги йигирмата ҳудудда тиббиёт ходимлари навбатма-навбат аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқдалар.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: