Бруцеллёз қандай юқади?

Бруцеллёз қиш­лоқ хўжалик ва уй ҳайвонлари ўртасида кенг тарқалган касаллик ҳисобланади. Бу хасталик билан одамлар ҳам касалланади. Одамларда хасталик кўпроқ сурункали кечади ва беморни узоқ муддатга иш қобилиятини йўқотишга ва ҳатто ногиронликка олиб келади.

Республикамизда чорвачилик кенг ривожланган. Уй ҳайвонлари бруцеллаларга ўта сезувчан ҳисобланади. Касалликнинг юқишида майда шохли ҳайвонларнинг аҳамияти катта. Бруцеллёзга чалинган ҳайвонлар ўз вақтида соғлом ҳайвонлардан ажратилмаса, касаллик кўпайишига замин яратилади. Шунингдек, касаллик кўпчилик фермер, бўрдоқичилик ва шахсий хўжаликларда, майда ва йирик шохли ҳайвонлар биргаликда сақланганда ҳам осонгина юқади. Бундай шароитларда инфекция майда шохли ҳайвонлардан йирик шохли ҳайвонларга юқиб, охир-оқибат фермер хўжалиги ходимлари, сут соғувчилар, чўпонлар ва бошқа ходимларнинг касалланишига сабаб бўлади.


Майда шохли ҳайвонлар ўчоғи эпидемиологик жиҳатдан кишиларга катта хавф туғдиради. Бунда асосан қўй ва эчкилар касаллик манбаи ҳисобланади. Ҳайвонлардан бруцеллалар ташқи муҳитга сўлак, сут, қон, жинсий аъзолар суюқлиги, плацента ва чала туғилган қўзичоқ, бузоқ орқали ажралади ва теварак атрофни ифлослантиради. Майда шохли ҳайвонлар ўчоғида касаллик асосан хизматчиларга ҳайвонларни боқишда ва парвариш қилиш натижасида юқади, касаллик шунингдек, ҳазм аъзолари орқали ва мулоқат йўли орқали юқади.
Бруцеллёзнинг ўткир тури майда шохли ҳайвонлар ўчоғида касалликнинг яширин даври 3 дан 6 ҳафтагача давом этади. Кўпинча хасталик 30 кунгача, гоҳо эса 2 ойгача давом этади. Беморларда ҳароратнинг кўтарилиши, эт увишиши, асабийлашиш ва мушакларда оғриқ туриши кузатилади. Шунингдек, тери ва ташқи шиллиқ парда ранги оқариб, тилни оқ караш қоплаши мумкин.

Касалликнинг ярим ўткир, турида юқоридаги клиник белгилардан ташқари ретикуло-эндотелиал тизимида, периферик лимфа безларнинг катталашиши, жигар ва талоқнинг шиши рўй беради. Ҳаракат ва таянч аъзоларда артралгия, оёқнинг йирик бўғимларида оғриқ сезилиши, қўл бўғимларида артрит белгилари, миозитлар ва бўғимлар ҳаракатининг чекланиши кузатилади.
Асаб тизимида уйқусизлик, бош оғриши, радикулитлар, неврит ва плекситлар учрайди. Жинсий ва таносил аъзоларида орхит, орхоэпидимит, ҳайз кўришнинг бузилиши, бола тушиши ва муддатидан илгари туғиш ҳоллари рўй беради.

Касалликнинг асосий манбаини ҳисобга олган ҳолда профилактика чора-тадбирлари бир неча қисмдан иборат. Эпизоотик, эпидемиологик, умумий санитария чора-тадбирлари касалликнинг салмоғини ва қайси минтақада тарқалишини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Эпидемиологик чора-тадбирлар эпизоотик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади. Касаллик манбаини ўз вақтида аниқлаш ва касал бўлган ҳайвонларни ажратиб қўйиш, хўжалик ишчи-ходимлари орасида профилактик чоралар кўриш, мабодо касаллик аниқланса, уларни дарҳол текшириш ва тегишли даво тайинлаш шулар қаторига киради.

Яна ўқинг:  Гўдакларни массаж қилиш қоидаларини биласизми?

Тиббиёт ва ветеринария ходимлари орасида ўзаро ахборот беришни йўлга қўйиш, эпизоотик ва эпидемиологик назоратни кучайтириш, бемор аниқланган оила аъзоларини, шахсий хўжалик­лар, фермер хўжаликлари ва ҳайвонлар маҳсулотлари билан қайта ишлайдиган корхоналарнинг ишчиларини бруцеллёз бор-йўқлигига текшириш каби чоралар талаб қилинади. Чорва моллари сақланадиган молхоналарни вақти-вақти билан 10 фоизли хлорли оҳак эритмаси билан зарарсизлантириб туриш керак. Бола ташлаган, йўлдоши вақтида тушмаган моллар ветеринария ходимлари назоратида бўлиши, бошқа хайвонлардан ажратилиши ва уларнинг чиқиндилари хлорли оҳак билан зарарсизлантирилиши керак. Бола ташлаган ҳайвоннинг жинсий аъзоларидан келадиган ажралмалари, ҳайвон гўнги, сийдиги билан ифлосланган тупроқ, ем-хашак ва бошқа анжомлар зарарсизлантирилиши, кераксизлари эса куйдирилиши лозим.


Ўлик туғилган ҳайвон боласи ва йўлдоши эҳтиёткорлик билан 2 метр қазилган чуқурга ташланиб, устига хлорли оҳак сепиб кўмиб юборилиши керак.Уларни итларга ва бошқа ҳайвонларга бериш мутлақо ярамайди.
Ветеринария кўригидан ўтмаган молни сўйиш ва уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилиш ман этилади. Белгиланмаган жойларда ёки қўлда сотилаётган сут, қаймоқни харид қилмаслик керак. Гўшт ва жигардан тайёрланадиган таомлар, айниқса кабоблар етарли даражада термик ишлов берилишига аҳамият берилиши зарур.

Касал ҳайвонлар билан ишловчилар махсус кийимлар – комбинзон, резина этик, қўлқоп, халат ва респираторлар кийиб ишлашлари керак.
Ҳайвонларнинг жунини олаётганда, молхоналарни тозалаётганда, албатта оғиз ва бурнингизни 4 қаватли докадан тайёрланган ниқоб билан тўсинг. Бу ниқобни тез-тез тозасига (камида ҳар 4 соатда) алмаштириб туринг. Агар қўл ва тананинг бошқа очиқ жойларида жароҳат бўлса, битгунча ҳайвонлар билан мулоқат қилманг. Ўсмир ва ҳомиладор аёлларни касал ҳайвонлар билан ишлашларига йўл қўймаслик талаб этилади. Доимо шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг, айниқса овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювишга одатланинг. Истеъмолга тайёр бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини очиқ қолдирманг.

Маҳфуза БОЙМАТОВА,

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: