Ишга муккасидан кетиш…

Ишга муккасидан кетиш касалликдир. Ҳа, ҳа, айнан касаллик! Нокимё­вий қарамликнинг бир тури бўлиб, шахс ҳаётининг деярли барча қисми иш билан ўтиб кетишидир. Бу трудоголизм дейилади.

Трудоголизмда иш ҳаётнинг мазмунини ташкил этади. Инсонни ишининг натижаси умуман қизиқтирмайди, иш жараёни учун тинмай меҳнат қилади. Аниқ вазифаларни бажаришга киришади, майда деталларга жуда эътибор беради, идеал даражага етказишга ҳаракат қилади.
Бу касалликка учраган шахсни на оила, на дам олиш, на кундалик юмушлар ва на дўстлар қизиқтиради. Бундай шахсларни хоббиси бўлса ҳам иш билан боғлиқ бўлади. Эркак трудоголиклар аёл трудоголикларга нисбатан 2 баравар кўпроқ.
Трудоголизмнинг асосий сабаби болалик даври билан боғлиқ. Агар болаликда иш – ҳаёт мазмуни экани ва ўз бурч-вазифаларини жуда аъло даражада бажаришга уриниш кераклиги уқтирилаверса, у келажакда трудоголизм касаллигига чалиниши мумкин.
Яна бир сабаби – алкоголизм билан касалланган отанинг борлигидир. Бундай отани кўрган, у чиқарган жанжалларини гувоҳи бўлган фарзанд, отасининг акси, умуман ичмайдиган инсонга айланишни истаб, туну кун ишлашга қарор қилади.
Шахсий ҳаётида ёрқин лаҳзалар бўлмаган ва шахсий ҳаёти омадсиз бўлган ёки ёлғиз яшайдиган инсон ўзини ишга бағишлайди. Ишида ютуқларга эришган сайин, шахсий ҳаётидаги кўнгилсизликлар унутилаверади. Шахсий ҳаётда ҳақиқий муносабатлар ўрнатишдан кўра, ишда омад қозонишга шўнғиб кетади.
Шундай қилиб, трудоголизм ҳаётий муаммоларини ҳал этишдан қочиш усули сифатида ривожланиб боради.

Трудоголизм белгилари:
• фикрлашнинг системалилиги;
• қайсарлик;
• омадсизликлар қўрқуви;
• майда ишларга ўта эътиборлилик;
• ишдан бошқа ҳеч нарсага қизиқмаслик;
• доим иш ҳақида ўйлаш;
• муайян қарор қабул қилишнинг қи­йинлиги;
• ишдан ташқари ҳолатда ёки нав­батдаги вазифани тугаллаши олдидан хавотир, таъсирчанликнинг ошиши;
• навбатдаги иш вазифа ниҳоялаганда, тезда кейинги топшириқ олиш ҳақида ўйлаш;
• бажариб бўлинган ишдан сўнг, ҳеч қандай хурсандчилик ҳиссининг йўқлиги;
• ўзига ва қилаётган ишига нисбатан ўта талабчанлик;
• дам олишни дангасалик деб тан олади.

Трудоголикларнинг таснифи.
Ўзи учун трудоголик – ишига муккасидан кетишни оқлашга уринмайди.
Ўзгалар учун трудоголик – доимий иш билан бандлигини моддий, оилавий аҳволини яхшилаш билан тушунтиради.
Омадли трудоголик – трудоголизм белгилари билан карерада чўққиларга эришиш.
Трудоголик – омадсиз – вазифани майда қисмларини бажариш билан банд бўлиб, асосий мақсадга эриша олмайди.
Яширин трудоголик – ўз ишига муккасидан кетганлигини сезиб атрофидагиларга ишга қизиқиши йўқлигини «намоён» қилади.
Барча бошқа турдаги қарамликлар (алкоголизм, наркомания, интернет қарамлиги, токсикомания ва ҳоказо) каби трудоголизм белгилари инсон ҳаётига салбий таъсир этади. Трудоголик шахс ҳаётдан тўлалигича баҳра ололмай, унинг фақат «иш билан боғлиқ қисми»дангина ҳузурланади. Оилавий бахт дам олиш завқи, саёҳатлардан ҳузурланиш каби сезгилар унга бегона.
Трудоголизм соғлиққа таъсир этади: иш билан боғлиқ бўлган доимий чарчаш, хавотир ва ҳаяжонланиш сурункали чарчаш, юрак-қон томир ва ошқозон касалликларига олиб келади.
Ишда муаммолар юзага келса, руҳий бузилишлар – депрессия ва уйқусизлик юзага келиши мумкин.
Трудоголизм оиладаги жиддий зиддиятларга (ажрашиш) олиб келиши мумкин. Чунки ўз эрлик, оталик вазифасини умуман бажармайдиган эркак (аёл) билан яшаш жуда қийин.

Ҳаётдан қочишнинг бир кўриниши бўлганлиги учун уни даволаб қўйув­чи сеҳрли дори йўқ. Сабабларини йўқотиш ва психотерапия билан даволанади.

Гавҳар ТЕШАБОЕВА,

Яна ўқинг:  ГЎДАКДАГИ БЕЗОВТАЛИК САБАБЛАРИ

психотерапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: