Остеоартроз: тиззангиз нега оғрийди?

Яқинларимиздан «Тун бўйи тиззам оғриб чиқди», «Оёқ босишга қийналяпман» деган шикоятларни эшитганмиз. Айниқса, катта ёшли инсонлар бу дарддан кўпроқ азият чекиши ҳам кўпчиликка маълум.

Одатда, бу хасталик халқ орасида «туз йиғилиши» деган ном билан аталади. Аслида эса унга тиззада туз йиғилиши эмас, балки бўғим тоғайларининг мўртлашиши ва емирилиши сабаб бўлади.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан аҳоли ўртасида кенг тарқалган ушбу касаллик – остеоартрознинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ва даволаш усуллари ҳақида суҳбатлашдик.


– Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 16 фоизгача қисми остеоартроздан азият чекади, – дейди шифокор. – Касаллик одатда 40 ёшдан ошган беморларда кузатилади.
Соддароқ тушунтирсак, танамиздаги суяклар бир-биридан тоғай билан ажралиб туради. Суяклар бўғим юзалари эса бўғим пайлари билан мустаҳкамланган. Улар ҳаракат чоғида юзага келадиган ташқи зарбаларга қалқон бўлади.


Бўғимлар ички қавати махсус парда билан қопланган бўлиб, бўғим бўшлиғига суюқлик чиқариб туради. Шу туфайли бўғимлар эластиклиги ортади ва ҳаракат-таянч вазифасини ўтайди.
Остеоартрозда бўғим тоғайларининг эластиклиги камайиб, дағаллашади ва аста-секин қотади. Сўнг тоғай қавати юпқалашиб, бора-бора емирилади ва суякларнинг тоғай билан қопланган юзаси очилади.
Оқибатда суяклар ҳаракат вақтида бир-бирига ишқаланиб, эрозия юзага келади. Суяклар ён қирраларидан суяк ўсимталари пайдо бўлади. Бўғим чўзилиши билан боғлиқ ҳаракатларда оғриқ пайдо бўлади.
Касалликни келтириб чиқарувчи омиллар турлича. Бўғимларнинг туғма етилмаслиги – шулардан бири. Ҳомиладорлик давридаги зўриқиш ва жароҳатлар, ўткир, сурункали артрит, эндокрин бузилишлар ҳамда нерв касалликлари ҳам остеоартрозни юзага келтиради.
Бундан ташқари, бўғимлар яллиғланиши, улар ичидаги суяк синишлари хасталикни пайдо қилувчи омиллар сирасидан. Камҳаракатлилик, ёғли таомларни кўп тановвул қилиш эса семизликка олиб келади.
Оқибатда ўз-ўзидан бўғим тўқималарига озуқа ва кислород етиб бориши жараёни қийинлашади. Шундай вазиятларда бўғимларга тушадиган озгина оғирлик ҳам остеоартроз ривожланишига туртки бўлади.
Касалликнинг майда бўғимлар жароҳатланиши билан кечадиган тугунли турида эса наслий мойиллик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунингдек, артрознинг тоғай бўғими қариши билан боғлиқ бўлган ёшга доир тури ҳам мавжуд.
Остеоартроз одатда аста-секин ривожланади ва бир бўғимнинг шикастланиши билан бошланади. Аммо маълум вақт ўтиб, хаста бўғимлар сони ортади.
Остеоартрознинг илк аломатларидан бири – оғриқ. У юрганда, эгилганда, ўтирганда ва бошқа ҳолатларда юзага келади.

Мисол учун, бемор узоқ вақт давомида ўтиргач, ўрнидан қўзғалиб юрмоқчи бўлса, тизза ёки тос-сон, ­яъни юклама тушадиган бўғимларида оғриқ сезади. Сўнг уч-тўрт қадам ташлагач, аҳволи енгиллашиб, одатдагидай ҳаракатланишда давом этади.

Бироқ кечки маҳал яна шу бўғимларида оғриқ туради. Яъни бемор кун давомида қанча кўп юрса, ҳаракатланса, жисмоний машғулот билан шуғулланса ёки тик оёқда турса, безовталик шунча кучаяди.

Яна ўқинг:  Асабийлашиш овоз бўғилишига сабаб бўладими?


Ўтириб-туриш ёки эгилиш пайтида қарсиллаш эшитилади. Бемор салга чарчаб қолади, ҳаракати чекланади, бўғимлар шакли ўзгаради ва айрим ҳолларда бироз шишиши кузатилади.
Аста-секин хасталик ривожлана боради. Бунда ҳар қандай ҳаракат чидаб бўлмас даражада кучли оғриқни келтириб чиқара бошлайди. Шу туфайли юриш бутунлай қийинлашади. Бемор бора-бора ўрнидан туриб, қадам босолмай қолади.
Касалликнинг кокартроз турида тос-чаноқ бўғими шикастланади. Касаллик энди бошланиб келаётганда кечқурунлари беморнинг чов соҳасида оғриқ туради.
Бемор оғриқдан безовталаниб, туни билан сон-чаноқ бўғимини букиб-ёзади, айниқса, касалланган томони билан ётолмай қийналади. Вақт ўтган сари сон бўғимининг бўшлиғи торая боради, сон суяги бошчасида қўшимча суяклар ўсади, шу туфайли ҳаракат чекланади.
Бўғимларда оғриқ туришига нафақат суякларнинг ишқаланиши, балки қон айланиши етишмовчилиги ва кислород танқислиги натижасида гипоксия юзага келиши ҳам сабаб бўлади.
Агар бўғимларда оғриқлар пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Бу оғриқлар бир неча ой давомида ўтиб кетмаса, шошилинч равишда ревматолог ёки ортопед қабулига бориш лозим.

Шифокор дастлабки кўрикдан сўнг клиник қон анализи, бўғимларнинг ультратовуш текшируви ҳамда бўғимларнинг рентгенографиясини буюради.
Касаллик ташхиси қўйилгач, биринчи навбатда, беморга зарарланган бўғимни зўриқтирмаслик, ҳаракатни чеклаш ва дам олиш тавсия этилади.
Остеоартритни даволаш учун эса кўпинча яллиғланишга қарши препаратлар ва хондропротекторлар қўлланилади.
Тоғайлар фаолиятини тикловчи муолажалар буюрилади. Кальций препаратлари, суртма мойлар ҳам фойда беради.


Физиотерапия усуллари бу жараёнда оғриқни пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, ультрабинафша нурлари, электр токи, ўзгарувчан магнит майдонлари, электрофорез ва фонофорез каби муолажа усулларидан фойдаланилади.
Мушакларни мустаҳкамлашда, шунингдек, электромиостимуляция катта ёрдам беради. Бўғинлар учун мўлжалланган машқлар ҳам фойдадан холи эмас.
Агар беморларда бўғимлар ўз фаолиятини тиклай олмайдиган даражада зарарланган ва касаллик оғир босқичларга етган бўлса, ягона даво чораси сифатида операция йўли билан протезлаш амалиёти бажарилади.


Остеоартрозга чалинган беморлар оёқларига бўладиган жисмоний зўриқишдан ўзларини асрашлари керак. Шу билан бирга, ортиқча вазнга эга бўлмаслик учун енгил бадантарбия машқларини бажариш муҳим.
Соғлом овқатланиш рационига қатъий амал қилиш, холестеринга бой ва шўр маҳсулотлардан тийилиш кони фойда.
Мева-сабзавотлар, сут маҳсулотларини истеъмол қилиш, кўпроқ суюқлик ичиш касалликнинг кучайишига тўсиқ бўлади.

Яна ўқинг:  Табиий иммунитет манбаи

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: