Болалар ортопедияси: ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?

Ҳар қандай хасталик профилактикасида тиббий кўрик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жумладан, болани ўз вақтида ортопед текширувига олиб бориб туриш керак. Йўқса, туғма ёки орттирилган нуқсонлар ўз вақтида аниқланмаслиги туфайли бўғимлар нотўғри шаклланиб, кейинчалик жиддий касаллик­лар юзага келиши хавфи юқори.

Масалан, чақалоқлар бешикка тўғри беланмаса, унинг суяклари нотўғри шакл­ланиши ва турли хасталиклар пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, чаноқ ва бўкса бўғимида дисплазия аниқланган болаларни бешикка ётқизиш оғир оқибатларга олиб келади.
Одатда, болани бешикка белашдан олдин унинг вужуди сиқиб йўргакланади, қўллари боғланади, оёқлари ҳам бир-бирига жуда яқин қилиб ўралади. Бироқ гўдак вужуди айни ўсиб-ривож­ланадиган даврда бу тарзда ўраб-чирмаш унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, болани йўргаклашда чақалоқ оёқлари ораси катта очилиб, қўллари бўш қўйилиши, гавдаси бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратилиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, кичкинтойларда нафақат сон суяги дисплазияси, балки бўйин қийшиқлиги каби нуқсонлар шаклланади.
Бундан ташқари, ота-оналарга фарзандини тез-тез очиқ ҳавода, қуёш нури остида сайр қилдиришни маслаҳат берамиз. Қолаверса, болаларга мўлжалланган махсус уқалаш муолажаларини ўз вақтида олиш уларнинг соғлом ўсиши, жумладан, рахит касаллигига чалинмаслигига хизмат қилади.
Бунга етарли даражада эътибор қаратилмаса, кўкрак қафаси деформация­си келиб чиқади. Болаларнинг ўтириши, туриши ва юриши ҳам эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Бу сколиоз касаллиги, яъни умуртқа поғонаси қийшиқлиги пайдо бўлишининг олдини олишда муҳим.
Туғма маймоқлик ҳам – болалар ўртасида кенг тарқалган ортопедик касаллик тури. Уни бартараф этиш учун, аввало, хасталикни ўз вақтида аниқлаш зарур. Бу муолажалар самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлайди.
Бел-умуртқа, тизза ва елка бўғими касалликларига эса камҳаракатлилик, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Шу боис бола парваришида соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш энг муҳим талабдир.

Туғма маймоқлик янги усулда, тез ва самарали даволанмоқда
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 100 минг нафардан ортиқ бола туғма маймоқлик билан дунёга келади. Бепарволик ёки нотўғри муолажа оқибатида бу ҳолат келгусида ногиронликка сабаб бўлиши янада ачинарлидир.
Аммо замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион даволаш усуллари бу туғма нуқсонни каминвазив йўл билан самарали муолажа қилиш имконини бермоқда.
Туғма маймоқлик энг кўп учрайдиган ортопедик нуқсон ҳисобланади. Бироқ яқин йилларгача уни даволашда қўлланилган анъанавий усуллар нафақат етарли натижа бермаган, балки кўп ҳолларда оғир асоратларга ҳам сабаб бўлган.
Энди эса хавотирга ўрин йўқ. Марказимизда бу касалликни илғор хорижий давлатларда қўлланилаётган Понсети усулида муолажа қилишни йўлга қўйганмиз.


Аввало, у юқори самара бериши ва каминвазивлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бемор учун катта қийинчилик туғдирмайди ва сарф-харажатлар нархи ҳам анча арзон.
Тузалиш муддати қисқа ва энг муҳими, асоратсиз. Шу билан бирга, беморни муолажадан сўнг реабилитация қилишга эҳтиёж йўқ.
Марказимиз шифокорлари бу амалиётни уч босқичда бажармоқда.
Дастлабки босқич гипслашни ўз ичига олади. Унда беморнинг тиззаси 90 градус букилган ҳолда бутун оёқ узунлиги бўйлаб гипс боғламлари қўйилади ва улар ҳар 5-7 кунда узлуксиз алмаштириб борилади.
Навбатдаги босқичда маймоқликка хос асосий нуқсон – Ахилл пайи калталиги бартараф этилади. Пайни узайтириш жараёни терини кесмасдан, наркозсиз ва чоксиз амалга оширилади.
Бу амалиётдан кейин бемор оёқларига яна 3 ҳафта давомида гипс боғлами қўйилади.
Сўнгги босқичда маймоқ оёққа махсус мослама – Брейслар тақилади. Бу касаллик қайталанишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур жараён давомий бўлиб, бемор дастлабки 3 ой ичида сутканинг 23 соатида мазкур мосламани тақиб юриши зарур. Кейинчалик ушбу миқдор босқичма-босқич камайтириб борилади.

Қувонарлиси, бу янгилик минглаб беморларнинг узоқ йиллик дарддан оғир операциялар ҳамда жароҳату асоратларсиз халос бўлиб, соғлом ҳаётга қайтишига имконият яратмоқда.

Мурод ИРИСМЕТОВ,

Яна ўқинг:  ЭПИЛЕПСИЯ ВА ТУТҚАНОҚ СИНДРОМИ

Республика ихтисослаштирилган

травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт

маркази директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: