Болаларда нега тез-тез бурун қонайди?

Кичик ёшли фарзандининг тез-тез бурни қонашидан ҳар қандай ота-­она ташвишга тушиши аниқ. Хўш, бу нима билан боғлиқ? Унинг келиб чиқиш сабаблари қандай? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига Болалар гематологияси, онкологияси ва ­к­линик иммунологияси маркази олий тоифали шифокори Назокат Орипова жавоб берди.

– Бурун қонаши қон кетиши билан кечувчи касалликлар орасида юқори ўринда туради, – дейди шифокор. – Айниқса, бу ҳолат катталарга нисбатан ёш болаларда 4-5 марта кўп учрайди. Сабаби уларнинг бурун шиллиқ қавати жуда нозик бўлиб, қон томирлари нисбатан юзада жойлашган. Шу боис арзимас таъсир туфайли ҳам уларда тез-тез бурун қонайди.
Бу ҳолатнинг бирламчи шакллари кутилмаганда ёки буруннинг енгил жароҳатидан кейин бошланади. Унга эса кўпинча бурун ичининг шикастланиши сабаб бўлиб, ҳаттоки, бола уни енгилгина кавлагани учун ҳам шиллиқ қават лат ейиши мумкин. Қолаверса, ушбу аъзо ичига ёт жисм кириб қолганда ҳам шу ҳолат кузатилади.
Бундан ташқари, грипп, аденовируслар, қизилча ва қизамиқ каби вирусли ҳамда бактериал хасталикларда болаларнинг бурун шиллиқ қавати заифлашиб, қон кетади.
Тумов ва бурун учун мўлжалланган препаратлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланилганда ҳам бу каби ҳолат қайд этилиши мумкин.
Шунингдек:
– гепатит;
– оғир анемия;
– бурун ва буйрак хасталиклари;
– офтоб уриши;
– қаттиқ таъсирланиш;
– оғиз бўшлиғидаги турли ўсмалар (полип, ангиома);
– анатомик ўзига хослик (бурун ўрта деворининг қийшиқлиги);
– иссиқ ва қуруқ ҳаво;
– юрак-қон томир касалликлари ва яна бир қанча омиллар сабаб бўлади.

Энг ёмони, бурун қонаши унинг ивиш хусусиятини ўзгартириб юборувчи гемофилия, гемобластоз, тромбоцитопатия каби хавфли хасталиклар аломати бўлиш ҳам мумкин.


Агар болада бу ҳолат ҳеч бир сабабсиз тез-тез кузатилаётган бўлса, уни педиатр, гематолог, ЛОР, онколог, иммунолог ёки эндокринолог кўригидан ўтказиб, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш лозим. Шифокор, аввало, беморнинг бурун бўшлиғини текшириб, унда ёт жисм, хавфли ва хавфсиз ўсма, полип бор-йўқлигини аниқлайди. Шунингдек, қон таҳлили орқали унинг ивиш хусусияти, тромбоцитлар миқдори текширилади.


Тавсия шуки, боланинг бурни қонаганда зинҳор бошни орқага ташлаш мумкин эмас. Унинг оқишини тўхтатиш учун бурун соҳасига муздек грелка ёки муз бўлагини матога ўраб қўйиш мақсадга мувофиқ. Пахтадан тиқинлар ясаб, бурун катакларига жойлаштириш ҳам яхши самара беради.

Яна ўқинг:  Мунтазам очлик 2-турдаги қандли диабетни даволайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: