Иқлим ўзгариши хавф ва таҳдидларидан хабардормисиз?

Пойтахтимизда БМТ тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ҳамкорлигида  Фарғона водийсида ўтказилган тадқиқот натижаларини муҳокама қилиш ва давлат идоралари ходимларининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф ва таҳдидлар тўғрисида хабардорлигини ўрганиш бўйича тадбир ташкил этилди.

Унда бугунги кунда дунё миқёсида глобал муаммо – экологиянинг ёмонлашуви, иқлим ўзгаришида турли хавф ва таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини улардан хабардор этиш масалалари кўриб чиқилди.

– Фарғона водийси Марказий Осиёдаги трансчегаравий ҳамда иқлим ўзгаришига мойил ҳудудлар орасида хавфи энг юқори бўлган зона ҳисобланади, – дейди ПРООН регионлар бўйича лойиҳа менежери Исомиддин Акрамов. – Мақсадимиз Фарғона водийсининг Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари билан чегарадош ҳудудларидаги барқарорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши ва гендер тенглигига чидамли ривожланишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Айтиш жоизки, минтақамизда ўртача глобал кўрсаткичдан тезроқ исиш кузатилмоқда. Ўртача йиллик ҳарорат сўнгги 30 йилликда 0,5 С га кўтарилди.  2058 йилга қадар ҳарорат 2,0 дан 5,7 С гача кўтарилиши таҳмин этилмоқда. Бу тоғлардаги қор қоплами ва Тянь-Шань тоғлари музликлари ҳажмининг қисқариши билан тасдиқланади. Бу, ўз навбатида, ҳаво ҳароратининг ошишига ҳисса қўшадиган углевод ва метан газлари захираларининг ажралиб чиқишига олиб келади.

Семенарда мутахассилар иқлим ўзгаришлари натижасида юзага келадиган хавф ва таҳдидлар бўйича ўтказилган сўровнома натижаларини  тақдим этишди. Ижтимоий  тадқиқот натижасида Фарғона водийсида фаолият олиб борувчи соҳа вакилларининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлар, табииий офатлар ва тегишли мослашув чоралари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича хабардорлик етарли эмаслиги таъкидланди. Иштирокчилар Фарғона водийсида иқлим ўзгаришига  мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликда янги ёндошувлар,  ғоялар, таклифлар ва ташаббуслар юзасидан  фикр ва тажриба алмашдилар.

Тадбир якунида қарор қабул қилувчилар ва ўрта бўғиндаги тармоқ мутахассисларининг иқлим ўзгариши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидлар  тўғрисида фуқароларда тушунча ва хабардорликни ошириш мақсадида лойиҳа доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Марям АҲМЕДОВА,

журналист

Яна ўқинг:  Спортчиларимиз ғолиблар сафида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: