Оёқларингиз увишадими?

Бу жиддий касаллик аломати бўлиши мумкин

Кўпчилик инсонлар узоқ муддат бир жойда туриб ёки ўтириб қолса, оёқлари увишиб, ўзини ноқулай ҳис қилади. Бу ҳолат таъсири баъзиларда ўрнидан қўзғалиши билан йўқолса, айрим кишиларда увишган оёқлар маълум вақтдан кейингина ўзига келади.
Хўш, бу муаммонинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати айни шу мавзуда малакали терапевт Ҳилола Абдуллаевага мурожаат қилди.

– Оёқлар увишиши асосан катта ва ўрта ёшли инсонларда кўп учрайди, – дейди шифокор. – Сабаби бу даврда қон томирлари деворида холестерин миқдорининг ортиши туфайли танада қон айланиши қийинлашади. Натижада оёқлар тез-тез увишиб, унинг сезгирлиги йўқолади ва енгил санчиш, эт жимирлаши кузатилади. Ҳатто баъзилар бу ҳолат таъсирида бироз вақт юра олмай қолиши мумкин.
Мазкур муаммо тананинг узоқ вақт ноқулай ҳолатда қолиши, ҳомиладорлик даври, камҳаракатлилик ёки бир жойда ўтириб ишлаш ва ҳаддан ташқари ноқулай ҳамда тор оёқ кийим кийиш каби бир неча зарарсиз сабаблар фонида ривожланиши мумкин. Бироқ аксарият ҳолларда оёқ увишиши танада қайсидир касаллик ривожланаётганидан дарак беради ва уларнинг рўйхати анчагина кенг.
Жумладан:
умуртқа поғонаси касалликлари (орқа мия нервларининг сиқилиши натижасида келиб чиққан остеохондроз, мушак тўқималарининг спазмларини келтириб чиқарадиган интервертебрал чурра);
танада қон айланишининг бузилиши;
атеросклероз;
юрак хасталиклари;
қандли диабет;
ревматоид артрит шулар жумласидан.

– Оёқлар увишган пайт танада яна қандай салбий ўзгаришлар кузатилади?


– Энг аввало, инсон иссиқ ёки совуқ ҳароратни сезмай қолади. Умуртқа поғонаси, кўкрак қафаси ва бошқа соҳаларда қаттиқ оғриқлар кузатилиши мумкин.

Шунингдек:
– ҳолсизлик;
– қадам босишнинг бузилиши;
– оёқларда оғирлик;
– кучли бош айланиши ва кучли бош оғриғи;
– бўйин оғриғи;
– қичишиш;
– тез-тез пешоб ажралиши;
– мушаклар спазми;
– тундаги оғриқлар оёқ увишиши билан бирга кечадиган салбий ўзгаришлар ҳисоб­ланади.


– Оёқ увишиши қандай ташхисланади?

– Бу ҳолатга тўғри ташхис қўйиш ва энг самарали даволаш усулларини танлаш учун, аввало, унга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш лозим. Бунинг учун бемор терапевт, невропатолог каби мутахассисларга мурожаат қилиши керак.
Шуни ёдда тутиш лозимки, касалликнинг асл сабаблари аниқланмагунига қадар муолажа жараёнларини бошлаш мумкин эмас.
Касалликка тўғри ташхис қўйиш учун эса шифокор беморга бир қанча инструментал текширувлардан ўтишни тавсия этади.
Хусусан, умумий қон таҳлили, қон томирлари доплерографияси, орқа мия рентгенограммаси, магнит-резонанс томография ва ультратовуш аппарати (УТТ) каби диагностика усуллари шулар жумласидан.

– Оёқ увишиши қандай даволанади?


– Инсон организми турлича бўлгани боис даволаниш жараёнлари ҳам ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда танланади. Шу ўринда оёқ увишишидан азият чекаётган кишиларга фақат шифокор маслаҳатлари асосида муолажа олишларини тавсия қиламан. Сабаби, кимдандир эшитиб ёки кўриб даволаниш кейинчалик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мазкур хасталик беморнинг ҳолатига қараб дори-дармон, жисмоний машқлар, физиотерапевтик муолажалар ва муқобил тиббиёт усуллари билан муолажа қилинади.

– Ушбу муаммонинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?


– Бу жуда оддий: биринчи навбатда чекиш, спиртли ичимликлар ичиш каби салбий одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш, оғир юк кўтармаслик, қулай пойабзал кийиш (баланд пошнали оёқ кийимлардан воз кечиш ёки уларни кийишни камайтириш), ҳар куни бир вақтда ухлаш лозим.
Шунингдек, фаол турмуш тарзига риоя қилиш, тана вазнини назоратда ушлаш, касалликларни эрта аниқлаш учун йилига бир неча марта тўлиқ клиник тиббий кўриклардан ўтиб туриш зарур.

Яна ўқинг:  ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК РИШТАЛАРИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: