Ортиқча семизлик муаммоси

Дунёнинг 70 фоиздан зиёд аҳолиси тўйиб овқат емасликдан азият чекаётган бир пайтда тараққий этган давлатлардаги одамлар семиришни глобал муаммолар сирасига киритмоқда. Агар муаммо тез орада ҳал этилмаса, ғарб ярим асрдан сўнг асосий ишчи кучидан айрилади.


Маълумотларга қараганда, АҚШ бюджетидан соғлиқни сақлаш мақсадида ажратиладиган маблағнинг 22 фоизга яқини аҳолини ортиқча вазндан қутқариш учун жалб этилар экан. Бу ўзига хос курашда фақат антибиотик препаратлар эмас, балки ташвиқот-тарғибот ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, жамоат жойлари, ёшлар марказлари ва ўқув масканларида меъёридан зиёд овқатланиш умрни қанчага қисқартиришини тасвирловчи плакатлар ОИТС, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши курашга чорловчи ёзувлар билан ёнма-ён илинган.

Муаммо деб атаётганимиз – ортиқча вазн масаласи биринчи марта 1980 йилларда океанорти давлатининг мамлакат миқёсидаги кенгашлари кун тартибига чиқарилган эди. 1984 йилдан сўнг АҚШ, Белгия, Голландия ва Буюк Британия ўз бюджетидан аҳолини ортиқча вазндан халос қилиш, юзага келган унумдор ишчи кучи масаласини ҳал этиш учун маблағ ажрата бошлади.


Лондондаги қироллик коллежи мутахассиси Локк Кинненс 1987 йилда махсус комиссия учун тайёрлаган маърузасида миллатдошларининг 30 ёшга етмасдан супероғир вазн касб этаётганига «Макдоналдс» ва «Кока-кола»ни бош сабабчи қилиб кўрсатган эди. Унинг фикрича, «фаст-фуд» (енгил тамадди) маҳсулотлари ҳаддан зиёд кимёвий ўғитлар билан бойитилиши, натижада истеъмолчиларда гамбургер ва Кока-колага ўрганиб қолиш одатининг пайдо бўлиши муаммонинг бош сабабларидан бири эди.

Маълумотларга қараганда, таркибида шакар мавжуд газланган ичимликлар қонга тез сингувчи фаол кислоталарга бой бўлиб, организмдаги озиқ безларининг кенгайиб кетишига сабаб бўлар экан. Яъни, ошқозонда ҳазм қилиш жараёни одатдагидан кўра тезроқ амалга ошади, ёхуд бошқача қилиб айтганда, истеъмолчида уч маҳал овқатга нисбатан қониқмаслик пайдо бўлади.

Одатда ривожланган мамлакатларда озуқани бойитиш масаласига алоҳида эътибор берилади. Масалан, Германия 1891 йилдаёқ нон ёпиладиган ун таркибига заҳм ва сил касалликларининг олдини олувчи минераллар қўшилишига эътибор қаратган. Ҳозиргача бу анъана давом этмоқда. Ҳатто айрим сиёсатчилар юқоридаги услубни аҳолини ёппасига даволашнинг энг арзон усули деб ҳам аташади. Бироқ, минераллар билан боғлиқ бирон бир муаммо чиқиб қолса, бу оммавий кулфатга айланиши ҳам мумкин. 1914 йилда Мисрда хизмат қилган ва икки ҳафтадан ортиқ ўз отряди билан Шарқий Саҳрои Кабирда қолиб кетган инглиз зобити Жонатан Хайкин ўз кундалигида уни энг азоблаган ҳодиса сифатида чўл машаққатлари эмас, балки суви қочмаган ноннинг чидаб бўлмас таъмини келтирган эди. Биринчи жаҳон уруши пайтида аскарларга тарқатилган Британия қироллик флоти нони (ўша пайтда турли қўшин учун турлича озуқа ажратилган) Мисрда гепатит тарқалишига сабаб бўлган эди.

Яна ўқинг:  ГИЁҲЛАР “ТИЛГА КИРГАНДА”

Ёки мол гўшти туфайли тарқалган оғир касалликнинг олдини олиш учун Ғарбий Европа АҚШдан келадиган гўшт маҳсулотларини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик-йирик корпорацияларда ҳукумат томонидан ташкил қилинган махсус комиссия фаолият юритиб, улар маҳсулотга қўшиладиган моддалар миқдорини аниқлаб беришади. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллигида ушбу комиссия ички ва ташқи бозор учун алоҳида-алоҳида маҳсулот тайёрланишини назорат қила бошлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мутахассисларнинг фикрича, Европа ва океанорти аллақачон табиий озуқалардан маҳрум бўлган. Қарийб ярим асрдан буён давом этаётган саломатлик учун минераллаштириш инсон организмини фақат «маданий» мамлакатдагина ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишга мажбур қилаётир. Буни бир томондан, фақат битта мамлакат фуқаросигагина хос бўлган қомат яратиш дастури ёки мижозни ўргатиш усули, деб ҳам аташ мумкин. Тиббий томондан олиб қаралганда семизлик гипертония, диабет, саратон, юрак ва сийдик пуфаги касалликларига олиб келади.

Маълумот ўрнида яна шуни қўшимча қилиб ўтиш жоиз. АҚШнинг Род-Айленд университети олимлари тадқиқотларидан маълум бўлишича, америкача ҳаёт тарзи инсониятни глобал семириш муаммосига дучор қилиши мумкин экан. Яъни нафақат «тараққий этган», балки тараққий этаётган мамлакатларнинг ҳам аҳолиси тўлишиб кетади. Далил ўрнида улар Бразилияни келтиради. Бу ерда дўмбоқ одамлар миқдори 1966 йилдан 2006 йилга қадар 32 фоизга (олдин 4 фоиз бўлган, энди 36 фоиз) ўсган. Австралия аҳолиси ҳам тинимсиз катта ҳажм томон илгариламоқда. Гарчи барчага тегишли бўлмаса-да, айрим юртдошларимизга ортиқча вазн масаласини ўз вақтида ҳал этишини таъкидлаган бўлардик. Акс ҳолда, халқаро муаммо кўринишини олаётган семизлик сиз учун қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.

Дилрабо МУРОТАЛИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: