Гўзаллик ва соғлик: БУ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА…

Соғлиғимизда муаммо пайдо бўлганлигига шубҳа қилсак, тезда шифокор ҳузурига ошиқамиз. Организмимизда содир бўлаётган нохушликларга қандай хасталиклар сабаб бўлаётганлигига қизиқамиз. Аммо ойна олдида туриб ҳам илк ташхисни қўйиш мумкин. Қандай дейсизми? Унда қуйидаги маълумотларга диққат қилинг.

Сочларга эрта оқ тушса…


Кўзгу олдига келинг. Сочларингизга диққат билан эътибор қаратинг. Ёшингиз эндигина 30дан ошган бўлса-да, сочларингизнинг ярмидан кўпи оқариб кетган. Билингки, бу нафақат стрессли ҳолатлар «туҳфаси», балки қандли диабет хасталигининг аломати ҳам бўлиши мумкин.
Сочларнинг эрта тўкилиши эса овқат ҳазм қилишдаги муаммолар, гормонал ўзгариш­лар, кальций етишмовчилиги ва гинекологик хасталиклар оқибатида юзага келади.
Соч оқаришини одатий деб баҳолаш касалликларнинг зўрайишига сабаб бўлиши мумкин.

Кўзлар не дарддан сўзлар?


Сўнгги пайтларда кўзгуга қараганингизда кўзларингиз оқининг сарғиш тус олаётганлигини сезяпсизми? Бу ҳолни шунчаки чарчашдан деб, аҳамиятсиз қолдирманг. Чунки айнан мана шу белги орқали организмингиз жигар ва ўт пуфагида муаммолар пайдо бўлганлигидан хабар бераётган бўлиши мумкин.
Совуқда кўзларнинг ҳаддан ортиқ ёшланиши организмда кальций моддасининг етишмаслигидан далолат беради. Шу билан бирга бу ҳолат талоқда айрим муаммоларнинг юзага келганлигидан ҳам хабар бўлиши мумкин. Шундай экан, муаммонинг асл сабабини зудлик билан аниқлаш лозим.

Тери рангги ўзгарса…


Негадир сўнгги вақтларда терингизнинг ранги хиралашиб, сарғиш тус олиб бораётганини сезяпсиз. Бироқ бу оддийгина витаминлар етишмаслиги оқибати деб, унга кўп ҳам эътибор қаратмаяпсиз. Бу эътиборсизлигингизни оқлаб бўлмайди. Чунки терининг сарғиш тус олиши ва хиралашиши жигар ва ўт йўллари касалликларидан нишонадир. Бироқ ҳаддан ташқари кўп хом сабзи еганда ҳам терининг рангги сарғайиши мумкин. Лекин бунда кўз ичининг оқи ўз ранггини ўзгартирмайди. Агар касаллик туфайли рангингиз ўзгарган бўлса, тери билан бир қаторда кўз оқида ҳам ўзгариши кузатилади.
Кўзгу қаршисида туриб, кўзларингиз оқи ва терингизнинг рангини таққосланг. Агар фақатгина тери ранги сарғайган бўлса, саломатлигингиз ҳақида жиддий бош қотиришингиз керак.

Қошлар тўкилса…


Сўнгги пайтларда қовоқларингизнинг остида майда-майда тукларнинг тўкилиб қолаётганлигини кўряпсиз. Қошларингиз тобора сийраклашиб, шакли ўзгариб бормоқда. Бу ҳолга эътиборсиз бўлманг. Чунки қошларнинг тўкила бошлаши қалқонсимон без хасталик­ларининг илк аломати ҳисобланади.

Юздаги доғлар

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОНДА КАРДИОЛОГИЯ СОҲАСИ ИСТИҚБОЛЛАРИ


Юз терисидаги доғлар ошқозон ичак, жигар, сил касалликларининг аломати бўлиши мумкин. Айнан шу хасталикларда юзларда доғлар кескин кўпайиши кузатилади.

Лаблар рангги ўзгарса…


Лабларнинг кўкимтир тусга кириши ревматизм, бинафшаранг тус олиши эса сурункали темир танқислиги (камқонлик) хасталикларининг аломати ҳисобланади. Лабларнинг икки ёни ёрилиб, бичилса, демак организмда В витамини ёки руҳ моддаси етарли эмас. Шундай экан, кўзгуга қараб, лабларга бўёқ суртишдан аввал уларнинг ранги ўзгармаганига ҳам аҳамият бериш ёдингиздан кўтарилмасин.

Кафтлар қизғиш тус олса…

Баъзан қўл кафтларининг қизғиш тус олганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Буни оддий ҳол деб баҳоламанг. Айнан шу белги жигар хасталигининг даракчиси бўлиши мумкин. Шундай экан, саломатлигингизга беэътибор бўлманг.

Оёқлар музласа…


Айрим ҳолларда оёқлар иссиқ уйда ҳам музлаб туради. Бу томирлар билан боғлиқ касалликларнинг илк аломати эканлигини кўпчилик билмайди. Бу эса кичик муаммонинг катталашишига сабаб бўлиши мумкин.

Номсиз бармоқ


Агар кўрсаткич бармоғингиз номсиз бармоғингиздан калта бўлса, сиз тизза бўғимлари яллиғланиши хасталигига мойил кишилардан ҳисобланасиз. Шундай экан, ўзингизни бундай касалликлар исканжасидан доим ҳимоя­лаб юрмоғингиз лозим.

Ажинлар


Ёшингиз 30 дан эндигина ўтди. Тўғри, бу давр­да юзингизда майда чизиқлар пайдо бўлиши, табиий. Бироқ қулоқ солинчакларингизда ҳам ажинлар пайдо бўлса, организмингизда юрак-қон томир хасталикларининг ривожланаётганидан дарак бераётган бўлиши мумкин.
Агар юқоридаги белгиларнинг биронтасини сезсангиз, тезда шифокорга мурожаат қилинг. Зеро касалликни даволагандан кўра, унинг бошланишини тўхтатиш осонроқ.

Санталат МАҲМУДОВА,

шифокор-терапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: