Тетиклантирувчи машқлар самараси
Ёш гўдакларни уқалаш ва гимнастика машқлари орқали чиниқтириш
Уқалаш ва гимнастика машқлари боланинг жисмонан ва руҳан тўғри ривожланиб боришини таъминловчи омиллардан биридир.
Бир ёшгача бўлган болалар учун бу машқлар мушак ва суякларининг мустаҳкам ривожланишига ёрдам беради. Айниқса, бу даврда болалар орасида кўп учрайдиган тос-чаноқ бўғими дисплазияси, сон суягининг туғма чиқиши, ясси оёқлик, рахит асоратларида (“о”, “х” симон оёқ қийшайишида) ўз вақтида олинган уқалаш муолажалари боланинг суяклари тўғри ривожланишига кўмаклашади. Уйқудан олдинги уқалаш болани яхши ухлашига ёрдам беради.
Уқалаш муолажалари ва гимнастика-шифокор билан келишилган ҳолда боланинг саломатлиги ва касаллик ҳолатига кўра олиб борилади. Боланинг 1,5-2 ойлигидан бошлаб уқалаш муолажаларни бошлаш мумкин. Муолажадан аввал хонани яхши шамоллатиш зарур. Хона ҳарорати ўртача 20CO даража бўлиши керак. Ёз кунлари эса барча муолажаларни очиқ ҳавода, салқин жойда (ҳаво ҳарорати 20-22CO даражадан паст бўлмаслиги керак) ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Уқалаш столи устига бир қават кўрпа, клеёнка ва пахта толали мато солиш керак. Машғулотларни муайян бир вақтда,гўдакни эмизишдан олдин ёки овқатланишдан 30 дақиқа кейин ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир машқ ёки уқалаш усули 2-6 мартагача такрорланади. Машғулотларнинг умумий вақти 10-12 дақиқадан иборат бўлиши лозим. Бунда машғулотлар икки маҳал ўтказиб турилиши мумкин.
Енгил силаш эмадиган бола учун уй шароитида қилинадиган асосий уқалаш усулларидир. Бу усуллар енгилгина, нозик ва текис ҳаракатлар билан перифериядан марказга томон (яъни, қўл панжасидан елкага, оёқ панжасидан чов бурмасига қараб) бажарилиши керак. Қўл ва оёқ уқаланганда улар ярим ёзилган ҳолатда бўлиши лозим.
Гўдак билан жисмоний машқлар ўтказишда ҳаракатларни тўғри бажариш керак. Чақалоқ 3-4 ойлик бўлгунча боланинг қўл ва оёқларини фаол равишда букиш ва ёзиш ярамайди. Чунки, ҳали улар кўпроқ физиологик букилган ҳолатда туради. Гимнастика машқларида эса миттивойнинг мушак ва бойламларини чўзиб қўйиш мумкин. Бола 1,5-3 ойлик бўлганида шартсиз рефлексларга асосланган машқлар бажарилади. Гўдакнинг умуртқа поғонаси бўйлаб бармоқларни юритиш уни қўл-оёқларини ёзишга ундайди. Гўдак қорни билан ётқизиб қўйилса, бошини кўтаришга интилади. Оёқ панжаларига қўл тегизилса, оёқлари билан итариб ташлашга ҳаракат қилади. Болада жонланиш комплексини пайдо қилиш, яъни уни силаганда ёки унга қараб бирор гап айтилганида оёқ ва қўллари билан фаол ҳаракатлар қиладиган бўлишига эришиш фойдалидир.
Бола 3-6 ойлик бўлганида қўл ва оёқларини нофаол ҳаракатлантиришга киришилади. Гўдакнинг қўл-оёқларини чалиштириш, орқани ёзувчи мушакларни чўзиш ва шу кабилар. Шу даврнинг охирига бориб эмаклаш, қўлларни ҳаракатлантиришга ёрдам берадиган машқлар олиб борилади. Мазкур машқлар очиқ рангли ўйинчоқлар билан ўтказилгани маъқул. Болани кунига бир неча марта қорни билан ётқизиб қўйилса ҳам бўлади. Қорни билан ётқизилганида бола ичакларидаги ортиқча газлар чиқиб кетишига ёрдам беради. Шунингдек, бола қорни билан ётганида эмаклашга эрта ҳаракат қилади.
Чақалоқ 6-10 ойлик бўлганида боланинг эмаклашига аҳамият бериш керак. Эмаклаш гўдак танаси ва қўл-оёқларидаги кўпгина мушакларнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Машқлар ўтказиш пайтида гўдак билан иложи борича кўпроқ мулоқотда бўлиш керак.Чунки, унинг нутқи ривожлана боради. Чалқанча ётган болани ағдариб, қорни билан ётқизиш, қўллари билан доиравий ҳаракатлар қилдириш, эгилтириш, ўтқазиш ва бошқалар ҳам машқлар комплексига қўшилади. Машғулотлар учун ҳар хил шаклли, рангли очиқ ўйинчоқлардан фойдаланиш мумкин.
Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади