«Ботулизм» қандай касаллик?
Меҳнатсевар халқимиз оилани йил давомида сархил маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида уй шароитида мева ва сабзавотлардан турли консерва маҳсулотларини тайёрлайди. Тайёрлаш технологиясига риоя этмаган ҳолда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида эса баъзан кутилмаган нохуш ҳолатлар юз беради. Оқибатда келиб чиқадиган ботулизм касаллиги эса кўпчилликка аён.
Ботулизм – овқатдан заҳарланиш натижасида пайдо бўладиган оғир хасталик бўлиб, асосан марказий асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечади, асаб-мушак парези ва фалажига олиб келади. Баъзи ҳолларда даволаниш кечиктирилса, инсоннинг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ботулизм таёқчасининг қаерда бўлиши ҳалигача номаълум, бироқ у жуда заҳарли токсин ажратади. Унинг споралари озиқ-овқат маҳсулотлари қайнатилганда, узоқ муддатгача музлатилганда ҳам ривожланиб, токсин ҳосил қилиши мумкин. Уларга 1800-1900 С даражали совуқ ҳам ўз таъсирини кўрсата олмайди.
Ботулизм таёқчалари ташқи муҳитда, хусусан, сув, тупрок, мева ва сабзавотларда кўп тарқалади. Консерва тайёрлаш технологиясига риоя қилмаслик оқибатида, гўшт ва балиқ дудланганда, колбаса ишлаб чиқарилганда, ҳатто ҳаво кирмайдиган шароитларда ривожланиб, ўзидан кучли захар ажратади. Мева ва сабзавот консервалари қишки мавсум учун тайёрланаётганда, эскирган маҳсулотлар ишлатилган ҳолларда, маринадга 10 фоиздан кам ош тузи қўшилганда ва уларни ҳаво алмашмайдиган, иссиқ жойларда сақланган ҳолатларда ботулизм таёқчалари ривожланиб, ўзидан захарли токсин чиқара бошлайди. Бунда шиша идишларнинг қопқоғи кўтарилиб, маринад суви лойқаланади. Мева ва сабзавотлар эса юмшаб қолади. Айрим ҳолларда қопқоғи очилганда, маҳсулотларга хос бўлмаган саримсоқ ёки куйдирилган ёғнинг ҳиди келади.
Одатда касаллик тўсатдан бошланади. Беморнинг кўнгли айнайди, қусади хамда ошқозонда оғирлик сезади, оғиз қурийди, ҳолсизланади. Кўпинча кўзнинг хиралашиб қолаётганидан, кўз олдида туман ёки «тўр» пайдо бўлиб, нарсалар қўшалоқ бўлиб кўринади. Касалликнинг оғир кечувчи шаклларида беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб, махсус зардоблар юборилмаса, юрак фаолияти ва нафас олиш жараёнининг кескин бузилиши оқибатида бемор ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Ботулизм таёқчасидан ажралган захарнинг марказий асаб тизимига бевосита таъсири ўта хавфлидир.
Уй шароитида тайёрланган консерваларни истеъмол қилингандан кейин юқорида каби касаллик белгилари пайдо бўлса, зудлик билан шифокорга мурожат этишни тавсия этамиз.
Мутахассис сифатида, касалликнинг олдини олиш мақсадида фуқароларимизга қуйидагиларни:
– уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрлашга технологик жараёнлар етарли бўлмагани боис уларни тайёрламасликни;
– мевалардан тайёрланган мураббо, сабзавотлардан тайёрланган тузламаларни қопқоқли, сирли идишлар ҳамда оғзи зич беркитиладиган, озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган идишларда сақлашни;
– бозор, савдо расталаридан сифати ва хавфсизлигини кафолотловчи ҳужжатларсиз, тайёрлаш жараёни номаълум бўлган ҳамда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини сотиб олиб, истеъмол қилмасликни;
– савдо дўконларидан маҳсулотларни харид қилаётган вақтда, уларнинг ҳолатига, идишларнинг бутлигига, ёрлиқларига эътибор беришни ҳамда ёрлиқларда тайёрловчи корхонанинг номи, манзили, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати кўрсатилган холлардагина сотиб олишни тавсия қиламиз.
Зеро, инсон саломатлиги бебаҳо неъмат. Шундай экан, ҳар биримизнинг саломатлигимиз ўз қўлимизда.
Зафар КАРАБАЕВ,
Тошкент вилояти СЭО ва ЖСБ ОГБ мудири