Кексаларнинг овқатланиш рациони қандай бўлиши керак?

Ёши ўтган сари инсоннинг таомга нисбатан талаблари кучайиб, инжиқ бўлиб бораётгандек туюлади. Аслида эса, бу уларнинг қайсарлиги сабаб эмас, балки организмидаги физиологик ўзгаришлар туфайли содир бўлади.

Жондан азиз бўлган қарияларимизнинг талабларига мос тарзда улар учун дастурхон тузашимиз учун зарур тавсиялар олиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош нутрициологи, Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедра профессори Гули Шайховага мурожаат қилди.

– Кексалар учун таомнома тузишда қатор омилларни ҳисобга олиш зарур, – дей­ди ­Г.Шайхова. – Жумладан, қарилик даврида таомни чайнаш аъзоларида ўзгаришлар кузатилиши сабабли маҳсулот танлаш ва уларни қайта ишлаш усулларига талаб кучаяди. Осон ҳазм бўладиган ва енгил ўзлаштириладиган маҳсулот ва таомлар афзал кўрилади. Ҳазм қилиш ферментлари таъсирида чопилган гўшт ва балиқ, творог нисбатан тез ўзлаштирилади. Ичаклар фаолиятини меъёрида сақлаш ва енгиллаштириш учун суюқликлар монанд истеъмол қилиниши керак.
Кекса одамларга зираворларни ҳам меъёридан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Тайёр таомларга таъм бериш мақсадида хушбўй кўкатлардан фойдаланиш маъқул. Таомлар ўта иссиқ ёки совуқ бўлмаслиги керак.
Қариётган организм керагидан ортиқ ­таом истеъмол қилишга таъсирчан бўлиб, бу нафақат семиришга, балки ёшларга нисбатан тезроқ атеросклероз, гипертония, юракни ишемик касалликлари, қандли диабет, ўт ва сийдик қопи тоши, подагра ҳамда бошқа хасталикларга олиб келиб, оқибатда организм янада тез қарий бошлайди.
Сабзавотлардан қанд лавлаги, сабзи (қирилган ҳолда), ошқовоқ, гул карам, помидор, пюре ҳолидаги картошка истеъмол қилиш афзал. Хўл мевалар, жумладан, уларнинг ширин навлари, цитруслилар, олма ва бошқа мевалар тавсия этилади. Рационда карам бироз чекланган бўлиши керак, чунки у бижғиш жараёнларини кучайтиради.

– Қандай маҳсулотларни камроқ еган ва аксинча, нимани кўпроқ истеъмол қилган маъқул?


– Қариликда оқсилларнинг ўз-ўзини янгилаш жараёнининг пасайиши, биринчи нав­батда, гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёж қисқаришини тақозо этади. Оқсилга бой маҳсулотларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қариётган организмга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун кексалар оқсил меъёрини 1 кг. тана вазнига 1 гр.гача камайтиришлари лозим.
Бундан ташқари, ҳайвон ва паррандалар гўштини бирмунча чеклаш зарур. Гўштли таомларни сувда пишириш мақсадга мувофиқ. Кексалар рационидаги оқсилнинг 30 фоизи сут маҳсулотлари ҳисобига бўлиши керак. Бунда, биринчи навбатда, кунда 100 гр. атрофида ёғсизлантирилган творог истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Ҳар куни 300 мл. сут ичиш организмга зарур даражада кальций тушишини таъминлайди ва суяк синишларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Айниқса, нордон сутли маҳсулотлар – кефир, қатиқ жуда фойдали. Кунда 200 гр. кефир ёки бошқа сут маҳсулотларини кечқурин ёки ётишдан олдин қабул қилиш тавсия этилади.

Кексалар тухум сариғини ейишни чеклаши керак, унинг оқ қисмини эса хоҳлаган миқдорда истеъмол қилиши мумкин. Рациондаги оқсилларнинг ярмини ўсимлик оқсиллари, яъни ёрмалар ва дуккаклилар ташкил этиши керак. Ёрмалардан энг фойдалиси гречка ва сули маҳсулотларидир. Улардан тайёрланган бўтқаларга сут қўшилса, таркибидаги аминокислоталар меъёрлашади. Ўсимлик оқсилининг асосий манбаларидан бири нон ҳисобланади. Айниқса, жавдар унидан тайёрланган нон аминокислоталар таркиби бўйича тўла қимматга эга ва В витамини, минерал моддалар ҳамда толаларга жуда бой.
Бир кунда овқат қабул қилиш 4-5 мартадан ошмаслиги ва у маълум бир вақтда истеъмол қилиниши шарт. Уйқудан олдин овқат тановвул қилиш мумкин эмас. Нонушта ва кечки овқат оралиғидаги вақт 10 соатдан ошмаслиги керак.

Яна ўқинг:  Ёғли маҳсулотлар тарқоқ склероз касаллигини кучайтиради

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: