Ўзи нима гап?

(Ҳажвия)

– Ҳа, Сотимбой, томга нарвон тираб, нимага тараддудландинг, – деди Неъмат букри кўчадан ўтаётиб, ҳол-аҳвол сўраган кишидай.

– Шунчаки, қор курамоқчиман, бу савил ўлгурам, фақат менинг уйимга ёққандая! Тиззамни кўмаман, дейди, – нолиш қилди Сотимбой домла.

– Жа, унчаликмасдир, бўйинг калта-да, бизнинг тўпиққаям чиққани йўқ-ку. Агар тиззамизни кўмгудай ёғса, сени баҳоргача кўрмасканмизда-а!

– Кул, кулавер, ўзинг бир букри бўлсангу, димоғ қиганингга ўлайми, бор, йўлингдан қолма, – қўли билан имо қилди домла ва ошхона томонга бақирди, – Хотин, қоркуракни олиб келасанми, йўқми?! Шу лаллайишинг бўлса, қор ҳам эриб битади.

– На мунча бақирасиз-а, намунча бақирасиз? – дея айвон остонасида овоз берди Сотимбойнинг шодароз хотини.

Неъмат букри девордан бўйнини чўзганча, бамайлихотир сўз қотди.

– Дўғинг баландку, а?! Сенга ҳам қийин, кучинг хотинингга ҳам етмайди.

– Шошма, шошма, яна бир қайтар, – Кўзларини соққадай қилиб ўқрайди Сотимбой домла, – эллик йиллик ошнам бўла туриб сен шу гапни айтсанг, кимга дод дей, а, кимга дод дей?!

– Сен дод дейишга одам қидириб ўтирувир. Дўланасойда Шермат полвон акангни роса дўппослабди. Бечора “Менинг орқамда турадиганим йўқ-да, на укадан, на акадан ёлчидим. Бўлмаса, шу ёшимда бировдан калтак еб ўтирармидим”, деб роса койинди. Шу полвонниям айтаманда, олтмишга яқинлашиб қолди, биров билан муштлашиб нима қилади?! Яна тракторчиларнинг энг камтари, нафси ҳакалак отмагани сенинг аканг бўлса.

– Акамни-я… Ўша Шермат-а… Нега ураркан? Кўзига кўрсатаман у муштумзўрни.

– Дўланасойдан ўтин олиб келишимиз керак эди. Болалар ғўрлик қилиб, Шермат полвон билан ваъдалашган экан. Мен эса аканг билан келишиб қўйгандим. Бир пайт ўтинни ортиб турсак, полвон оловланиб келди-ю, акангни роса дўппослади.

– Эркак бўлмай ўл, сен қараб туравердингми, оч биқинини ошириб туширмайсанми, ўша қирғийкўзни.

– Биласанку, Шермат полвоннинг қадамидан ўт чатнайди. Кўзига тик қаролмайсан, нигоҳлари бўриникидай совуқ.

– Қўрқоққа қўш кўринармиш, деб шуни айтадилар-да, – деди Сотимбой домла, – у полвончанг менинг қўлимга тушмаган-да. Шерматинг қаерда ҳозир?

– Дўланасойда бўлса керак, балки қайтаётгандир. Йўлда ҳам учратишинг мумкин.

Домла шаҳд билан кўчага йўналди. Сотимбой домла яхши одам-у, сал гапга ловиллаб кетади. Бироз жиззакилиги бор. Обдон тагини суриштирмай, “қовун тушириб” ўтиради. Кейин ўзи ҳам пушаймон бўлади.

Дарвозанинг даранглаганини эшитиб, ташқарилаган хотини орқасидан бақирди:

– Ҳой, дадаси, қаерга кетяпсиз, калишдан нам ўтадия, – этингизни кийиб олинг.

Ўзи, депсина-депсина кетаётган домла орқага қарамоқчи бўлиб, лойда тойиб кетди. Бўй-бош ағанади. Кийимлари шалаббо бўлди.

– Нима дейсан? Овозингдан ер ҳам талмовсираб қолади, – нолишли овозда гапирди домла ўтирган кўйи лойли кафтларини бир-бирига ишқаб ўрнидан турди ва қадамининг зўридан тойиб-тайриниб ортига қайтди.

– Бошқа кийим олиб чиқ, тез бўл, – дарвозадан кириши билан зарда қилди домла.

– Ёш боладай югургилаб қаерга кетяпсиз, ўзи? – сўради хотини.

– Жангга кетяпман, жангга. Шермат полвон акамни урганмиш.

Бировни уриш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман унга.

– Вой, Шермат полвон. Қўйинг, борманг дадаси. Сизни ўлдириб қўяди у.

– Э, ёпишма менга, – хотинининг қўлларини силтаб ташлади домла ва ўша ҳолатда Дўланасойга йўл олди.

Йўлма-йўл ўзига-ўзи гапириб, Шермат полвонни “тузлаб” борди. “Нафси ҳакалак отган у қурумсоқнинг. Ёшлигидан шундай эди. Каттани катта, кичикни кичик демай, савалагани савалаган эди. Ота-онасини куйдириб ўлдирди. Унинг хурмача қилиғларини кўтаролмай кун кўрмай ўлиб кетди бечоралар. Ҳа, Шермат, энди ҳаммаси учун товон тўлайсан. Шу пайтгача бизнинг уруғ бировдан калтак еган эмас. Ака-укаси пакана. Нўхотга ўхшайди, деганда. Туғилганингга пушаймон бўласан, Шермат”, домла минғир-минғирлаб Дўланасойга ҳам етиб келди. Беш юз метрча нарида, қияликнинг бошланишида полвоннинг трактори турибди. Тиркама аравасига туянинг ўркачидай қилиб ўтин ортилган. “Қўлимга тушдингку, Шермат”, деди домла аламли кулгу билан кафтини ишқаб ва қор тўлган калишини қоқмоқчи бўлиб сирпаниб кетди. Шу кетишда юз метрча қуйига “Қанотсиз” учиб борди. Чопони йиртилиб кетганига ҳам аҳамият бермаган домла тезгина манзилга етиб олди.

Шермат полвоннинг юзларига тракторнинг қораси суйкалиб кетган. У тракторнинг тагига кириб, уни созлаш билан овора эди. Буни кўриб Сотимбой домла кўнглидан ўтказди: “Худо жазолабди-да, баттар бўл”.

– Шермат, – деди у полвоннинг тракторнинг тагидан чиқиб турган оёғига бир тепиб. – Чиқ бу ёққа. Эркакмисан, ўзи. Мени кўриб тракторнинг тагига беркиниб олдингми, қуёнюрак.

Нима гаплигидан бехабар Шермат полвон секин тракторнинг остидан чиқди ва ҳайрон оҳангда сўз қотди:

– Тинчликми Сотимбой домла, рангингиз бошқача.

Сотимбой домла ўйлаб ўтирмай, Шермат полвоннинг юзига ўхшатиб мушт туширди. Воқеа бундай тус олишини кутмаган полвон Сотимбойнинг иягидан кўтариб кабинага отиб юборди ва шарт тиззалари остига олди.

– Ўлдираман сени Сотим, – пиёладай кўзларини қинидан чиқариб бақирди полвон.

Вазият ўзи кутганидек давом этмаганидан довдираб қолган домла хириллаган овозда – Ўзи, нима гап, ўзи, нима гап? – деб такрорлашдан нарига ўтмади…

Бу гап қишлоққа овоза бўлди. Ҳамма бир-бирини кўрса, “ўзи нима гап” деб кулишар, “эҳ, домла-я”, деб бош силкиб қўйишарди.

Эртаси кун дарвозада Неъмат букри овоз берди.

– Ҳа, келин Сотимбой уйдами, – мамнун кайфиятда сўради букри.

– Уйдалар, ётибдилар, – деганча домланинг хотини йиғлаб юборди, кўз ёшларини рўмолининг учи билан артиб, уйга таклиф этди.

– Э, ошна, ўзи нима гап? Оёғингни шифтга осиб ётибсан. Шермат полвонни уриш учун жиддий шуғулланяпсан, шекилли.

Юзини тескари бурди домла.

– Эй… Гапингга кирмай, ўлай. Нега ишондим-а?! Шермат полвон оғир-вазмин киши эканини билардим-ку, шу ёшига кириб “қўй оғзидан чўп олмаган”, ҳалол, камсуқум одам. Сен бўлсанг… Э, бор-е, – деганча сандалнинг устида турган чойнакни букрига қарата отди. “Қарс” этган овоздан ичкарида бир уюм чинни синиғи қолди. Деразани бармоқлари билан чертганча, сўз қотди Неъмат букри:

– Одам ҳаддини билиши керак домла, мени букри-букри, дердинг. Ўзинг юролмай ҳам қолибсан-ку.

Сотимбой домланинг кўзидан ёш сирғалиб тушган сари ташқарида кулги овози тобора баландлаб борар эди.

Баҳодир БАҲРОМ

Яна ўқинг:  Katta oilaning katta umidi

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: