Кариесдан сақланиш мумкинми?

Стоматолог шифокор Абдуазим ЮЛДАШЕВ билан болалар ўртасида учрайдиган турли тиш касалликлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Кўпчилик оналарни боланинг неча ойликда тиши ёриб чиқиши керак, деган савол қизиқтиради.


– Одатда, сут тишлари гўдакнинг беш-олти ойлик маҳалидан бошлаб ёриб чиқади. Сут тишлар бола 11-12 ёшга етганида доимийсига алмашади. Гўдак­лар учун мўлжалланган сутли бўтқалар, турли хил аралашмалар сут тишлари чиқишини секинлаштириши мумкин. Яъни, сут тиши олти ойдан ўтиб, ёриб чиқа бошлайди ва бу касаллик эмас.

– Кариес нима сабабдан юзага келади? Қандай аломатлар унинг бош­ланганига ишора қилиши мумкин?


– Овқат қолдиқлари чайнов юзаси ёки тиш бўйин қисмларида йиғилиб қолиб, тишлар ювилганида улар тишнинг табиий чуқурчаларида қолиб кетади. Маълум вақт ўтиб эса тиш эмалини чиритади, бу кариеснинг бош­ланишидир. Фарзандини стоматолог кўригига олиб келган ота-оналар қандай қилиб кариесдан ҳимояланиш кераклиги ҳақида сўрашади. Менинг жавобим шундай: ота-она боланинг тиш ювишини ўз назоратига олиши лозим. Тиш чўткаси ҳар бир тиш орасига кириб бориши ва овқат қолдиқларининг ташқарига чиқишини таъминлаши керак. Одатда, бунинг акси бўлади: бола юқори ва пастки тиш юзасини тозалайди холос. Тишлар ораси қолиб кетади.

– Тиш юзасига кумуш билан ишлов бериш кариесдан ҳимоя қила оладими?


– Сут тишларида эрта бошланган кариесни даволашда кумушлаш амалиёти кенг қўлланилади. Маълум фоиздаги кумуш эритмаси тиш юзасига суртилади ва бу кариеснинг тўхташига хизмат қилади. Аммо кумушлашдан сўнг тиш эмали бироз қорайиб қолиши мумкин. Кариес аниқланганидан сўнг бола ҳар олти ойда бир марта стоматолог кўригидан ўтиб туриши керак. Агар тиш кариеси катталашиб борса, қўшимча равишда кумуш нитрати суртилади.

– Юқорида тишларни тозалаш ҳақида гапирдингиз. Сиз болалар учун қандай тиш пасталари ва чўткасини тавсия этасиз?


– Болалар учун мўлжалланган тиш пасталари катталар фойдаланиши учун ишлаб чиқарилганидан тубдан фарқ қилади. Болалар тиш чўткалари юмшоқ ва калта ўлчамли бўлиб, қўлланилганида тиш юзасида ва оралиғидаги карашларни тўлиқ олиб чиқиб кета олиши керак. Одатда, болалар тиш пастасига мева таъми қўшилади ва бу бежиз эмас. Тишларни тозалаш маҳали бола оғизда аччиқликни сезмаса, тиш тозалашдан қочмайди. Аксинча, катталар тиш пастасидан фойдалангудек бўлса, тишларни тозалаш унга ёқмаслиги мумкин.

– Боғча ёшидаги болалар орасида энг кўп кузатиладиган ҳолат – бу тиш қуртлаши. Унинг олдини олиш мумкинми?


– Албатта. Тиш қуртлаши юз бермаслиги учун бола ҳар олти ойда бир марта стоматолог кўригида бўлиши керак. Профилактик кўрик нафақат тиш қуртлаши, балки бошқа тиш касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида муолажа қилиш имконини беради. Агар бола тишларида кариес бошланган бўлса, кумушланади, тиш ҳолатига қараб пломба қўйилиши мумкин.

– Бир марталик пломба неча йил хизмат қилиши мумкин?


– Бола сут тишларига қўйиладиган пломбаларнинг бир нечта тури бор. Тиш нерви олинганидан сўнг қўйиладиган пломба тиш илдиз каналининг доимий тишга алмашгунига қадар хизмат қилади. Тиш тож қисмига қўйиладиган пломба овқатланиш пайтида халақит бермайди ва доимий тиш­лар алмашгунига қадар етиб беради. Агар пломба яхши турган бўлса, уни алмаштириш шарт эмас.

– Баъзан тиш пломбасининг тушиб қолиши ҳақида эшитамиз. Бу нима сабабдан юз беради?


– Одатда, тиш илдизи даволанганидан сўнг вақтинчалик пломба қўйилади ва у кўпи билан бир ой давомида ўз вазифасини бажара олади холос. Кейин эса доимий пломбага алмаштирилиши керак. Аммо кўплаб ота-оналар вақтинчалик пломба билан кифояланишади-да, кейинги кўрик амалга оширилмайди. Натижада вақтинчалик пломба муддати ўтиб, яроқсиз ҳолга келади.

– Дейлик, бола боғча, мактаб ёки дам олишда бўлганида кутилмаганда тиши оғриб қолса, унга қандай ёрдам бериш мумкин? Биласиз, бундай вазиятда кўпчилик ота-оналар оғриқсизлантирувчи дориларга мурожаат қилишади. Бу қанчалик тўғри?


– Агар оғриқ жуда кучли бўлиб, бола безовталанса, оғриқ қолдирувчи воситалардан фойдаланиш мумкин. Сўнг, албатта, шифокор кўриги талаб этилади. Чунки тиш ўз-ўзидан оғриқ бермайди. Фақатгина бирор бир ўзгариш юз берсагина безовталик келиб чиқади. Кўпинча, оғриқ тўхтагач, тиш муаммоси унутилади. Болаларда тиш канали кенг жойлашгани боис йирингли жараён тез авж олади. Бу ҳолатда яллиғланиш суякларга ўтиши мумкин.

– Маълумотларга кўра, айрим тиш касалликлари насл сураркан. Шу ростми?


– Тиш ёриб чиқишида юзага келувчи аномалиялар ирсий ҳисобланиб, маълум фоизни ташкил қилади. Бунда кичик ҳажмли ёки меъёрдан ортиқча тишлар жағ қисмида жойлашиши мумкин. Тиш шакл жиҳатдан аномалия ҳолатида бўлса, пломба хомашёлари ёрдамида ёнидаги тиш ранги ва ўлчамига мослаб, тиклаш мумкин.

– Нима сабабдан тиш юзаси қора­йиб қолади? Уни кетказиш мумкинми?


– Тиш карашлари ҳисобига тиш олди юзаси ва милк атрофида қорайиш пайдо бўлади. Аммо бу ҳолат кариес билан боғлиқ эмас. Келиб чиқиш сабаби эса тишларни нотўғри парвариш қилишдир. Тиш карашлари махсус тиббий асбоб-анжомлар ёрдамида тозаланади.

– Ёш оналардан бири фарзандининг тил­ости юганчасини кес­тириш ҳақида сўраб, бу амалиёт нима мақсадда ўтказилишига қизиқди. Айтишича, юганча кесиб қўйилса, боланинг нутқидаги муаммолар ҳал бўлармиш.


– Тилости юганчаси меъёрдан калта бўлса, бемор талаффузига таъсир кўрсатиши мумкин. Бола 2,5 – 3 ёшга етганида ҳам маълум товушларни талаффуз қилишга қийналса, пластик жарроҳлик ёрдамида тилости юганчаси узайтирилади. Агар болада барча товуш талаффузи муаммо бўлса ва нутқ бузилиши кузатилса, невропатолог кўриги тавсия этилади.

– Болажонларнинг тишлари соғлом бўлиши учун тавсияларингиз?


– Авваламбор, оғиз бўшлиғи гигиена қоидаларига риоя этилиши муҳим. Бола тишларини бир кунда икки маҳал тозалашга одатланиши керак. Таомлангандан сўнг овқат қолдиқлари тиш орасида қолиб кетмаслиги учун махсус эритмалар ёрдамида оғизни чайқаш тавсия этилади. Мен ота-оналарга ана шу ҳолатга эътиборли бўлишларини маслаҳат бераман. Бола ҳар сафар овқатланганидан кейин оғизни чайишга одатланса, тишлари касалланмайди.

Яна ўқинг:  Патронаж хизматида янги тизим

1-Республика Абу Али Ибн Сино номли жамоат саломатлиги

техникуми ўқитувчилари

Марҳабо АББОСХЎЖАЕВА, Наргиза ЮЛДАШЕВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: